Дунёни очликдан қутқармоқчи бӯлган йигит
Истеъмолга буткул яроқли озиқ-овқат чиқиндихоналарда сасиб ётган бир пайтда эса дунё бўйлаб миллионлаб одам очликдан азоб чекади.
Бир вақтлар кўчада сарсон юрган британиялик Адам Смит бутун дунёдаги очарчилик балосига чек қўйиш йўлини топгани ҳақида айтмоқда. Унинг ғоясини амалга ошириш учун озиқ-овқат ишлаб чиқаришни кўпайтириш шарт эмас эмиш.
Адам Смит очликдан жуда қўрқади, унинг қандай бўлишини яхши билади. Ахир бир вақтлар бу эркакнинг ўзи ҳам сариқ чақасиз бурчакларда яшаб юрган.
Ичкилик, наркотик ва суиқасд
«10 ёшлигимда турмада ўтирганман. 12 ёшимда эса кўчада яшардим,» ҳикоя қилади у.
Адамнинг болалиги жуда қашшоқ ўтган. У ҳаддан зиёд ичкиликка берилган, наркотик қабул қилган. Баъзи кунлари эса ўз жонига қасд қилишга шайланган ҳам.
Ўз бахтини излашга қарор қилган йигит Британиядан Австралиянинг Мелбурн шаҳрига кўчиб кетади. Ўша ерда бир ресторан учун идиш-товоқ юва бошлайди.
Киборлар ресторанида ишлай бошлаган Адамнинг чўнтаги бироз пул кўради. Асосий ҳаёти қийинчиликда ўтган ёш йигит энди пулларини ўзини ривожлантириш учун сарфлашга ўтади. Натижада унинг пешона терлари беҳуда кетмайди: Адам оддий идиш-товоқ ювувчидан рестораннинг бош ошпазига айланишга қадар бўлган машаққатли йўлни босиб ўтади. Эндиликда унинг йиллик даромади 100 минг доллардан ошиб кетади.
Ахлатхонадаги овқатлар
Австралия фуқаролигини олиш учун Адам бир неча ой давомида бир фермада тер тўкади. Айнан шу ерда бошқалар зор бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари турли сабаблар туфайли чиқиндихонага улоқтирилиши, энг яхши ҳолатда эса чорвага ем қилиб берилишига бевосита гувоҳ бўлади. Бундай воқелик унинг ҳаётини буткул ўзгартириб юборади.
У ишлаган фермадан супермаркетларга юборилган маҳсулотлар баъзи ҳолатларда ортга қайтиб келар эди. Оқибатда улар ё ахлатга ташланар ёки чўчқаларга бериларди.
"Бир вақтлар мен ҳам чўчқаларга бериладиган овқатларни еганман. Супермаркетлар сўнгги дақиқаларда маҳсулотни олишдан бош тортиши тасаввур қилиб бўлмас ҳолат. Фермерлар супермаркетларга ўтказолмаган маҳсулотини чўчқаларга беришга мажбур. Бу шунчаки аҳмоқгарчилик," дейди у.
Шундан сўнг у Real Junk Food (Асл чиқинди овқат) лойиҳасини ўйлаб топади. Лойиҳа супермаркетлар сотиб олишдан бош тортган озиқ-овқат маҳсулотларини уйсизлар ва муҳтожларга тарқатишни кўзда тутар эди.
Тез орада Британияга қайтиб борган Адам лойиҳани амалга ошира бошлайди.
Ҳақиқий чиқинди овқат
Ҳозирда Адам 32 ёшда. У Real Junk Food лойиҳасини 2013 йилда ишга туширган.
Лойиҳадан кўзланган ғоя жуда оддий. Маҳсулотини ўз вақтида сота олмаган ёки маҳсулотининг муддати ўтган етказиб берувчилар уларни чиқиндига ташлаш ўрнига Адамнинг лойиҳасига бепул ҳадя қилади. Шунингдек, шартномаси бекор бўлиб қолган компаниялар ҳам ўз маҳсулотини Адамга тортиқ қилади.
