Саудия Арабистони рамазон умрасини коронавирусга қарши эмланганлар билан чеклади
Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги фақат коронавирусга қарши эмланганларга муборак Рамазон ойида Умра маросимларини бажаришга ва Маккадаги Масжидул Ҳаромда намоз ўқишга рухсат берилишини эълон қилди.
Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги баёнотида айтилишича, рухсат коронавирус вакцинасининг икки дозасини олганларга ёки биринчи эмлашдан 14 кун ўтганларга ҳамда юрак-қон-томирлари касаллиги бӯлмаганларга берилади.
Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги томонидан берилган баёнотга кўра, Маккадаги Масжидул Ҳаромда умра маросимлари ва намозларини адо этиш ҳамда Мадинаи мунавварадаги Пайғамбар (с.а.в) масжидини зиёрат қилиш учун Рамазоннинг биринчи кунидан бошлаб рухсат берилади.
2020 йилнинг октябр ойида Саудия Арабистони етти ойлик танаффусдан сӯнг биринчи марта Масжидул Ҳаромни намозхонлар учун очди ва Умра маросимлари коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун қўйилган чекловларга риоя қилиш орқали қайта тикланди.
Сўнгги ҳафталарда Саудия Арабистонида коронавирусни юқтирганлар сони кўпаймоқда. Мамлакатда вирус пайдо бўлганидан бери 390 мингдан ортиқ одам уни юқтирган, улардан 6799 нафари вафот этган. Ушбу статистик кўрсаткич Форс кўрфази мамлакатлари орасида юқоридир.