Қӯрқинчли ғордан ҳозирча 4 бола қутқарилди
(last modified Mon, 09 Jul 2018 04:29:34 GMT )
июл 09, 2018 09:29 Asia/Tashkent
  • Қӯрқинчли ғордан ҳозирча 4 бола қутқарилди

Тайландда сув босган ғорда қамалиб қолган болаларни қутқариш амалиёти бошланди. Вазиятни воқеа жойидан кузатаётган оммавий ахборот воситалари шу вақтгача 4 боланинг ғордан чиқарилгани айтмоқда. Болалар 23 июндан бери сув босган ғорда қамалиб қолмоқда.

Улар тез тиббий ёрдам машинаси билан шифохонага олиб кетилган.

Воқеа жойидан кузатаётган журналистларнинг маълум қилишича, у ерга яна 2 та тез тиббий ёрдам машинаси етиб келган.

Қутқариш ишларида танаффус эълон қилинган. Танаффус йўллардаги қутқарув жиҳозларидаги ҳаво заҳираларини қайтадан тўлдириш ва алмаштириш билан изоҳланган.

Маҳаллий ҳукумат ҳаво заҳиралари қайта тўлдирилиши билан қутқарув ишлари давом эттирилишини билдирган.

Болалар жон сақлаётган жойга қуруқликда юриб ва сув остида сузиб бориб келиш ўртача 11 соат вақтни олади.

Бироқ айни дамда ғорда сувнинг тортилиши ушбу вақтни қисқартирган ва қутқариш учун мос шароит юзага келган.

Ғорнинг сувга тўлган айрим қисмлари ўта тор ва у ердан фақат бир киши сузиб ўта олиши мумкин. Бу қутқарув ишларини янада қийинлаштиради.

Ғордаги болаларга керакли жиҳозларни етказиб бериб қайтаётган ғаввослардан бири ғорнинг тор қисмидан ўтиш чоғида ҳаво етишмаслигидан ҳалок бўлган.

12 бола ва уларнинг мураббийи 23 июн куни саёҳатга кетиб Тхам Луанг ғорлар мажмуасида йўқолиб қолганди.

Қутқарувчилар уларни орадан 9 тун ўтиб 2 июл куни сув билан тўлган ғорнинг кичик қоясида жон сақлаётган ҳолатда топишган.

Ғор йўллари муссон ёмғирлари натижасида сув ва бошқа жисмлар билан тўлиб қолгани натижасида болаларни ундан олиб чиқиш осон бўлмаслиги айтилган.

Ҳукумат ғордан кечаю кундуз тинмасдан сувларни насослар ёрдамида тортиб олмоқда. Бу қутқарув ишларига қулай шароитнинг яратилишига олиб келган бўлиши мумкин.

Бироқ ҳукумат болаларни тезроқ чиқариб олиш учун, уларни икки ғаввос ёрдамида, махсус арқонга боғлаган ҳолатда чиқариб олиш йўлини танлаган.

Бунга болалар сақланиб турган ғорда ҳаво сифатининг бузилиши ва бир неча ой давом этадиган муссон ёмғирларининг кутилмаган оқибатлар олиб келиши мумкинлигини инобатга олинган.

Ёрлиқ