Атом электр станциясига саёҳат (видео)
Бугунги кунда иқтисодиёт ривожланиши, аҳоли сони ва турмуш даражасининг ошиши ҳисобига Ўзбекистоннинг электр энергияга бўлган эҳтиёжи ошмоқда
Бугунги кунда иқтисодиёт ривожланиши, аҳоли сони ва турмуш даражасининг ошиши ҳисобига Ўзбекистоннинг электр энергияга бўлган эҳтиёжи ошмоқда. Шу муносабат билан техник имкониятларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон ҳудудида биринчи атом электр станцияси (АЭС)ни қуришга қарор қилинди. Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатимизда қурилиши режалаштирилаётган атом электр станцияси айнан Нововоронеж шаҳридаги АЭС лойиҳаси асосида бўлади.
Нововоронеж атом электр станцияси (АЭС) Дон дарёси қирғоғида, вилоят маркази ҳисобланган Воронеж шаҳридан 51 км масофада жойлашган. Саноат майдонидан 3,5 км нарида - АЭС ишчилари яшовчи шаҳар округи - Нововоронеж шаҳри жойлашган. АЭС экплуатацияси йиллари давомида 546 миллиард кВт/с'дан зиёд электр энергияси ишлаб чиқарилган.
Нововоронеж АЭС - дунёдаги илк сув-сувли энергетик реакторли (ССЭР) саноат атом станцияси, Воронеж вилоятининг энг йирик электр энергия ишлаб чиқарувчиси. Ушбу АЭС Воронеж вилояти аҳолисининг электр энергияга бўлган талабининг 90 фоизи ва Нововоронеж шаҳрининг иссиқликка бўлган эҳтиёжининг 91 фоизини қоплайди.
1964 йилнинг 30 сентябрида Нововоронеж атом электр станцияси 1-энергоблокининг ишга туширилиши билан нафақат собиқ СССР, балки Шарқий ва Марказий Европанинг қатор мамлакатлари саноат атом энергетикаси тарихи бошланди.
Нововоронеж майдонида жами олти ССЭР энергоблоки эксплуатацияга киритилган. 1-энергоблок (ССЭР-210) 1964 йилда, 2-энергоблок (ССЭР-365) 1969 йилда, 3- ва 4- энергоблоклар (ССЭР-440) 1971 ҳамда 1972 йилларда, 5-энергоблок (ССЭР-1000) 1980 йилда ва 6-энергоблок (ССЭР-1200) 2017 йилда ишга туширилган.
Нововоронежда яшовчи маҳаллий халқнинг баъзи вакиллари билан суҳбатда улар ўзининг "атомчилар шаҳри"дан эканлиги билан фахрланишини илғаш қийин эмас. Kun.uz'ни кузатиб боринг ва кейинги мақолаларимизда АЭС жойлашган шаҳарда яшовчи ва ишловчи кишилар фикри билан танишинг.