Форсий қанд ҳаловати
Амир Хусравнинг эпик асарлари
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз. Бугунги сўҳбатимиз ҳам машҳур шоир Амир Хусрав Деҳлавийнинг ҳаёти ва ижоди борасида бўлади. Бизни тинглаб боринг.
Азизлар, олдинги эшиттиришимизда таъкидлаб ўтганимиздек, Амир Хусрав ижодий такомилини шартли равишда икки даврга ажратиш мумкин. Биринчи давр унинг ғазалнавис ва қасиданавис шоир сифатида Деҳли султонлари тасарруфидаги ҳинд ўлкасида шуҳрат топиши билан боғлиқ бўлиб, бу даврда “Туҳфат ус-сиғар” («Ёшлик туҳфаси») ва “Васат ул-ҳаёт” («Ҳаёт ўртаси») лирик девонлари яратилди, учинчи девони “Ғуррат ул-камол” («Камолот нишони») га асос солина бошланди. Бу даврда, баъзи кичик маснавийларни ҳисобга олмаганда, ҳали шоир ижодига эпик кўлам хос эмас эди. Иккинчи давр шоирнинг ижодий баркамол ёшида, турмушнинг аччиқ-чучугини роса татиб, шеърият шайдоси шаҳзода Муҳаммадқоон саройида дўсти Ҳасан Деҳлавий билан шеърхонликда кечирган фараҳли кунларни ҳам, мўғул босқинида тортган асирлик азобларини ҳам босиб ўтиб, етарли ижтимоий тажрибага эришган ўттиз олти ёшлик чоғидан бошланади.
1289 йилда Амир Хусрав ўзининг илк йирик эпик асари, 3900 байтдан ошиқроқ ҳажмдаги “Қирон ус-саъдайн” достонини яратди. Замона ҳукмдори Муизиддин Кайқубод топшириғи билан ёзилган ушбу достон мавзуи ўша давр тарихий ҳодисаларидан ҳикоя қилади. Унда бобоси вафотидан кейин Деҳли султонлигини эгаллаган Кайқубод билан унинг отаси Бангола ҳукмдори Носириддин Буғрохон орасида бўлиб ўтган тахт талашув можаролари батафсил тасвир этилади. Воқеалар ниҳоясида “Қирон ус-саъдайн” («Икки саодатли юлдузнинг учрашуви») юз беради, яъни икки ҳукмдор – ота ва ўғил орасида бошланган низо сулҳ билан тугалланади.
Шоир Амир Хусрав Деҳлавийнинг асарига романтик руҳ бағишлаган ғоя бу нотинч дунёда душманликнинг дўстликка, ғайирликнинг меҳрга айлануви орзуси эди.
Шоирнинг эпик йўналишда қўйилган бу биринчи жиддий қадамида ҳали рубобий (лирик) кайфият кучли, шаклий ранг-барангликка ўчлик сезилади. Достондаги сарлавҳалар – шеърий, фасллар ўз руҳига мос лирик ғазал билан якунланган.
Амир Хусравнинг эпик қаҳрамон яратишдаги бу дастлабки уринишлари кейинги босқич – “Хамса” достонларига ўтишда яхши тажриба мактаби бўлди.
Орадан йиллар ўтди. Хилжийлар сулоласининг биринчи вакили Жалолиддин Фирузшоҳ шоирни эъзозлаб, амирлик унвони берди. Амир Хусрав ҳам унинг шон-шавкатини, мўғуллар билан жангларини 750 байтли “Мифтоҳ ул-футуҳ” («Ғалабалар калити») маснавийсида васф этди. Лекин бу тарихий эпик йўналишдаги асар йирик достонлар қаторидан ўрин олмади, балки шоирнинг бошқа кичик маснавийлари қаторида 1294-96 йилларда тартиб берилган учинчи девони таркибига киритилди.
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган оқшомги дастуримизда "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз ҳам uzbeki@ ParsToday.comга ўзгарди.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.
