Январ 25, 2017 12:48 Asia/Tashkent

714-қисм."Анкабут" муборак сурасининг  46-49- ояти карималари шарҳи.

Суҳбатимиз ибтидосида  «Анкабут" муборак сураси 46-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.

وَلَا تُجَادِلُوا أَهْلَ الْكِتَابِ إِلَّا بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ إِلَّا الَّذِينَ ظَلَمُوا مِنْهُمْ ۖ وَقُولُوا آمَنَّا بِالَّذِي أُنزِلَ إِلَيْنَا وَأُنزِلَ إِلَيْكُمْ وَإِلَـٰهُنَا وَإِلَـٰهُكُمْ وَاحِدٌ وَنَحْنُ لَهُ مُسْلِمُونَ ﴿٤٦﴾

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Сизлар аҳли китобларнинг зулм қилганларидан бошқалари билан фақат яхши услубда мужодала этинглар ва уларга: «Биз ўзимизга нозил қилинган ва сизга нозил қилинган нарсага иймон келтирдик, бизнинг илоҳимиз ва сизнинг илоҳингиз бирдир ва биз унга бўйсунгувчимиз», денглар. (Оятда зулм қилмаган аҳли китоблар билан яхши, гўзал услубда мужодала қилишга амр этилмоқда. Аввало, зулм қилган аҳли китоблар ким эканини ажратиб олайлик. Аҳли китобларнинг зулм қилганлари хоҳ яҳудий, хоҳ насроний бўлсин, ўзларига келган илоҳий таълимотларни бузиб, Аллоҳга ширк келтирган, соф ақидани ўзгартирганлардир. Демак, улар билан яхши услубда мужодала қилишга ўрин йўқ, чунки улар золимлардир.) (46) 

Бундан олдинги оятларда Аллоҳга мункир бӯлган мушрик ва кофирлар билан баҳслашиш услуби ҳақида гапирилган эди. Бу ояти каримада эса масеҳий ва яҳудий каби аҳли китоблар билан баҳслашиш услуби баён этилади. Аввалига умумий тарзда буюрилади: Аҳли китоблар билан суҳбатлашганда уларнинг ҳурмат-эҳтиромини ӯрнига қӯйинг. Улар билан гаплашганда одобли ва дӯстона бир алфозда суҳбатлашинг. Ӯзингизни улардан устун қӯйманг, токим сӯзингиз уларга таъсир қилсин ва ҳақиқат қидирган кишилар исломга юз буришсин.

Ояти кариманинг давомида самовий динларнинг муштарак жиҳатларига эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланиб, буюрилади:  Сӯзни ихтилофли нукталардан бошламай, илоҳий динларга эргашувчилар орасидаги Худо ва самовий китобларга иймон келтириш каби бирдамлик ва муштарак томонлар ҳақида гапириш лозим. Уларга Аллоҳ ва унинг кӯрсатмалари  наздида таслим бӯлиш лозимлигини уқтиринг.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1.  Ғайри динлар билан гӯзал ахлоқ асосида муомала қилишимиз лозим.
  2. Ислом таълимотида самовий динлар ӯртасида ӯзаро фикр алмашиш лозимлиги  таъкидланади.
  3. Аллоҳ ва пайғамбарларга иймон келтирган киши уларга таслим бӯлиши ва итоат қилиши лозим.

Энди  «Анкабут" муборак сураси  47-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.

وَكَذَٰلِكَ أَنزَلْنَا إِلَيْكَ الْكِتَابَ ۚ فَالَّذِينَ آتَيْنَاهُمُ الْكِتَابَ يُؤْمِنُونَ بِهِ ۖ وَمِنْ هَـٰؤُلَاءِ مَن يُؤْمِنُ بِهِ ۚ وَمَا يَجْحَدُ بِآيَاتِنَا إِلَّا الْكَافِرُونَ ﴿٤٧﴾ 

Бу ояти  карима  қуйидагича таржима қилинган:

Ана шундай қилиб, сенга ҳам китоб нозил қилдик. Бас, Биз уларга китоб берган кимсалар унга иймон келтирурлар. Анавилардан ҳам унга иймон келтирадиганлари бор. Бизнинг оятларимизни фақат кофирларгина инкор этурлар. (Қуръон оятларини ким инкор этса, ким уларга иймон келтирмаса, ўша кофирдир. Хоҳ у аҳли китобдан бўлсин, хоҳ мушриклардан бўлсин, хоҳ бошқа тоифадан бўлсин. Баъзи бир устамон аҳли китоблар ҳозирда содда мусулмонларнинг бошини аввалги оят маъноси билан айлантирмоқдалар. Мана, Қуръонда сизлар билан бизни тенг дейилган, Илоҳимиз бир, фарқи йўқ, келинглар, Инжил ўқинглар, черковга киринглар, деб йўлдан урмоқдалар. Кейинги оят эса, айтилмай қолиб кетмоқда. Мусулмонлар Қуръондан узоқлашганда ана шундай мусибатлар келиб чиқади. Ислом келди, бошқа барча динлар ботил бўлди. Қуръон келди, бошқа барча китоблар насх бўлди. Ушбу ҳақиқатни ҳамма яхши билмоғи даркор.) (47)

Аллоҳ таъоло ҳазрат Мусо ва ҳазрат Исо алайҳимуссаломларга Таврот ва Инжилни нозил қилгани каби ислом пайғамбарига ҳам Қуръонни нозил этди. Самовий китобларнинг барчаси Аллоҳнинг муборак каломидир. Уларнинг ӯртасида зиддият йӯқ. Мусулмонлар олдинги пайғамбарларга нозил бӯлган китобларга иймон келтирганлари каби бошқа дин вакиллари ҳам Қуръонга иймон келтиришлари, бу самовий китобни ҳурмат-эҳтиром қилишлари керак. Зеро, умуман олиб қаралганда Қуръон маъорифи ҳам олдинги пайғамбарларга нозил бӯлган китоблар маъорифига ӯхшашдир.

