Халқаро Амнистия ташкилоти Америка ва европанинг Арабистон ва Исроилга қурол сотиши боис танқид қилди
(last modified Thu, 23 Aug 2018 05:59:05 GMT )
август 23, 2018 10:59 Asia/Tashkent

Саудия арабистони ва Исроил режимининг Яман ва ишғол этилган Фаластин юртида ҳимоясиз қолган халқни айниқса, гўдаклар ва ёш болаларни қирғин қилишлари давом этиши ортидан

     Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. 

      Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.

      Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этаман.  

     Бугунги  суҳбатимиз "Халқаро Амнистия ташкилотининг Америка ва европанинг Арабистон ва Исроилга қурол сотиши боис танқид қилиши”га доир мавзуга бағишланади.      

     Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.

     Саудия арабистони ва Исроил режимининг Яман ва ишғол этилган Фаластин юртида ҳимоясиз қолган халқни айниқса, гўдаклар ва ёш болаларни қирғин қилишлари давом этиши ортидан, Халқаро Амнистия ташкилоти Америка қўшма штатларини ва Европа мамлакатларини Арабистон ва Сионистик режимга қурол-яроқ сотмасликларини талаб қилди. Халқаро Амнистия ташкилотининг тадқиқотчиси Патрик Вилкеннинг маълум қилишича, Америка ва европа мамлакатлари томонидан инсон ҳуқуқларини поймол этадиган мамлакатларга жумладан Арабистон ва Исроилга қурол сотишлари оқибатида бутун дунёда кескинликларнинг янада шиддатли тус олишига туртки берияпти. Шунингдек, у Саудия режимининг Ямандаги жиноятларига ишора қилиб шундай таъкидладики, Арабистон АҚШ, Британия ва Франциянинг ҳимояси остида ушбу юртда ҳарбий ҳаракатларни олиб борияпти. Исроил ва Арабистон Америка ва иттифоқчиларининг ҳарбий, сиёсий ва молиявий қўллаб-қувватлашлари билан Яманда ва ишғол этилган юртларда ўзларининг жинояткор ҳаракатларини давом эттиришмоқда.

      Исроил режимининг сўнги ойларда Фаластин халқини қирғин қилиш ҳаракатлари ва 30-март кунидан Ғазо секторида тинч йўл билан ўтказилаётган Қайтиш ҳаққи деб номланган кўча намойишлари бошлангани ҳеч кимга сир эмас.  Мазкур кўча намойишларида ҳозирга қадар ўнлаб фаластинликлар Исроил ҳарбийлари томонидан отиб шаҳид қилинди ва минглаб инсонлар оғир тан жароҳати олди. Бошқа томондан эса, Саудия арабистони ҳам Америка ва Европа мамлакатларининг ҳимояси остида Ямандаги жангларда яманликларга қарши ўзларининг тажовузкор ҳаракатларини давом эттиришияпти. Арабистон ва унинг иттифоқчилари томонидан Яманда олиб бораётган ҳарбий тажовузларида нафақат минглаб инсонлар ҳаётдан кўз юмди ва оғир тан жароҳати олиб мажруҳ бўлишди, балки кўплаб яманликлар озиқ-овқат етишмаслиги ва дори-дармон тақчиллигига ҳам дуч келишди. Ушбу жиноятлар давом этаётган бир пайтда, Америка қўшма штатлари ва унинг иттифоқчилари ушбу тажовузкор мамлакатларга ўз қуролларини сотишмоқда. АҚШ Исроилни ҳимоя қилиш ҳаракатлари давомида, йилига 3 миллиард 800 миллион доллар қийматидаги ҳарбий ёрдамларни Сионистик режимнинг ихтиёрига тақдим этади.

      Шунингдек, Америка давлати ўзининг 2019 йилги ҳарбий бюджетида Исроилнинг ракета мудофааси учун 500 миллион доллар маблағни ажратди. Бундан ташқари, Ғазо секторидаги фаластинликларга қарашли тоннелларни қидириб топиш учун 50 миллион доллар маблағ йўналтирди. Саудия арабистони ҳам энг йирик қурол харид қилувчи мамлакат сифатида Америка ва Европа мамлакатларидан илгаригидек қурол сотиб олиш ҳаракатларини давом эттирияпти. Арабистон ва Исроилнинг Америка ва Европадан катта кўламдаги ва йирик миқдордаги қурол-яроқ харид қилишлари, омма афкорини хусусан инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамиятининг норозиликларига сабаб бўлди. Инсон ҳуқуқларига тарафдорлик қиладиган кўплаб гуруҳлар, Европа мамлакатлари томонидан Арабистон ва Сионистик режимга қурол сотмасликларини талаб қилиб чиқишмоқда. Британияда қурол-аслаҳа тижоратига қарши кураш олиб борадиган тадқиқот маркази бу ҳақда ҳисобот бериб шундай маълум қилдики, Британия томонидан Арабистон ва Сионистик режимга сотилган қуроллар миллиардлаб пундстерлинг фойда келтирди.

      Ушбу қуролларни қўлга киритган Арабистон эса, Яманда мазлум халққа қарши золимона жангавор ҳаракатларни олиб боришда ишлатди. Сионистик режим ҳам, ушбу қуролларни фаластинлик гўдакларни қирғин қилишда шафқатсизларча қўллади. Францияда инсон ҳуқуқларини кузатувчи ташкилот директори Бенедикт Жанеру ҳам бу ҳақда шундай айтдики, Риёз коалиция бошлиғи бўлиб, Яманда ҳозиргача минглаб ноҳарбий бўлган тинч аҳолини ўлдирди. Ушбу қирғин келтирадиган ҳаракатларни жанг жинояти деб аталади. Европа ҳам Саудия арабистонига қурол сотишни давом эттиргудек бўлса, халқаро ҳуқуқларни ошкора поймол этиш ва уруш жиноятларини содир этишда Арабистон билан шерик ҳисобланади. Ҳамма огоҳлантиришларга қарамай, ғарб давлатларининг Исроил ва Арабистонга нисбатан тутган позициялари ва сиёсатлари ҳали ҳануз давом этияпти. Ғарб бир томондан инсон ҳуқуқлари шиорлари билан чиқиш қилади ва ушбу шиорларни халқаро майдонда кўтариб чиқади.

       Бошқа томондан эса, тажовузкорларга йирик миқдордаги қурол-аслаҳаларни сотиш ҳақида шартномалар имзолашади ва уларнинг тажовузкор сиёсатларини қўллаб-қувватлашади. Шунингдек, эндиликда Халқаро Амнистия ташкилоти ҳам, ишғол этилган Фаластин ва Яманда қирғин келтириш ва одам ўлдиришга қаратилган ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш учун, қурол сотмаслик талаби билан чиқди. Лекин бу каби чақириқлар, Америка ва унинг иттифоқчилари томонидан тажовузкорларни сиёсий жиҳатдан ҳимоя қилиши ва уларга қурол сотиш ҳаракатларини тўхтатишига унчалик ҳам таъсир ўтказа олмаслиги маълум бўлмоқда.    

       Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.

Ёрлиқ