Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида
Ўзбекистонга оид муҳим янгиликлар
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда.Унда ушбу мамлакатга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.
Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:
1.Ўзбекистонда 14-январ Ватан ҳимоячилари куни;
2. Шавкат Мирзиёев 4та эркин иқтисодий зона ташкил этиш тўғрисидаги фармонини имзолади;
3. Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенконинг учрашувига тайёргарлик кўрилмоқда;
4. Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири билан учрашди.
Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.
Ўзбекистон Қуролли Кучларини ташкил этиш тарихи 1992 йилнинг 14 январидан бошланган. Айнан шу куни мамлакат парламенти (ўша даврларда республика Олий Кенгаши) ўз қарори билан республика ҳудудида жойлашган барча ҳарбий қисмлар, қўшилмалар, ҳарбий-ўқув юртлари, муассасалар, ташкилотлар ва бошқа ҳарбий тузилмаларни Ўзбекистон Республикаси тасарруфига олди.
Ҳар қандай давлатнинг мустақиллигини биринчи навбатда унинг ўз армияси ҳимоя қилиши керак. Шу боис Ўзбекистон мамалакати Мустақиллигининг дастлабки кунларида – 1991 йил 6 сентябрда Ўзбекистон Мудофаа ишлари вазирлиги ташкил этилди.
1992 йил 14 январ куни эса мамлакат ҳудудидаги барча ҳарбий қисм ва бўлинмаларини Ўзбекистон юрисдикциясига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги, ҳамда Ўзбекистон қуролли кучлари таъсис этилишининг асосий мақсади – мудофаадир, дея эълон қилинган.
Қуролли Кучларни изчил ислоҳ этиш давомида принципиал янги ташкилий-штат тузилмаларини, ҳарбий бошқарув тизимларини, турли қўшин турлари ҳаракатларини мувофиқлаштириш ва уларнинг ҳамкорлигини таъминлаш механизмларини шакллантириш, ҳарбий хизматчиларнинг профессионал тайёргарлигини ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни тубдан яхшилаш бўйича кўлами ва маъно-мазмунига кўра улкан ва беқиёс ишлар амалга оширилди.
Маълумки бугунги дунё шиддат билан ўзгариб бормоқда. Ядровий технологиялар ва оммавий қирғин қуролларининг тарқалиш хавфи, тобора кучайиб бораётган қарама-қаршилик, сиёсий ва диний радикализм ва экстремизм, жумладан Ўзбекистон чегараларига бевосита яқин ҳудудларда можароларнинг давом этаётгани, кескинликнинг янада ортиб бораётгани жаҳон ҳамжамиятида ҳақли равишда хавотир уйғотмоқда. Бугунги кунда дунёда кибержиноятчилик, коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда салбий информацион таъсир ўтказиш каби халқаро хавфсизликка нисбатан илгари кўрилмаган хавф-хатарларнинг авж олаётганига реал ҳақиқатдир ва ҳар қандай мамлакатнинг қуролли кучлари бундай хавф-хатарларга муносибжавоб қайтариш учун тайёр бўлиши керак.
Ўзбекистон республикаси қуролли кучлари куни муносабатида бу Республика президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табриги йўллади. Табрик матни ЎзА томонидан тақдим этилган.
Шавкат Мирзиёев 4та эркин иқтисодий зона ташкил этиш тўғрисидаги фармонини имзолади
Шавкат Мирзиёев 4та эркин иқтисодий зона ташкил этиш тўғрисидаги фармонини имзолади.
Самарқанд вилоятининг Ургут туманида, Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида, Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида ва Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида «Ургут», «Ғиждувон», «Қўқон» ва «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналари ташкил қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 январь куни «Ургут», «Ғиждувон», «Қўқон» ва «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисидаги фармонини имзолаган. Фармон матни ЎзА сайти томонидан тақдим этилган.Фаолият кўрсатиш муддати мобайнида «Ургут» ЭИЗ, «Ғиждувон» ЭИЗ, «Қўқон» ЭИЗ ва «Ҳазорасп» ЭИЗ ҳудудларида алоҳида солиқ, божхона ва валюта режими амал қилади.
Беларусь президенти Александр Лукашенко шу йилнинг февраль ойида Ўзбекистонга расмий ташриф билан келиши кутилмоқда. Бу ҳақда Sputnik хабар берган.
Хабарда айтилишича, айни вақтда ҳозирда Беларусь президентининг бўлажак ташрифи дастури ишлаб чиқилмоқда.
Бу ҳақда Беларусь нашрларида хабар тарқалган, аммо Ўзбекистон томони ҳозирча бу борада келишув йўқлигини айтган.
Агентлик Беларуснинг Тошкентдаги элчихонасига мурожаат қилганида учрашувнинг куни ва ўтказилиши жойи ҳали аниқ эмаслиги ҳақида маълумот олган.
"Ўзбекистон президенти Минскка бориши ҳам мумкин", — дейилган элчихона хабарида.
Маълум бўлишича, Лукашенко 2016 йилнинг октябрида Ислом Каримов билан учрашув ўтказишни режалаштирганди. Аммо Ўзбекистон президентининг вафот этиши туфайли бошқа форматдаги учрашув бўлиб ўтди.
Лукашенко 2016 йилнинг октябрида Покистондан қайтишда Ўзбекистонга ташриф буюрган, бу ташриф давомида Ислом Каримов қабрини зиёрат қилиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирган ҳамда унинг президент беваси Татьяна Каримовага ўз таъзиясини изҳор этганди.
Шунингдек, у ўша вақтда президент вазифасини бажарувчи бўлган Шавкат Мирзиёев билан ҳам учрашув ўтказганди.
Шавкат Мирзиёев мамлакат президенти этиб сайлангач, Беларусь раҳбари табрик мактуби йўллади ва мактубда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича самарали фаолиятни давом эттиришдан манфаатдор эканлигини билдирди.
Маълум қилинишича, 2016 йил январь-сентябрь ойларида икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми 43,4 млн долларни ташкил этган, хусусан экспорт ҳажми 23,4 млн долларга, импорт ҳажми эса 20 млн долларга тенг бўлган.
Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Виолен де Вилмор хоним Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Рустам Қосимов билан учрашди.
Франция элчихонаси матбуот хизматининг маълумотига кўра, мулоқот чоғида мамлакатлар ўртасидаги қишлоқ хўжалиги, агрономия, сайёҳлик, инженерлик фанлари, соғлиқни сақлаш, меъморчилик ва археология каби соҳаларда ҳамкорлик муносабатларига тўхталиб ўтилди.
Бугунги кунда долзарб ҳисобланадиган олий ва ўрта таълим ўқув дастурларини қайта кўриб чиқиш масалалари доирасида томонлар кадрлар тайёрлаш инженерияси, хусусан, тил бўйича, шунингдек, бошқа мутахассисликларга француз тили таълими бериш инженерияси борасида ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашишди.
Франция элчиси ўзбекистонлик талабалар француз тилида барча мутахассисликлар бўйича, шунингдек, бошқарув, инженерлик фанлари, ирригация каби соҳаларда инглиз тилида Францияда олий таълим олиш имкониятига эга эканликлари ҳақида тўхталди.
Элчи Францияга бориб таълим олишни истаган талабалар француз тилидан билим даражаларини оширишлари учун Тошкент француз альянси курсларига қатнашиш имконияти мавжудлигини таъкидлаб ўтди.
Қадрли тингловчилар, “Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.