октябр 19, 2019 12:06 Asia/Tashkent
  • ШҲТ давлатларининг янгона қидирув реестрига  терроризмда гумонланган 6600 дан ортиқ киши киритилди

ШҲТ давлатлари ҳамкорликда террорчилик гуруҳларининг 6 мингдан ортиқ аъзосини ягона рўйхатга киритган.

Дарё сайтига кўра, ШҲТ Минтақавий антитеррор тузилмаларининг ижрочи директори Жумахон Ғиёсов 15—17 октябрь кунлари Россия Федерал хавфсизлик хизматининг ҳамкорлари бўлган махсус хизматлар ва хавфсизлик органлари раҳбарларининг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишида иштирок этди.

Жумахон Ғиёсовнинг маълум қилишича, ШҲТ Минтақавий антитеррор тузилмалари ишининг асосий муҳим йўналишларидан бири террористик ва экстремистик фаолиятга алоқадор бўлган фуқароларнинг қидирувини амалга оширишда ҳамкорлик қилишдан иборат. Бу вазифани амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида ШҲТ Минтақавий антитеррор тузилмалари ижроия қўмитаси томонидан ягона қидирув реестри тузилган бўлиб, доимий равишда янгилаб борилади. Рўйхатга 6600 дан ортиқ юқорида кўрсатилган тоифаларга кирувчи шахслар киритилган.

Ижроия қўмита раҳбарининг қайд этишича, ШҲТ мамлакатлари махсус хизматлари ўртасида маълумот алмашиш мақсадида хорижий жангари террорчиларни рўйхатга олиш жадвали ишлаб чиқилган ва жадвалга 4500 дан ортиқ шахснинг маълумотлари киритилган.

Минтақавий антитеррор тузилмалари томонидан 115 дан ортиқ террористик, сепаратистик ва экстремистик ташкилотнинг рўйхати тузилган. Рўйхатдаги ташкилотларнинг фаолияти ШҲТга аъзо давлатлар ҳудудида тақиқланган. Хусусан, рўйхатга «Ал-Қоида», ИШИД, «Шарқий Туркистон Ислом ҳаракати», «Ҳизб-ут Таҳрир ал-Исломий», «Туркистон ислом қайта тикланиши партияси» кирган.

Ёрлиқ