Форсий қанд ҳаловати
Амир Хусрав Деҳлавийнинг "Хамса"си
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз. Бугунги сўҳбатимиз ҳам машҳур шоир Амир Хусрав Деҳлавийнинг ҳаёти ва ижоди борасида бўлади. Бизни тинглаб боринг.
Азизлар, олдинги эшиттиришимизда таъкидлаб ўтганимиздек, Амир Хусравнинг эпик қаҳрамон яратишдаги бу дастлабки уринишлари кейинги босқич – “Хамса” достонларига ўтишда яхши тажриба мактаби бўлди.
Орадан йиллар ўтди. Хилжийлар сулоласининг биринчи вакили Жалолиддин Фирузшоҳ шоирни эъзозлаб, амирлик унвони берди. Амир Хусрав ҳам унинг шон-шавкатини, мўғуллар билан жангларини 750 байтли “Мифтоҳ ул-футуҳ” («Ғалабалар калити») маснавийсида васф этди. Лекин бу тарихий эпик йўналишдаги асар йирик достонлар қаторидан ўрин олмади, балки шоирнинг бошқа кичик маснавийлари қаторида 1294-96 йилларда тартиб берилган учинчи девони таркибига киритилди.
Ниҳоят, камолот ёшида, султон Алоуддин Хилжий замонасига келиб, шоирнинг эпик ижоди янги босқичга кўтарилди — у 1298 йилдан “Низомий панжасига панжа урмоқ”қа журъат этиб, “Маҳзан ул-асрор”га жавоб тариқасида “Матла ул-анвор” ижтимоий-дидактик достонини ёзишга киришди.
Достон йигирма мақолатдан иборат бўлиб, биринчи мақолат инсон мартабасининг улуғлиги ҳақидадир. Амир Хусрав инсоннинг буюклигига сабаб унинг бутун жаҳонни ўзига сиғдира олувчи қалб бойлигида, деб билади: “Одам танаси, — дейди у, — шу сабабдин бир жаҳонга тенг кўриладики, у кўнгил майдонига эгадур. Бўлмаса бир қисм тупроқнинг қўлидин нима келади, у фалакларни этаги остига қамраб ола билармиди?!”
“Хамса”нинг иккинчи достони “Ширин ва Хусрав”да Деҳлавий яратган Шоҳ тимсоли Низомий достони қаҳрамонидан буткул фарқ қилади. Агар буюк озарбойжон шоири ўз қаҳрамонини кўнгли соф инсоний туйғулардан холи бўлмаган шаҳзода йигит сифатида тасвир этган бўлса, Деҳлавий достонида ҳукмдор тоифасининг индивидуаллашган қиёфаси гавдалантирилган. Ундаги Хусрав — шоҳ, ҳукмдор. Унинг бутун хатти-ҳаракати ижтимоий мавқеи билан белгиланади. Унинг инсоний хусусиятлари ҳукмдорлик мавқеи, имкониятларига кўра ўзгаришга учрайди. Унинг ёндашувида инсоний ишқ шаҳватпарастликка айланиб кетади, ёрига фидокорлик, туйғулар собитлиги эса тожу тахтни хор қилиш эҳтимолини пайдо қилади. Шундай қилиб, ишқ ва тож зиддияти асарнинг бош мавзуи даражасига кўтарилади. Амир Хусрав Фарҳод тимсолини ибрат қилиб кўрсатади.
“Мажнун ва Лайли” достонига мавзу бўлган ғуссали фожиа, саҳройи араб йигити – шоир ва девона Қайснинг ўз Лайлосига муҳаббати ва садоқати неча марта куйланмасин, барибир ҳар сафар киши қалбини ларзага солади. Деҳлавий қаламига мансуб асар ҳам кўзда ёш ва дилда нур билан ўқиладиган чин меҳр тараннумидир.
