Прописка тизими Россия ва СССР конституцияга зид
(last modified Tue, 18 Dec 2018 10:51:27 GMT )
декабр 18, 2018 15:51 Asia/Tashkent
  • Прописка тизими Россия ва СССР конституцияга зид
    Прописка тизими Россия ва СССР конституцияга зид

СССР Конституциявий назорат қўмитасининг 1990 йил 26 октябрдаги хулосаси чиқарилади

Охирги 1 ой ичида прописка мавзуси ҳар галгидан ҳам кенг муҳокама қилина бошланди. Кўпчилик шу бўйича ўз фикрини билдирмоқда, кимдир пропискага қарши, кимдир эса уни ёқлаб чиқяпти.

Мавзуни ўрганар эканман, энг аввало хорижий давлатларнинг амалиётини кўриб чиқдим. Хўш, қолган давлатларда, айниқса собиқ совет иттифоқи давлатларида прописка тизими қай кўринишда тартибга солинган? Табиийки, мени дастлаб Россия Федерациясидаги амалиёт кўпроқ қизиқтирди. Ўрганиш жараёнида РФ Конституциявий Суди томонидан чиқарилган бир нечта қарорни учратдим ва улар ҳақида мақола ёзишни маъқул топдим. Бугунги мақоламизда шу ҳақида сўз юритилади.

Барчаси нимадан бошланган?

Аслида прописка тизими илдизи ўтган аср бошларига бориб тақалади. Советлар даврида узоқ йиллар умрини ўтаган прописка тизимига барҳам бериш ҳақида илк марта СССР Конституциявий назорат қўмитасининг 1990 йил 26 октябрдаги хулосаси чиқарилади. Унда пропискага оид айрим қоидалар конституцияга зид дея баҳоланди ва бекор қилиш ҳақида хулосага келинади.

Аммо ушбу Хулоса талаблари етарли даражада бажарилмагач, СССР Конституциявий назорат қўмитаси 1991 йил 11 октябрь куни ўз ташаббуси билан мазкур масалани яна бир бор қайта кўриб чиқди. Қўмита парчаланиш арафасида турган иттифоқ тарихидаги энг дадил қарорлардан бирини қабул қилди ва прописка тизимини СССР Конституциясига зид, деган хулосага келади. Хусусан, хулосада шундай дейилади: «Рухсат бериш мазмунидаги прописка тизими фуқароларнинг ҳаракатланиш эркинлигини асоссиз равишда чеклайди.

Ишга жойлашиш прописканинг борлиги билан белгиланади. Пропискасиз ходимларни ишга олганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгиланган. Москва шаҳрида бошқа ҳудудлардан келган фуқароларни ишга қабул қилишга тўғридан-тўғри тақиқ мавжуд. Бу каби қоидалар СССР Конституциясининг 40-моддаси ва Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари Декларациясининг 23-моддасига зид.

Прописка тизими СССР Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган мулкдор бўлиш ҳуқуқини инкор қилади. Уй-жойи ва квартираси, дала ҳовлиси, гаражини сотиш, ҳадя қилиш, уларни ижарага бериш ёки уларга оид бошқа битимларни тузишда олувчи томон ҳам ўша ҳудуднинг пропискасига эга бўлиши талаб этилади. Уй-жой бозорига қўйилган бундай асоссиз тўсиқлар ўз навбатида эркин тадбиркорлик, пул, товар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланишига ҳам тўсиқ бўлмоқда.

Шунга кўра, СССР Конституциявий назорат қўмитаси қуйидаги хулоса келди:1. Фуқароларнинг яшаши, иш ва ўқишга жойлашиши, уй-жой, квартира, дала ҳовли, гаражлар учун мулк ҳуқуқининг вужудга келиши учун маъмурий органлардан рухсат олиши, шунингдек, ушбу мажбуриятларни бузгани учун жавобгарлик белгиланишига оид Прописка ҳақидаги йўриқнома ҳамда СССР Ҳукуматининг пропискага оид бошқа қарорлари СССР Конституцияси, Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари Декларацияси ҳамда инсон ҳуқуқларига оид халқаро актларга мувофиқ эмас».

Янги Россиядаги ҳолат

1993 йил 25 июнь куни Россия Федерациясининг «Россия Федерацияси фуқароларининг Россия Федерацияси ҳудудида ҳаракатланиш, яшаш ва турар жойини танлаш эркинлиги тўғрисида»ги қонуни қабул қилинади. Ушбу қонунда фуқароларнинг ҳаракатланиш эркинлиги кафолатланган бўлиб, советлар давридаги прописка ўрнига хабардор қилиш характеридаги қайд этиш тизими жорий қилинади. Бироқ 1995 йил 17 июль кунги ҳукумат қарори билан тасдиқланган фуқароларни турган жойи бўйича қайд этиш қоидаларида юқоридаги қонундан фарқли ўлароқ фуқароларни қайд этишни рад қилувчи ўнлаб асослар келтирилади. Ҳукуматнинг ушбу қарори натижасида жойларда вазият мураккаблашади, халқ норозилиги юзага кела бошлайди.

Шундай кунларнинг бирида Россия Федерацияси Конституциявий Суди ушбу можарога бош суқади ва ҳукуматнинг конституцияга зид қарорларига қарши аёвсиз «жанг» бошлайди.