Январ 29, 2017 15:31 Asia/Tashkent

Ўзбекистонга оид муҳим янгиликлар

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда.Унда ушбу мамлакатга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий,  маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.

Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

  1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртида йиғилиш ўтказди;
  2. Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК халқаро йўналишларда доимий парвозларни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб бормоқда;
  3. Ўзбекистонда айрим қонунлар қайта кўриб чиқилмоқда;
  4. Европа Иттифоқи элчиси ўзбекистонликинвесторларни ҳамкорликка чақирди.

Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев 26 январь куни Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртида Мудофаа вазирлиги раҳбарияти билан йиғилиш ўтказди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳукумат аъзолари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакат Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табригида белгиланган вазифалар ижросининг бориши муҳокама қилинди, қатор вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахбороти тингланди.

Давлат раҳбари хавфсизлик соҳасига оид қонунчилик самарадорлигини юксалтириш, Қуролли Кучлар ташкилий тизимини янада такомиллаштириш, унинг шахсий таркибини тайёрлаш, замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминланганлик даражасини янада оширишга қаратилган аниқ вазифаларни белгилаб берди.

Ҳарбий хизматчиларни ҳар томонлама ижтимоий ҳимоя қилиш, шу жумладан, ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари учун замонавий уй-жойлар қуриш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.

Йиғилишда ҳукумат аъзоларига, вазирлик ва идоралар раҳбарларига Қуролли Кучлар қудратини ошириш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш, миллий армия ва халқ якдиллигини бунданда мустаҳкамлашга доир аниқ топшириқлар берилди. 

Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК халқаро йўналишларда доимий парвозларни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Яқин орада Покистоннинг Лаҳор ва Тожикистоннинг Душанбе шаҳарларига парвозларни қайта тиклаш режалаштирилган.

МАКнинг 2017 йилги шу ва бошқа режалари хусусида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» бош директори Валерий Тян, миллий авиакомпания ташкил этилганлигининг 25 йиллиги муносабати билан уюштирилган матбуот анжуманида сўз юритди. Бу ҳақда Кун.Уз мухбири хабар қилди. Унинг сўзларига кўра, Лаҳор ва Душанбе шаҳарларига парвозларни апрель ойигача қайта йўлга қўйиш борасида иш олиб борилмоқда. 

Бундан ташқари, 2018-20 йилларга қадар яна 4та Boeing-787 Dreamliner самолётларини харид қилиш бўйича шартнома имзоланган. Шу билан бирга, апрель ойида МАК Тренажёр мажмуасида Boeing-767 самолётининг «Full-flight» симуляторини ўрнатиш режалаштирилган. 

2017 йилда йўловчилар ва Ўзбекистонга ташриф буюраётган меҳмонларга жаҳон андозаларида юқори сервисни тақдим этиш мақсадида, Ислом Каримов халқаро аэропортининг соатига 1,5 минг авиайўловчига хизмат кўрсата оладиган «Тошкент-4» йўловчи терминалини қуриш бўйича улкан лойиҳани амалга ошириш давом эттирилади. 

Ҳаракатлар стратегиясининг "Хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар" бўлимида ташқи сиёсий ва иқтисодий фаолият йўналишларида муҳим қонунчилик базаси яратилганлигига эътибор қаратилди. 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ташқи сиёсат масалалари алоҳида ўрин тутади, унга бағишланган махсус боб ҳам мавжудлиги таъкидлаб ўтилди. 

Ўтган 25 йил ичида Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсати соҳасида 20га яқин қонун ҳужжатлари қабул қилинган, улар орасида айниқса Ўзбекистон Республикаси Дипломатик ваколатхоналари раҳбарларини тайинлаш, Давлат чегараси, Миллий хавфсизлик концепцияси, шунингдек, Ташқи сиёсий фаолият концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги қонун шулар жумласига киради. Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қатор фармон ва қарорлари ҳам алоҳида ўрин тутади. 

Ҳаракатлар стратегиясида ҳам Ўзбекистон Республикасида замон талабидан келиб чиққан ҳолатда бир қатор ҳужжатларни қайта ишлаш кўзда тутилаётганлиги таъкидланди. 

1. Ўзбекистон Республикасининг Халқаро шартномалар ҳақидаги қонуннинг янги таҳрири;

2. Ўзбекистон Республикасидаги Дипломатик хизмат тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш;

3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тўғрисидаги низомнинг янги таҳрири;

4. Консуллик уставининг янги таҳрири.

Амалга оширилаётган ишлардан асосий мақсад -  Ўзбекистон Республикасининг халқаро ҳамжамиятга интеграциясини тобора чуқурлаштириш ҳамда Ўзбекистонни энг ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқиш.

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари элчи Эдуардс Стипрайс 25 январь куни Тошкентдаги Америка савдо палатаси ҳар ойлик учрашуви доирасида чиқиш қилди. У маҳаллий ва хорижий тадбиркорларга мўлжалланган ўз тақдимотида икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларнинг турли жиҳатлари, мамлакатда ЕИ молиявий кўмаги ёрдамида амалга оширилаётган ҳамда бизнес раҳбарлари бошқаруви салоҳияти ва мамлакатнинг бир қатор минтақаларидаги фермер хўжаликлари ҳамда экспорт имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилувчи лойиҳалар ҳақида сўз юритди.

ЕИ делегацияси раҳбари икки томонлама ташқи савдо айланмасига оид статистик маълумотларни келтирди. ЕИ 2015 йилда Ўзбекистоннинг энг йирик бешта савдо шериклари рўйхатидан жой олди. У Хитой, Россия ва Қозоғистондан сўнг тўртинчи ўринни эгаллаган. Мамлакат ташқи савдо балансидаги ҳиссаси – 12 фоизга тенг. 2015 йилда томонларнинг ўзаро манфаатли савдо суммаси 1,792 миллион еврони ташкил этди. Европа Иттифоқи мамлакатлари орасида Германия етакчилик қилмоқда – унинг Ўзбекистон билан савдо айланмаси 2015 йилда 440 миллион еврони ташкил этди.

Элчи Стипрайс таъкидлашича, томонлар ҳозирги савдо ҳажмини қониқарсиз деб тан олишган ҳамда уни ошириш учун ҳаракат қилмоқда. ЕИ ва Ўзбекистон бу мақсад учун савдо-иқтисодий муносабатларни рағбатлантирувчи бир неча ўзига хос йўлдан фойдаланмоқда.

Қадрли тингловчилар, “Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.