декабр 20, 2016 15:30 Asia/Tashkent

Шоҳруддаги қадимий ёдгорликлар

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.

Ассалому алайкум, азиз  ва муҳтарам радиотингловчилар!

Микрофон олдида камина Кўҳёр Аршадниё хизматингиздаман.

"Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу  дастур  орқали  Эронга оид қизиқарли маълумотлар билан сизни таништириб борамиз.

Сўҳбатларимизни тинглаб боринг.

Ўтган сўҳбатимизда, Шоҳруд шаҳри узоқ тарихга эга эканлиги борасида сизга маълумот берган эдик. Шоҳруд шаҳри Семнон вилоятининг энг катта масоҳатга эга ва аҳолиси энг кўп бўлган шаҳридир. Ушбу шаҳарнинг эски номи зардуштийларнинг муқаддас китоби “Авесто” да ҳам келтирилган.Берилган маълумотларга кўра, ушбу шаҳарнинг биринчи  пойдевори йирик Шоҳруд дарёсининг атрофида шаклланган ва минтақанинг номи ҳам шу дарё номи билан аталган. Ушбу шаҳар, хусусан унинг бозори ҳақида кўплаб сайёҳлар ўз китобларида қизиқарли маълумотлар беришган.

Алберт Ҳаутум Шиндлер ҳам “Хуросон сафарномаси” китобида Шоҳруд шаҳрининг бозори кундан-кунга рижонланиб бораётганига, ундаги тижорат аҳволи ва ушбу шаҳар  ҳақида шундай ёзган: “Боғлар яшил белбоғдек шаҳарни иҳота этишган. Ҳар томонга боқсак, кўм-кўк ва шукуҳли боғлар назарга ташланади. Шоҳруд хос мавқега эга бўлгани боис турли сайёҳлар  диққатини, айниқса Қожор даврида ўзига жалб этарди.”

Шоҳруд аҳолисининг ҳаёт тарзи ҳақида ёзилган сафарномалардаги  айрим маълумотлар  археологик, тарихий ва иқтисодий жиҳатдан муҳим аҳамият касб этади ва Қожория даврида бўлган Шоҳруд шаҳри ҳолатини яхши ёритиб беради.

Шоҳруд туманининг  муҳим афзалиятларидан бири унинг турли иқлимга эга бўлганидир. Мазкур туманнинг жанубий қисми саҳрога яқин бўлгани боис иссиқ ва қуруқдир. Шоҳруднинг марказий ва шарқий ноҳиялари мўътадил об-ҳавога эгадир ва унинг шимолий қисми тоғли  ва совуқ иқлимга эгадир.

Шу жиҳатдан ушбу туманда турли мевалар ўсади. Хусусан, олма, узум, хурмо,  писта каби меваларни етиштириш учун  Шоҳруд туманининг турли минтақаларида қулай шароитлар яратилган. Ҳароратнинг ўртача даражаси йил давомида мазкур минтақада 14 даражани ташкил этади ва ёмғиргарчиликнинг йиллик  даражаси 180 миллиметрни ташкил этади.

Шоҳруд биёбон яқинида жойлашгани боис  ер сатҳидаги сувлар жиҳатидан доимий сувлардан тўла  дарёларга эга эмас ва ушбу туманда селдан ташкил топган ва мавсумий дарёлар оқади. Бу ерда ер юзида оқувчи  сувларнинг камлиги боис минтақа аҳолиси деҳқончилик қилиш учун қудуқ ва ер ости ариқларнинг сувларидан фойдаланишади. Зеро Шоҳруд иқтисоди қишлоқ хўжалик  маҳсулотларига таянади.

Шоҳруд тумани қишлоқ хўжалик соҳаси жиҳатидан хос мавқега эгадир ҳамда унинг боғлари ва экинзорларида турли мевалар, полиз маҳсулотлари, кўкатлар ва саноат ўсимликлари мавжуд.

Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш бўйича Шоҳруд тумани Семнон вилоятида биринчи ўринни эгаллайди. Хусусан, ширин узум ва зардоли меваларини етиштиришда  Шоҳруд тумани бутун Эронда шуҳрат топган. Эронда етиштириладиган зардолинининг ўн фоизи Шоҳруд туманининг ҳиссасига тўғри келади. Шоҳруд зардолилари билан нафақат мамлакатнинг ички бозорлари таъминланади, балки қуритилган ҳолда чет элларга ҳам экспорт қилинади.

Шоҳруд туманининг бошқа афзалиятлари ундаги кўплаб конларнинг мавжудлигидир .Ҳозирги вақтда мазкур минтақада  бир неча конлардан фойдаланиб келинмоқда. Ушбу конларнинг энг муҳими кўмир конидир. Кромит, мис, оҳак, албастр ва безаш учун ишлатиладиган тошлар ҳам Шоҳруднинг бошқа муҳим бўлган конларидан ҳисобланади.

Қадрли мухлислар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  бир   соатлик  оқшомги    дастуримизда "Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  Parstoday .com /uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво  тўлқинларидан йироқлашманг.Эшиттиришимиз давом этади.

Шоҳруд кўплаб етук  олимлар, орифлар ва руҳонийларнинг туғилган жойи ҳисобланади. Марҳум оятуллоҳилузмо ҳожи Мулло Али, марҳум оятуллоҳилузмо  ҳожи Саййид Маҳмуд Шоҳрудий ҳамда машҳур орифлар Шайх Абулҳасан Харқоний ва Боязид Бастомий шулар жумласидандир. Шоҳруд узоқ ўтмишга эга бўлгани боис масжидлар, ҳусейниялар, мақбаралар, миноралар, карвонсаройлар, қалъалар, бозорлар, ҳаммомлар каби кўплаб тарихий бино ва ёдгорликларга эгадир. Ушбу тарихий ёдгорликларда асил санъат намуналари, гўзал меъморчилик ва турли даврлар маданиятига эга нишоналарни кузатиш мумкинки, кейинчалик Ислом даврининг меъморчилиги билан уйғунлашган.

Айтиш лозимки, Шоҳрудда кўплаб тарихий тепалар ҳам мавжуд.Ушбу тепаларнинг энг муҳимларидан бири Санги Чахмоқ тепаси ҳисобланади ва Шоҳруд шимолидан 8 километрлик узоқликда жойлашган. Милодий 1971-1975 йилларда ушбу тепада япониялик профессор Масудо раҳбарлиги остида археологларнинг ҳайъати қазиш ишларини амалга оширишган. Қазиш ишлари натижасида қўлга киритилган қадимий ашёлардан  маълум бўлишича, икки тепа исломий даврларга тегишли  эканлиги ва бошқа икки тепа сополдан олдинги даврларга тааллуқли эканлиги аниқланган. Ушбу тепаларда инсониятнинг сопол ясаш давригача бўлган ҳаёт тарзи ва умр кечириш  жараёни кўзга ташланади. 

Санги Чахмоқ тепасида  ов қилиш учун тошдан ясалган турли яроқлар ва лойдан ясалган мужассамалар топилган ва ушбу экспонатлар ҳозирги вақтда Шоҳруд музейида сақланмоқда.

Қадрли тингловчилар, ”Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони  шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Яхши дам доимо сизга ҳамдам бўлсин.

 

 

Ёрлиқ