Россияда Африка аҳолисига ёрдам ниқоби остида ИШИД учун пул йиғилгани аниқланди
«Ислом давлати» ва «Жабҳат ан Нусра» террорчилик ташкилотларининг Россиядаги тарафдорлари Африка аҳолисига ёрдам бериш ниқоби остида жангарилар учун пул йиғишган. Бу ҳақда Доғистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги манбага асосланиб РИА Новости хабар қилди.
Маълумот берилишича, гумондорлар гўёки Африкада қудуқлар қуриш учун пул йиғишган, аслида эса барча йиғилган пуллар террорчиларга жўнатилган.
Аввалроқ жангариларни молиявий таъминлаб турган етти нафар россиялик қўлга олингани хабар қилинганди. Улар 2010 йилдан буён террорчилик ташкилотлари ҳисобига камида 38 млн рубль (570 минг доллардан ортиқ) ўтказишган.
Қўлга олинганлар Москва, Москва вилояти, Ингушетия, Доғистон ва Чеченистонда яшашган.