Амир Хусрав достонидаги ошиқ ва маъшуқа учрашуви тасвирланган эпизод, айниқса, таъсирлидир. Достон қаҳрамонларининг ишқи муайян, ҳаётий, инсоний муҳаббат эди. Аммо бу муҳаббат ниҳоятда поклик билан йўғрилган бўлиб, асар охирида мўйсафидлар “Худонинг мўъжизаси” деб талқин қилган бу муҳаббатда асло шаҳват ғалаба қила олмасди. Мажнун ва Лайли ўғринча, муваққат, ғайриқонуний висолга интила олмасдилар, улар бунга қобил эмасдилар, зеро, бу пок инсонлар наздида муносиб туйғу эмас. Шунинг учун ошиқлар қалби нақадар оловли эҳтиросларга лиммо-лим бўлмасин, улар орасидаги иффату одоб чегаралари ҳам шунчалик юксак эди. Улуғ устозлар меросига боқийлик бахш этувчи юксак ҳақиқатлар, “илоҳий мўъжизалар” айни шундай тасвирларда намоён бўлади. Шоирнинг ўзи бу ҳақда “Оллоҳ хазинасидан бир сир”, дейиш билан кифояланиб қўя қолган.
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган оқшомги дастуримизда "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз ҳам uzbeki@ ParsToday.comга ўзгарди.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.
Ҳозир эса машҳур шоир Амир Хусравнинг гўзал бир ғазалини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Айлама зулфинг паришон, дил паришон бўлғуси,
Ой юзинг беркитки, кўзлар зору ҳайрон бўлғуси.
Ақлу ҳуш ҳам дилни ёдинг олди, ҳам жон интизор,
Наргиси шаҳло томонидан не фармон бўлғуси?
Тобакай дерсан дуоий сабр қилган ҳар саҳар.
Йўқ туним поёни, бу менга на имкон бўлғуси.
Қанчалар жабринг кўриб мен-ку пушаймон бўлмадим,
Лутф қилмассан агар, кўнглинг пушаймон бўлғуси.
Васл айёмида ошиқ юз балога дуч келур,
Бор бироқ бир роҳати: ўлмоқлик осон бўлғуси.
Ёрнинг мужгонларин эслатма менга, эй кўнгил,
Тандаги ҳар бир туким наштарли пайкон бўлғуси.
Дўстларим ғамгину мен хурсанд агар ўлсам доғи,
Боиси шулдирки: жонон шоду хандон бўлғуси.
Дард ила айтган бу қиссам етди поёнига лек,
Ҳар сўзидан хотирим юз бир паришон бўлғуси.
Ишқ осон деб, овунтирма, насиҳатгўй мени,
Они билгай ҳар кишики, хонавайрон бўлғуси.
Дердилар: охир кўрарсан нозанинлардан зиён,
Ҳарнаки дерди улар, Хусрав намоён бўлғуси.
Низомий “Хамса”сининг тўртинчи достони шоҳ Баҳромнинг саргузаштларидан ҳикоя қилувчи “Ҳафт пайкар” (“Етти гўзал») бўлса, Амир Хусрав салафи тартибини бузиб, Искандар ҳақидаги достонни тўртинчи ўринга кўчирди. Бу жангнома йўналишидаги асарда Амир Хусрав ўз салафи Низомий айтганларини қайтармоқчи эмас, балки унинг тасвиридан тушиб қолган ёки нотўғри талқин қилинган ўринларни, “ятим” дурларни (“дурри ятим” – шаҳвор, йирик марварид маъносини ҳам билдиради) бир жойга йиғиб, китобхонга тақдим қилмоқчи бўлади.
“Ойинаи Искандарий” (“Искандар кўзгуси”) деб номланган ушбу достоннинг асосий қисми “давлат” тушунчасини шарҳловчи кичик дидактик боб билан бошланади. Ўрта аср кишиларининг дунёқарашида “давлат” тушунчаси катта моҳият касб этган. У ҳам “омад”, “тақдир инояти”, ҳам “мол-дунё”, ҳам “ҳокимият” маъноларини ўзида жамлаб келган. Илғор фикр намояндалари эса уни инсоннинг ички маънавий бойлиги маъносида ҳам талқин қилганлар. Асарнинг асосий ғояси шуки, “Ўзгаларга ситам етказувчи бахтли ва шодон ҳаёт эгаси бўла олмайди, чунки бахт ва давлат қарзга олинмайди”.
Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Саломат бўлинг.