17 та тилда қўшиқ куйлайдиган Жўрабек Жураев (фото)
Жўрабек Жўраев: 17 та тилда қўшиқ куйлайдиган ва номи дарсликка киритилган 11 ёшли ўзбекистонлик
Тошкент шаҳар ҳокимлигида «Менинг байроғим – менинг ғурурим!» шиори остидаги акция тадбирларида фаол иштирок этганларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбир сўнгида ёш умидли қўшиқчи Жўрабек Жўраев ҳам шаҳар ҳокиминиг махсус совғаси билан тақдирланди ва ўзининг қўшиқлари билан иштирокчиларни табриклади.
Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий сайтида Жўрабек Жўраев ҳақида алоҳида мақола чоп этилди. Унда ёш ижодкорнинг санъат соҳасига қандай қадам қўйганидан тортиб, эришган муваффақиятларигача батафсил ҳикоя қилинади.
Чунончи, болакай 4 ёшлигида отаси хизмат сафарига кетади, оиласи унга сюрприз қилиш мақсадида Жўрабек қўшиқ куйлагани акс этган видеони интернетга жойлайди, шу тариқа болакай ўз истеъдоди билан интернетни забт этади.
Бироз вақт ўтгач, уни Андрей Малаховнинг «Пуст говорят» кўрсатувига таклиф қилишади. Ёш бўлишига қарамай, Жўрабек ўзбек эстрадасининг машҳур вакиллари — Юлдуз Усмонова, Фаррух Зокиров, Озодбек Назарбеков, Улуғбек Раҳматуллаев ва бошқалар билан битта саҳнада қўшиқ куйлашган улгурган.
Ўнлаб халқаро танлов ва фестиваллар совриндоридир. Кўплаб жамият ва ташкилотлардан дипломлари, ташаккурномалари ва фахрий ёрлиқлари бор.
Бундан ташқари, ёш қўшиқчи ҳақидаги ҳикоя унинг суратлари билан бирга 5-синфлар учун инглиз тили дарслигига киритилган.
Жўрабек 17 хил тилда куйлайди, унинг қўшиқларининг сайёранинг турли бурчакларида тинглашади. Уни Андрей Малахов, Максим Галкин ва Россия телевидениеси каналларининг бошқа кўплаб бошловчилари ўз шоуларига таклиф этган.