Жамол Қошиқчининг қиёфадошини ясашга уриниш
-
Жамол Қошиқчининг қиёфадошини ясашга уриниш
Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консуллиги ходимлари журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиш изларини беркитиш учун унинг қиёфадошидан фойдаланмоқчи бўлишган, деб хабар беради CNN телеканали.
The Washington Post шарҳловчиси бош консулликка кирганидан бир неча дақиқа ўтгач, кузатиш камералари Истанбул бўйлаб йўқолган журналистнинг кийимларида сайр қилиб юрган, сунъий соқол ва кўзойнакка эга эркакни суратга олади. Турк полициясининг қайд этишича, бу одам — Қошиқчининг ўлдирилишидан гумонланаётган 15 нафар саудияликдан биридир.
Расмий Анқаранинг таъкидлашича, камераларда тасвирга олинган шахс Саудия Арабистони махсус хизматлари вакили Мустафо ал-Маданийдир. Унинг ташқи кўриниши журналистга ўхшаб кетади. Бундан ташқари, уларнинг бўй-басти ва ёши ҳам тенг. Бундай ишга қўл урилганига сабаб, кузатувчиларни журналист консулликни соппа-соғ ҳолда тарк этганига ишонтиришдан иборат бўлган.
Туркиядагилар Маданий айнан қиёфадош сифатида ҳаракат қилиш учун мамлакатга келганини таъкидлашмоқда. «Сўров учун қиёфадош кимга керак — дейилмоқда турк махсус хизматидагилар. — Бу борада бизнинг позициямиз аввалгидек қолади: бу олдиндан режалаштирилган қотиллик ва жасад консуллик биносидан олиб чиқилган».
Аввалига Саудия ҳокимияти Қошиқчи ҳамма муаммоларини ҳал этиб, консулликни эсон-омон тарк этганини таъкидлаб келаётган эди. Кейинроқ, 20 октябрда улар журналистнинг ўлимини тан олишди. Қироллик бош прокурорининг сўзларига кўра, журналист ва дипломатик миссия ходимлари ўртасида жанжал келиб чиққан ва у муштлашувга айланган, унинг оқибатида Қошиқчи ўлдирилган.
Иш бўйича Саудия Арабистонининг 18 табааси (фуқароси) ушланган. Уларнинг шахси ошкор этилмаяпти, лекин шуниси аниқки, валиаҳд шаҳзоданинг бош ёрдамчилари — умумий разведка хизмати бошлиғи ўринбосари Аҳмад Асирий ва қироллик девонхонаси маслаҳатчиси Сауд ал-Қаҳтоний ўз вазифаларидан бўшатилган.
Саудия ҳокимиятини танқид остига олиб келган журналист Жамол Қошиқчи 2 октябрь куни Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консуллиги биносига кириб кетганидан сўнг алоқага чиқмай қўйган. 17 октябрь куни оммавий ахборот воситалари журналист консуллик биносида қийноққа тутилгани ва боши танасидан жуда қилганини хабар қилишди. Уни сўроқ қилиш чоғида бош консул ўзи ҳам иштирок этгани тахмин қилинмоқда.