Адамнинг сўзларига кўра, бундай маҳсулотларни истеъмол қилиш мутлақо зарарсиз. Қабул қилиб олинган озиқ-овқат махсус дўконлар ва ошхоналарга юборилади. У ерда улар уйсиз ёки муҳтож одамларга бепул тарқатилади. Баъзи одамлар кўнгилдан пул чиқариб кетади ҳам.
Бундай йўл билан икки муаммога барҳам берилади - ахлатга улоқтирилаётган истеъмолга яроқли озиқ-овқат миқдори кескин камаяди ва очликка маҳкум одамлар жони сақлаб қолинади.
Бугунги кунда Адамнинг лойиҳасига дунё бўйлаб 120 ҳамкор қўшилган. Уларнинг ҳар бири 30 га яқин ошхонага эгалик қилади.
Бундай кафеларни Австралия, Франция, Германия, Япония, Жанубий Африка, Жанубий Корея ва Британияда учратиш мумкин.
Адам ва унинг ҳамкорларига тегишли кафелар бир миллиондан зиёд муҳтожга хизмат кўрсатади. Сўнгги тўрт йил ичида лойиҳа доирасида аслида ахлатга ташланиши кўзланган 350 минг тоннадан зиёд озиқ-овқат йиғилган.
Мазкур лойиҳа шарофати билан бир вақтлар Адам тунаб юрган биргина кўчанинг ўзида қашшоқ оилаларнинг 15 минг нафар фарзанди кундалик бепул тушликка эга бўлмоқда.
Ғалати жиҳати шундаки, Адам оддий кафе-ресторан хўжайинлари каби мижози кўпайишидан хурсанд бўлмайди.
«Аслида бундай лойиҳа мавжуд бўлмаслиги лозим эди. Ер юзида бепул овқатга кўз тиккан муҳтожлар қолмагандагина мен лойиҳа муваффақиятга эришди, дея оламан,» сўзлайди у.
БМТ ҳисоб-китобларига кўра, дунёда ишлаб чиқариладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг учдан бири ахлатга улоқтирилади ёки омборларда шунчаки чириб кетади.
Бу уларни тайёрлашга сарфланган меҳнат, энергия ҳавога учиб кетишини англатади. Истеъмолга буткул яроқли озиқ-овқат чиқиндихоналарда сасиб ётган бир пайтда эса дунё бўйлаб миллионлаб одам очликдан азоб чекади.
Адамнинг ўзи уйсиз бўлган ва очлик ҳисси қандай бўлишини яхши англайди. У муҳтожларга ачингандан кўра уларнинг аҳволини яхшилаш учун ҳаракат қилишни афзал билади.
Қашшоқлардан жирканиб…
Баъзи компаниялар лойиҳага қўшилиш учун жонини жабборга беради. Айни вақтда эса бошқа ишлаб чиқарувчилар ўзининг савдо белгиси туширилган маҳсулотларни «қашшоқлар» қўлида кўришни истамайди.
«Британиядаги баъзи компаниялар мижозлар уларнинг маҳсулотларини уйсизлар қўлида кўриб қолишини истамагани учун биз билан ҳамкорлик қилишдан бош тортади. Буни очиқ тан оладилар,» дейди Адам.
Муҳтожларнинг ўзи эса лойиҳага ҳисса қўшаётган ҳар қандай супермаркет, компания ва улгуржи савдо марказидан миннатдор.
Адамнинг Британиядаги ошхоналаридан бирига доимий келувчи Энди лойиҳа шарофати билан тўрт нафар фарзандини очликдан сақлаб қолганлиги ҳақида сўзлайди.
Даниелла ҳам Энди доимий мижозга айланган кафега бир ҳафтада тўрт марта келади.
«Баъзида ўзим танимайдиган одамлар мени қучоқлаб, уларнинг ҳаётини асраб қолганим учун ташаккур билдирадилар,» дейди Адам.
Адамнинг кейинги режалари қандай? У бутун дунёдаги очарчиликка барҳам бериш ниятида.
Ўзининг ҳисобича, бунга ўртача 10 йил кетади.
«Агар биз 10-15 йил ичида очарчиликни енгмасак, у ҳолда лойиҳа муваффақиятсизликка учраган бўлади.»