Ояти кариманинг давомида буюрилади: фақатгина аҳли китоблар эмас, балки мушрик ва бутпарастлар ҳам агар ҳақиқат толиби бӯлишса, Қуръонга иймон келтириб, исломни қабул қилишади. Фақатгина ҳақиқатни англаган, аммо турли баҳоналар билан уни тан олмаётган якрав кофирларгина уни инкор этишади. Аммо уларнинг бу амалидан Қуръони каримнинг ҳаққиқийлигига заррача зарар етмайди. Худди хонасининг деразасига қалин парда тутиб, қуёш нурини тӯсиб қолмоқчи бӯлган киши каби. У бу иши билан Қуёшнинг азаматини койитолмайди, фақат ӯзини унинг чарақлаб турган нурларидан маҳрум қилади, холос.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1.  Қуръони карим олдинги пайғамбарларга нозил бӯлган самовий китобларни эҳтиром қилиш билан бирга барча дин вакилларини исломга даъват этади.
  2. Аллоҳга итоат қилган киши бирор-бир дин ёхуд расм-русумга таасуб қилмай, кейинги келган пайғамбар ва унга нозил этилган самовий китобга иймон келтиради.

Энди «Анкабут" муборак сураси  48-49-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

وَمَا كُنتَ تَتْلُو مِن قَبْلِهِ مِن كِتَابٍ وَلَا تَخُطُّهُ بِيَمِينِكَ ۖ إِذًا لَّارْتَابَ الْمُبْطِلُونَ﴿٤٨﴾ بَلْ هُوَ آيَاتٌ بَيِّنَاتٌ فِي صُدُورِ الَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ ۚ وَمَا يَجْحَدُ بِآيَاتِنَا إِلَّا الظَّالِمُونَ ﴿٤٩﴾

Бу ояти  карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Ундан олдин ҳеч бир китобни тиловат қилмас эдинг ва қўлинг билан хат ёзмас эдинг. Агар шундай бўлганида, ботил аҳллари шубҳага тушган бўлур эдилар. (Бу ўқиш-ёзишни билади, бирор китобдан ўқигандир, бирор устоздан ёзиб олгандир, деб Қуръоннинг илоҳий китоб эканлиги ҳақида шубҳага тушган бўлар эдилар.) (48) Йўқ! У(Қуръон) илм берилганлар кўксидаги очиқ-ойдин оятлардир. Бизнинг оятларимизни фақат золимларгина инкор қилур. (49)

Қуръон оятлари олдинги самовий китобларнинг оятларига ӯхшаш бӯлиши билан бирга  бу муборак суранинг 48-ояти каримасида  Қуръоннинг ҳаққонийлигини кӯрсатувчи яна бир белгига ишора қилиниб, буюрилади: ислом пайғамбари Қуръони карим нозил бӯлишидан олдин, бирор-бир мактабга қатнамаган, устоз наздида ӯқимаган, ӯқиш-ёзишни билмас эдилар. Шу сабабли ул ҳазратнинг даъватини инкор этувчиларнинг :  Қуръон олдинги китобларнинг хулосасидир, бу одам у китобларни ӯқиб пайғамбарлик даъво қиляпти, дейишлари ёлғондан бошқа нарса эмас.

Мутлақо мактаб кӯрмаган, ӯқиш-ёзишни билмайдиган киши томонидан ӯша давр араблари орасида мисл-монандсиз юксак бир маорифни баён этишнинг ӯзи Қуръони каримнинг Илоҳий муӯжиза эканлигига далилдир.

Ояти кариманинг давомида буюрилади: бу самовий китобнинг ҳаққонийлиги нишоналари унинг оятлари замирида мавжуд бӯлиб,   илм-маърифат аҳли бу нишоналарни идрок қилади. Фақат ӯзига зулм қилувчиларгина уни инкор этишади. 

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1.  Аллоҳнинг иродаси билан мактаб кӯрмаган киши ҳам инсоният маданиятини ӯзгартириб юбориши мумкин. Афсуски,  айрим ӯқиган, маълумотли кишилар диний маънавиятни инкор қилиб, жамиятнинг тӯғри йӯлдан адашишига сабаб бӯлишади.
  2. Ӯта ҳушёрлик билан душманларнинг ҳар қандай баҳона излаш ва суйиистеъмол қилишларининг олдини олиш лозим.
  3. Ҳақиқий илм ва маърифат аҳли бӯлганлар бутун вужудлари билан Қуръоннинг ҳаққонийлигини идрок этишади.

Ёрлиқ