АҚШ Россия разведка бошқармасининг 12 нафар ходимини ҳакерлик ҳужумларида айблади
АҚШ прокуратураси 12 нафар россиялик разведкачига айблов эълон қилди. АҚШ ва Россия етакчиларининг Хельсинкидаги учрашуви яқинлашаётган бир пайтда, АҚШ прокуратураси Россия разведка хизматларининг 12 нафар ходимига ҳакерлик ҳужумларига оид айбловлар эълон қилди
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.
Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини мен Аҳмаджон Сулаймонов эътиборингизга ҳавола этаман.
Бугунги суҳбатимиз "АҚШ Россия разведка бошқармасининг 12 нафар ходимини ҳакерлик ҳужумларида айблашига”га доир мавзуга бағишланади.
Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.
АҚШ прокуратураси 12 нафар россиялик разведкачига айблов эълон қилди. АҚШ ва Россия етакчиларининг Хельсинкидаги учрашуви яқинлашаётган бир пайтда, АҚШ прокуратураси Россия разведка хизматларининг 12 нафар ходимига ҳакерлик ҳужумларига оид айбловлар эълон қилди. Гап АҚШ Демократик партияси миллий қўмитаси компьютер тизимининг бузиб кирилиши билан боғлиқ айбловлар ҳақида кетмоқда. Демократик партияда бу бузиб кириш президент лавозими учун курашга анча таъсир кўрсатгани таъкидланмоқда. Айбланувчилар Россия Бош разведка бошқармасининг 2 та бўлинмаси ходимлари ҳисобланади. Қайд этилишича, айбланувчилардан баъзилари ахборотни ўғирлаш, бошқалари эса уни тарқатиш билан шуғулланган. АҚШ бош прокурори ўринбосарининг таъкидлашича, у шу ҳафта бошида россиялик разведкачиларга нисбатан айбловлар қўйилиши ҳақида АҚШ президенти Дональд Трампга хабар берган. Хиллари Клинтон 2016 йилги президент сайловларидаги мағлубиятида россиялик хакерлар ва Федерал Қидирув Бошқармасини айблаган эди. Шунингдек, АҚШ адлия вазирлиги ҳам Россия разведка бош бошқармасининг 12 нафар ходимини миллий демократик қўмита, АҚШ демократик партиясининг конгрессга сайловлар бўйича қўмитаси, президентликка номзод Хиллари Клинтоннинг сайлов штаби серверларини бузиб киришди ва хакерлардан олинган маълумотларни эълон қилишда айблади.
Махсус прокурор Роберт Мюллернинг вакиллари эълон қилган ҳисоботда барча айбланувчиларнинг исм-шарифлари келтирилган бўлиб, улар разведка бош бошқармасининг офицерлари бўлишган. Адлия вазирлигининг маълумотларига кўра, 2016 йилда разведка бошқармаси вакиллари Клинтон штаби кўнгиллилари ва ходимлари, шунингдек сайлов кампанияси раҳбарининг компьютерларини бузиб кириш бўйича махсус операция бошлашган. Россия махсус хизмати вакиллари штабнинг кўплаб ходимларининг исмлари ва паролларига эга бўлишган ҳамда уларнинг электрон почталаридаги маълумотларни қўлга киритишга эришишган. Улар миллий демократик қўмита ва АҚШ демократик партиясининг конгрессга сайловлар бўйича қўмитасининг ички компьютер тармоғини буза олишган. Россиялик разведкачилар ўнлаб ходимларнинг компьютерларини масофадан туриб кузатиш ва улардаги ҳужжат ва электрон мактубларни ўқиш имконини қўлга киритишган.
Разведка бош бошқармасининг ҳар икки қисми вакиллари 2016 йилги президентлик сайлови кампаниясига таъсир кўрсатиш мақсадида ўғирланган ҳужжатларни чоп этиш билан ҳам шуғулланишган, дейилади ҳисоботда. Улар ўзларини "америкалик хакер-фаоллар" деб аташган ва ресурсни танитиш учун "Твиттер" ва "Фейсбук"да сохта профиллардан фойдаланишган. Айблов маълумотларига кўра, россиялик разведкачи хакерлар сайловлар бўйича штатлар қўмиталари, штатлар котиблари, сайловлар учун дастур ишлаб чиқарувчи компаниялар комьютерларига ҳам киришнинг уддасидан чиқишган. Улар 11 банд бўйича айбланмоқда. Айбланаётганларнинг асосий мақсади 2016 йилги Америкадаги сайловларга аралашиш бўлган. Айбловда россияликларнинг хатти-ҳаракатлари овозларни ҳисоблашга ёки сайлов натижаларига таъсир кўрсатган-кўрсатмаганлиги айтилмаган. АҚШнинг Россиялик разведкачиларга қарши кўрилган ушбу чораларга Россия ташқи ишлар вазирлиги ҳам муносабат билдириб, мазкур айбловларни қатъий рад этди. Русларнинг нуқтаи назари кўра, АҚШ адлия вазирлигининг ушбу ҳаракатлари Америка президенти Доналд Трамп ва Россия президенти Владимир Путиннинг учрашувлари олдидан салбий муҳит яратишни кўзлаш бўлган.
Россия ва АҚШ президентлари Владимир Путин ва Дональд Трамп Хельсинкида 16 июл куни учрашади. Руслар дастлаб Доналд Трампнинг АҚШ президенти бўлиши билан Москва ва Вашингтон ўртасидаги алоқалар яхшиланади деган тасаввурда эди. Лекин, Трампнинг Оқ уйга келиши билан икки мамлакат алоқалари яхшиланиши ўрнига аксинча, ихтилофлар ва кескинликлар шиддатли тус олди. Гарчи Трамп президент бўлишидан олдин Россия билан муносабатларни яхшилашга ваъда берган бўлсада, аммо русларнинг Америкада 2016 йилда бўлиб ўтган президент сайлови жараёнида аралашуви ва уларнинг Трампни президент бўлишидаги ёрдамларига оид айловлар ортидан, Доналд Трампнинг ваъдаларини ижро этмасликка олиб келди ҳамда Америка сиёсий тузилмасининг ёндашуви ва сиёсатига ҳамроҳ бўлиб, русларга қарши курашни янада кучайтирди. Шундай қилиб Трамп Россия билан шериклик қилишдаги айбловларни ўзидан узоқлаштирди ва АҚШ конгресси билан бир хил қарашда эканлигини намоён этди.
Америка турли соҳаларда жумладан сиёсий, иқтисодий, тижорий, ҳарбий хавфсизлик ва дипломатик йўналишларда Россияни муаммоларга йўлиқтирди ва миллий хавфсизлик стратегияси, миллий мудофаа стратегияси ҳамда ўзининг ядровий докторинасига доир ҳужжатларда ҳар доим Россияни асосий таҳдид деб номлаган. Катсо қонуни доирасида Россияга қарши янги санкцияларни жорий этиш ҳам Вашингтоннинг 2017 йилда русларга қарши энг муҳим чораларидан эди. Россиялик сиёсий таҳлилчи Алексей Мухиннинг фикрича, Россияга қарши жорий этилган санкциялар Москва ва Вашингтон муносабатларини яхшилаш йўлларини тўсиб қўйган ва икки юрт ўртасида кескинликнинг янада авж олишига сабаб бўлди.
Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.