Украина уруши бўйича Жидда йиғилиши аниқ натижаларсиз якунланди
Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида Украина-Россия уруши инқирозини ҳал қилиш бўйича икки кунлик музокаралар аниқ натижага эришмасдан якунланди.
Шанба ва якшанба кунлари Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида Бразилия, Буюк Британия, Ҳиндистон, Хитой, АҚШ, Туркия, Жанубий Африка, шунингдек, Европа Иттифоқига аьзо 30 дан ортиқ давлат вакиллари Украина инқирозининг ечимлари ва тинчлик ўрнатиш мақсадида йиғилиш ўтказдилар.
Эрон Телерадиокомпаниясининг Ўзбек сайтининг хабар беришича, ушбу йиғилиш якшанба куни кечқурун баёнот чиқариш билан ўз ишини якунлади. Ушбу учрашувда томонлар таклиф этилган фикр-мулоҳазалардан фойдаланиш зарурлигини таькидлаб, мазкур учрашувда ижобий таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилганини маьлум қилди.
Бу учрашув Россия таклиф этилмаган бир пайтда ўтказилди, аммо Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Россия президенти Владимир Путинни ушбу учрашувлар натижалари ҳақида хабардор қилишини айтди.
Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков якшанба куни маьлум қилди:Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида Украинадаги урушни тўхтатиш учун ўтказилган халқаро учрашув Ғарбнинг бу давлатдаги уруш баҳонасида Украинани қўллаб-қувватлашга бўлган бефойда уриниши эди.
Рябков яна бу учрашувни Ғарбнинг халқаро ҳамжамиятни Россияга қарши сафарбар қилиш ва бу мамлакатда уруш баҳонасида Украина тарафдорлари сонини оширишга қаратилган ўзига хос бефойда уриниши сифатида баҳолади.