Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида
Ўзбекистонга оид муҳим янгиликлар
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда.Унда ушбу мамлакатга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.
Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:
1.Ўзбекистон президенти эронлик ҳамкасбига ҳамдардлик билдирди;
2. Шавкат Мирзиёев Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича вице-президентини қабул қилди;
3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича Махсус вакилини қабул қилди;
4. Ўзбекистонда хорижга чиқиш учун рухсатнома (стикер) бекор қилиниши кутилмоқда;
5. Ўзбекистон Афғонистон чегарасигача бўлган темир йўлда электрлаштириш ишларини олиб бормоқда.
Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.
2017 йилнинг 20 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳонийга Теҳрон шаҳрида юз берган кучли ёнғин оқибатида кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлгани муносабати билан мактуб йўллади.
Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ расмий сайтида хабар бирилди.
Кун.уз сайтига кўра, Ўзбекистон раҳбари ўз мактубида самимий таъзия изҳор этиб, қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик туйғуларини етказишни сўради ҳамда жароҳат олганларни қисқа муддатда соғайишини тилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 январь куни ушбу мамлакатга амалий ташриф билан келган Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича вице-президенти Сирил Мюллерни қабул қилди.
Кун. ўз сайтига кўра, Ўзбекистон раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Ўзбекистон ва Жаҳон банки ҳамкорлиги изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Бугунги кунда ўзаро ҳамкорлик электр-энергетика, ирригация ва коммунал тармоқларни модернизация қилиш, сув таъминоти, ишлаб чиқариш, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш йўналишларида Жаҳон банкининг 2,8 миллиард доллар маблағи жалб этилган 33 қўшма лойиҳани ўз ичига олади.
"Толимаржон ИЭС – "Сўғдиёна" ПС" юқори вольтли линиясини қуриш, Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари сув таъминоти, канализация тизимларини реконструкция қилиш, Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқариш, Ангрен – Поп темир йўлини электрлаштириш, қишлоқ хўжалиги корхоналари ва мева-сабзавотчиликни ривожлантириш каби кўплаб соҳаларда лойиҳалар, жумладан, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларидаги ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар амалга оширилди ва амалга оширилмоқда.
2017 йилнинг 20 январь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича Махсус вакили Питер Бурианни қабул қилди.
Куню ўз сайтига кўра, суҳбат чоғида икки томон кун тартибининг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Мазкур учрашув 2016-йил 9-декабрда ЕХҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлиси доирасида бўлиб ўтган мулоқотнинг давоми ҳисобланади.
Музокараларда Ўзбекистон ва ЕИ ҳамкорлигини сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда янада ривожлантириш, шунингдек Европа Иттифоқининг Марказий Осиё билан янги ҳамкорлик стратегиясини ҳаётга тадбиқ этиш жараёни ва унинг самарадорлигини ошириш истиқболлари батафсил кўриб чиқилди.
Учрашувда халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Суҳбатда ЕИ Делегациясининг Ўзбекистондаги раҳбари, Элчи Эдуардс Стипрайс иштирок этди.
Ўзбекистонда хорижга чиқиш учун рухсатнома (стикер) бекор қилиниши кутилмоқда
Ўзбекистонда паспорт-виза, хорижга чиқиш ва кириш тизимини такомиллаштириш режалаштирилмоқда. Бу айни пайтда муҳокама қилинаётган Президентнинг мамлакатни 2017-2021 йилларда ривожлантириш бўйича ҳаракатлар Стратегияси тўғрисидаги фармони лойиҳасида белгилаб қўйилган. Тахминларга кўра, тегишли органлар бу масала бўйича таклифларни жорий йилнинг учинчи чорагида тайёрлашади.
Лойиҳада ички ва хорижга чиқиш паспортларини бериш тартибини жорий қилган ҳолда хорижга чиқиш учун рухсатнома (стикер) расмийлаштириш тартибини бекор қилиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, алоҳида асослар бўйича хорижга чиқиш ҳуқуқини суд томонидан чеклаш тартиби ҳам киритилади.
Ҳужжатда маълумотларни қайта ишлаш бўйича замонавий ахборот-коммуникация технологияларини, чегара назорати органларига йўловчилар хақида дастлабки маълумотларни тақдим этиш амалиётини, автоматлаштирилган паспорт назорати кабинасини, чегарани кесиб ўтаётганларни қидирувда бўлган шахслар фотобазаси билан солиштириш тизимини жорий этган ҳолда аэропорт ва темир йўл вокзалларида паспорт назорати тизимини соддалаштириш режалаштирилган.
Бундан ташқари, жисмоний шахслар учун божхона ҳудудига кириб келиш ва уни тарк этиш бўйича “яшил” ва “қизил” йўлак тизимини амалиётга тадбиқ этиш ҳам кўзда тутилган.
Таъкидланишича, мазкур чораларни амалга ошириш хорижга чиқувчи фуқароларга қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини мустаҳкамлаш, чегара назорати органлари фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, шунингдек туризм соҳасини ривожлантиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон жанубий қўшниси билан савдони ривожлантириш доирасида “Қарши-Термиз” темир йўлида электрлаштириш ишларини олиб бормоқда. У Афғонистон билан чегарага чиқади, деб хабар берди “Каравансарай”.
Кун.уз сайтига кўра, темир йўлни электрлаштириш Афғонистонга юклар етказиб беришдаги сарф-харажатларни камайтириш ва ҳар икки мамлакатдаги кичик бизнес корхоналари даромадини ошириш имконини беради.
Ўзбекистон томонидан қурилган “Ҳайратон-Мозори-Шариф” темир йўл тармоғи – Афғонистондаги умумий фойдаланишда бўлган темир йўл магистрали бўлиб, “Қарши-Термиз” темир йўлининг давоми деб ҳисобланмоқда.
“Бутун йўл электрлаштирилгандан сўнг электровозлар қатновга қўйилади, - деган “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси вакили Ойбек Мамадалиев. – Электр қуввати углеводородли ёқилғига қараганда анча арзон тушади. Шунинг учун Термизга қадар юк ва йўловчиларнинг етказилиши бўйича харажатлар анча камаяди”.
Ўзбекистон жорий йилнинг кузига қадар 325 километрга тенг йўлни электрлаштириш учун 1,4 триллион сўм (428 миллион АҚШ доллари) ажратди. Бу маблағнинг 715,2 миллиард сўми (220 миллион АҚШ доллари) Япониядан кредит сифатида олинган.
Қадрли тингловчилар, “Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.