Самарқанд декларацияси; ахборот технологияларини ҳарбийлаштиришга қаршилик; Афғонистонда инклюзив ҳукуматни қўллаб-қувватлаш
Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида ҳозир бўлган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар раҳбарлари бугун ахборот технологиялари соҳасини ҳар қандай ҳарбийлаштиришга қарши декларацияни имзоладилар.
Эрон телерадиокомпаниясининг ўзбек тилидаги сайтининг хабар қилишича, ушбу декларацияга асосланиб, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар бу соҳада глобал қонунлар, тамойиллар ва ҳукуматларнинг масъулиятли хатти-ҳаракатларини ишлаб чиқиш ҳамда Ушбу технологиялардан жиноий мақсадларда фойдаланишга қарши курашиш учун БМТ назорати остида кенг қамровли халқаро ташкилотни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаган.
Самарқанд декларациясига кўра, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти аъзо давлатлар террористик, сепаратистик ва экстремистик ташкилотларнинг ягона рўйхатини тайёрлаш ниятида ва ўз миллий қонунчилигига мувофиқ ҳамда консенсус асосида фаолияти Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ҳудудида тақиқланган ташкилотларнинг ягона рўйхатини шакллантириш учун умумий тамойил ва ёндашувларни ўрнатишга ҳаракат қиладилар.
Ушбу эълондан келиб чиқиб, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар Жаҳон Савдо Ташкилоти фаолияти самарадорлигини ошириш ва уни ислоҳ қилишга чақирди.
Шунингдек, ушбу декларацияда ШҲТга аъзо давлатлар Афғонистонда инклюзив ҳукумат ташкил этишни муҳим деб ҳисобладилар ва эълон қилдилар: “Аъзо давлатлар Афғонистонда афғон жамиятининг барча этник, диний ва сиёсий гуруҳлари вакиллари иштирокида инклюзив ҳукумат ташкил этишни ўта муҳим деб ҳисоблайди”.
Ушбу эълонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Афғонистоннинг терроризм, уруш ва гиёҳвандликдан холи, мустақил, бетараф, бирдам ва тинч давлат сифатида шаклланишини қўллаб-қувватлаши алоҳида таъкидланди.
Ушбу ҳужжатда дунё давлатларидан очиқ, шаффоф ва самарали халқаро энергия бозорини биргаликда яратиш, савдо тўсиқларини камайтириш, глобал энергия нархларининг ҳаддан ташқари ўзгаришига йўл қўймаслик, соғлом, барқарор халқаро энергия бозорини сақлаб қолиш сўралган.
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти раҳбарлари барча мамлакатларнинг энергетика хавфсизлиги ва одамларнинг энергетика саноати хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқини ҳурмат қилиш ва кафолатлаш зарурлигини яна бир бор таъкидладилар ва қўшимча қилдилар: Энергия хавфсизлигига эришиш жаҳондаги барча мамлакатларнинг иқтисодий, ижтимоий тараққиёти, барқарорлиги, миллий хавфсизлиги ва фаровонлигини кафолатлашнинг асосидир.
Бундан ташқари, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти раҳбарлари энергия ресурсларини адолатли глобал бошқариш тизимини шакллантириш ва муҳтож давлатларга ёрдам кўрсатишга чақириб, ўзаро савдони ривожлантириш истагини таъкидладилар.