Урганч - Чолиш - Беруний йўлида қулаб тушган кўприкни тиклаш ишлари давом этмоқда(Видео)
1 ноябрь куни тунда 4р161 Урганч - Чолиш - Беруний автомобиль йўлининг Урганч тумани Чолиш шаҳарчасидаги Тўғай-обод канали устига қурилган кўприк қисман қулаб тушди.
Ҳозирги вақтда қулаб тушган кўприк ёнидан бошқа, вақтинчалик, кичикроқ кўприкнинг қурилиш ишлари давом этмоқда.
Урганч тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбари Баҳром Оллоназаров сўзларига кўра, кичик кўприк якшанба, 4 ноябрь куни ишга туширилади.
«Тўғай-обод каналидан ўтувчи кўприк 1974 йилда қурилган. Унинг қулаб тушиши сабаблари мутасадди ташкилотлар томонидан ўрганилмоқда.
Ҳозирги вақтда шу кўприк ёнидан вақтинчалик, кичикроқ кўприкнинг қурилишини тугатмоқдамиз. Уни 4 ноябрь куни ишга тушириш режалаштирилмоқда.
Бу кўприкка яқин масофада яна бир каттароқ кўприк бор. Тирбандликлар вужудга келмаслиги учун, унинг ёнидан ҳам яна бир кичик кўприкнинг қурилишини бошладик. Бу ишлар якунланганидан сўнг, 2та кичик кўприк орқали автомобилларнинг ҳаракатланиши йўлга қўйилади», - деди Оллоназаров.