Ҳозир эса машҳур шоир Амир Хусравнинг гўзал бир ғазалини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Чиқар ҳар тун дилимдан ёр ҳажрида фиғону зор,
Нечук бир бахтиёр кўздирки, дилбар кўрсатур дийдор.
Қолиб маҳрум агар дийдоридан ўлсам, бу осондир,
Бироқ дийдорини бир лаҳза кўрмаслик ғами душвор.
Кулиб, ўйнаб, қилиб шўхлик, дилимни олдию кетди,
“На қилғунгдир буни?” десам, деди:”Менга эрур даркор!”.
Кўриб кўп қатнашимни ёр кўйида, деди ул дарбон:
“Билурман, зору шайдо, айланурсан бунда сен бисёр”.
Саҳар чоғида қўшнилар фиғонимни эшитганда,
Деди:” ё раббий, ким чекса экан бундай фиғону зор?”.
Кел энди, қайдасан “бедил” дебон бизларни таън этган,
Ана келмоқда, тўхтатсанг-чи дилни, менга у ағёр.
Рақибо, лутф айла сен хиром эттирма ёримни,
Агар билсанг, юрак-бағримни эзган ҳам ўшал рафтор.
Қўйингдан масту сархуш қайтганимда дерди одамлар:
“Магар майхонадан келмоқда бу сўфинамо хуммор?”.
Чиройли қўлини кўрдинг, унинг кафтига боқ энди,
Келур кафтида гулдаста, магар сайр айламиш гулзор?
Билиб қўйгил, ўйинчоқмас сенга жондан тўйиш Хусрав,
Киши бўлмайди осонлик билан ўз жонига безор.
Ниҳоят, камолот ёшида, султон Алоуддин Хилжий замонасига келиб, шоирнинг эпик ижоди янги босқичга кўтарилди — у 1298 йилдан “Низомий панжасига панжа урмоқ”қа журъат этиб, “Маҳзан ул-асрор”га жавоб тариқасида “Матла ул-анвор” ижтимоий-дидактик достонини ёзишга киришди.
Достон йигирма мақолатдан иборат бўлиб, биринчи мақолат инсон мартабасининг улуғлиги ҳақидадир. Амир Хусрав инсоннинг буюклигига сабаб унинг бутун жаҳонни ўзига сиғдира олувчи қалб бойлигида, деб билади: “Одам танаси, — дейди у, — шу сабабдин бир жаҳонга тенг кўриладики, у кўнгил майдонига эгадур. Бўлмаса бир қисм тупроқнинг қўлидин нима келади, у фалакларни этаги остига қамраб ола билармиди?!”
“Хамса”нинг иккинчи достони “Ширин ва Хусрав”да Деҳлавий яратган Шоҳ тимсоли Низомий достони қаҳрамонидан буткул фарқ қилади. Агар буюк озарбойжон шоири ўз қаҳрамонини кўнгли соф инсоний туйғулардан холи бўлмаган шаҳзода йигит сифатида тасвир этган бўлса, Деҳлавий достонида ҳукмдор тоифасининг индивидуаллашган қиёфаси гавдалантирилган. Ундаги Хусрав — шоҳ, ҳукмдор. Унинг бутун хатти-ҳаракати ижтимоий мавқеи билан белгиланади. Унинг инсоний хусусиятлари ҳукмдорлик мавқеи, имкониятларига кўра ўзгаришга учрайди. Унинг ёндашувида инсоний ишқ шаҳватпарастликка айланиб кетади, ёрига фидокорлик, туйғулар собитлиги эса тожу тахтни хор қилиш эҳтимолини пайдо қилади. Шундай қилиб, ишқ ва тож зиддияти асарнинг бош мавзуи даражасига кўтарилади. Амир Хусрав Чин шаҳзодаси Фарҳод тимсолини ибрат қилиб кўрсатади.
Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Саломат бўлинг.