Килограммнинг жисмоний эталонидан воз кечилди
(last modified Sat, 17 Nov 2018 05:20:18 GMT )
ноябр 17, 2018 10:20 Asia/Tashkent
  • Килограммнинг жисмоний эталонидан воз кечилди
    Килограммнинг жисмоний эталонидан воз кечилди

Парижда ўтаётган Ўлчовлар ва оғирликлар бўйича 26-бош конференция иштирокчилари Халқаро бирликлар тизими (СИ)нинг 7 та асосий бирлигидан 4 таси – килограмм, ампер, келвин ва молни қайта таърифлаш бўйича қарорни қабул қилди.

Бу қарор билан килограммни белгилашда қўлланган жисмоний эталондан воз кечилди. Эндиликда СИнинг барча бирликлари физик доимийларга боғланди, килограммни белгилашда эса Планк доимийсидан фойдаланилади.       

Жорий қарор бир неча йил давом этган ислоҳотларга якун ясади: 1983 йилда метрнинг жисмоний эталонидан воз кечилиб, у ёруғлик тезлигининг вакуумдаги тезлигига боғланганди. 2005 йилда олимлар бошқа бирликларни қайта таърифлаш учун яна учта доимий танлаб олишган: Планк доимийси оғирлик бирлиги – килограммни, элементар электр заряди (электрон заряди) ток кучи бирлигини, Болцман доимийси эса термодинамик ҳароратни белгилаш учун танланган.

Бугунги кунгача килограмм инсон томонидан яратилган буюм – платина ва иридий қотишмасидан тайёрланган цилиндрга боғлаб келинарди. Бу эталон Франциянинг Серв шаҳрида сақланган. Давлатлар ўз килограмм эталонларини вақти-вақти билан шу эталон билан солиштириб туришган. Бироқ миллий эталонларнинг бош эталон билан охирги солиштирилиши натижалари уларнинг оғирлиги бош эталонга нисбатан 100 йил ичида 50 микрограммга ўзгарганини кўрсатган. Бош эталоннинг оғирлиги қанчага ўзгаргани эса номаълум, чунки уни солиштирадиган нарсанинг ўзи йўқ. Кўплаб ўлчашларда бундай оғиш ишончсиз натижаларга олиб келиши мумкин.  

Энди килограммнинг Планк доимийсига асосланган янги белгиланиши тасдиқланди. Янги оғирлик эталонини ишлаб чиқиш мумкин бўладиган қурилма Киббл тарозиси деб аталади.   

Килограммни белгилашнинг янги тури эвазига ҳар бир давлат ўзининг эталон қурилмасини исталган вақтда мустақил ишлаб чиқиши мумкин.   

Янги қоидалар 16 ноябрда маъқулланди, бироқ 2019 йил 20 майда – Бутунжаҳон метрология кунида кучга киради.