Туркия ва Қатар раҳбарлари Фаластинни ҳимоя қилиш бўйича резолюцияни қўллаб-қувватлашди
(last modified Sat, 16 Jun 2018 13:30:56 GMT )
июн 16, 2018 18:30 Asia/Tashkent
  • Туркия ва Қатар раҳбарлари Фаластинни ҳимоя қилиш бўйича резолюцияни қўллаб-қувватлашди
    Туркия ва Қатар раҳбарлари Фаластинни ҳимоя қилиш бўйича резолюцияни қўллаб-қувватлашди

Туркия президенти ва Қатар амири ўзаро телефон мулоқотларида Фаластинни ҳимоя қилиш бўйича халқаро резолюция қабул қилинганини юқори баҳолашди. 

Эрон телерадиокомпанияси ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Шайх Тамим Бин Ҳамад бугун шанба куни Рамазон ҳайити муносабати билан телефон орқали қилган суҳбатларида Бирлашган миллатлар ташкилотининг Бош ассамблеясида Фаластин халқини ҳимоя қилишга қаратилган халқаро резолюциянинг тасдиқланиши ва минтақанинг бошқа муҳим масалалари ҳақида фикр алмашдилар. 

13-июн чоршанба куни БМТ Бош ассамблеяси Фаластин аҳолисини ишғол этилган ерларда ҳимоя қилиш бўйича халқаро резолюция лойиҳасини тақдим этди ва ушбу лойиҳани тасдиқлади. Ушбу лойиҳани тақдим этганлар Туркия ва Жазоир давлатлари эди. 

Мазкур резолюция 120 давлат томонидан қўллаб-қувватланди, саккизтаси қарши овоз берди, 45таси - бетараф қолди. Таъкидланишича, қабул қилинган резолюция лойиҳаси АҚШ БМТ Хавфсизлик кенгашида қабул қилинишини блоклаб қўйган ҳужжатга ўхшашдир.

БМТ Бош ассамблеяси Сионистик режимнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларини қоралаган. Резолюция Сионистик режимдан Фаластин тинч аҳолисига қарши «ўта кучли, нопропорционал ва танловсиз» кучни қўллашдан тийилишни талаб қилади.

Бундан ташқари, БМТ Бош ассамблеяси минтақада «дарҳол, мустаҳкам ва тўла риоя этилувчи ўт очишни тўхтатиш режимини таъминлаш учун тезкор ҳаракатларга» чақирган.