Арманистонда полиция ва миллий хавфсизлик хизматига янги раҳбарлар тайинланди
Арманистон президенти Армен Саркисян бош вазир Никол Пашинян таклифи билан полиция ва миллий хавфсизлик хизматига янги раҳбарлар тайинлади.
Бундан аввал, Арманистоннинг янги бош вазири Никол Пашинян республика президенти Армен Саркисянга полиция бошлиғи Владимир Гаспарян ва Миллий хавфсизлик хизмати директори Георгий Кутоянни лавозимидан озод этишни таклиф қилгани ҳақида маълум қилган эди.
37 ёшли Кутоян Арманистон МХХ директори сифатида 2016 йилнинг 12 февралидан буён фаолият юритиб келаётганди. У муқаддам Арманистон собиқ президенти Серж Сарсянга ҳуқуқ масалалари бўйича ёрдамчилик қилган.
60 ёшли Гаспарян 2011 йилда Арманистон полициясига бошлиқ этиб тайинланганди.
Эндиликда Арманистон полициясига Валерий Осипян, миллий хавфсизлик хизматига эса Артур Ванецян раҳбарлик қилади.
Валерий Осипян бунгача Ереван полицияси бошлиғи ўринбосари, Артур Ванецян эса миллий хавфсизлик хизматининг Ереван бошқармаси бошлиғи ўринбосари бўлган.
Таъкидланишича, бу иккала хавфсизлик идоралари раҳбарлари бевосита бош вазирга бўйсунади.