Қандли диабет энди Ўзбекистонда даволанади
Қандли диабет ҳақида аксариятда қуйидагича тасаввур шаклланган: бемор бутун умр парҳез тутиб юришга ва инсулин қабул қилишга маҳкум. Ҳақиқатан ҳам шундайми?
Осиё мамлакатлари аҳоли орасида қандли диабетнинг тарқалгани бўйича биринчи ўринни эгаллайди: нақ 56 фоиз! Ўзбекистонда ҳам ушбу касаллик билан боғлиқ муаммолар ва уни даволаш масалалари муҳим аҳамият касб этади.Жаҳон тажрибасига назар соладиган бўлсак, ўтган асрнинг иккинчи ярмида Ғарб мамлакатлари аҳолисида ёппасига семириш кузатилган. Бу ҳолатни бартараф этиши учун турли тадқиқотлар ўтказилган, жумладан, жарроҳлик йўли ҳам синаб кўрилган. Жарроҳлик амалиётидан сўнг беморларда қондаги қанд (глюкоза) миқдорининг ҳам меъёрлашгани кузатилади, натижада, бу диабетни хирургик йўл билан даволашга асос бўлди.
Ўзбекистонга бу амалиётни Тошкент тиббиёт академияси хирургик касалликлар кафедраси ассистенти, жарроҳ Умид Рўзиев олиб кирди. Жанубий Кореяда бу усулни ўрганган, Малайзия, Россия, Қозоғистон давлатларида малакасини оширган жарроҳнинг айтишича, энди диабетдан азият чекувчилар даво қидириб, чет элга боришларига ҳожат йўқ, ўзимизда ҳам бемалол даволаниш мумкин.Қандли диабетнинг икки типи мавжуд. Биринчи тип кам учрайди ва организмда инсулин ишлаб чиқарилмаслиги билан кечади. Иккинчи тип эса кўпроқ ёши катталар орасида кузатилади ҳамда организмда ишлаб чиқарилаётган инсулинга нисбатан сезувчанликнинг йўқолиши билан боғлиқ. Бу тур семизлик, ошқозон ости бези касалликлари, алкоголь истеъмоли кабилар негизида ривожланади. Тақдим қилинаётган даво усули ҳам айнан иккинчи турни даволашга мўлжалланган.Операциянинг мақсади ортиқча килограммларни йўқотишга қаратилган, чунки диабетнинг асосий сабабчиси — семизлик. 9 ноябрь куни соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш мавзусидаги Президент раислигида ўтказилган видеоселекторда ҳам аҳолининг 46 фоизида қонда холестерин миқдорининг кўплиги, 31 фоизида юқори қон босими борлиги таъкидланди. Минг афсуски, бизда ҳеч ким унга жиддий касаллик сифатида ёндашмайди. Ортиқча вазн негизида ривожланувчи юрак-қон томир касалликлари, қон босими ошиши, умуртқа чурраси, остеохондроз, бўғим хасталиклари, шу жумладан, қандли диабет ҳақида бош қотиришмайди.
Ўзбекистон аҳолисининг ўлим сабаблари таҳлил қилиб чиқилганда буларнинг аксарияти инфаркт, инсульт, қандли диабет таъсирида бўлаётганини кўриш мумкин. Бунга эса семизлик айбдор.Қандли диабет шуниси билан хавфлики, унда кечадиган бузилишлар организмнинг ҳамма нуқталарига зарарини кўрсатади. Мия, буйрак, ўпка, юрак, борингки, оёқларда ҳам унинг асоратлари ривожланиб боради.«Операция давомида ошқозон ости безига мутлақо тегилмайди. Чунки муаммо безда эмас, балки ундан ажралаётган инсулиннинг таъсир этиш жараёнидаги бузилишдадир. Бир сўз билан тушунтирадиган бўлсам, ошқозон-ичак тизими “қайта қурилади”. Бемор ҳолатининг алоҳида кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда ошқозон, ичакнинг баъзи қисмлари қисқартирилиши мумкин (тиббий тилда: гастрошунтирование), аммо ошқозон олиб ташланармиш, фақат тўғри ичак қолармиш сингари фаразлар мутлақо нотўғри.Амалиёт умумий анестезия остида ўтади.