март 05, 2017 14:59 Asia/Tashkent

Ўзбекистонга оид муҳим янгиликлар

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда.Унда ушбу мамлакатга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий,  маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.

Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

  1. Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)га аъзо бўлганига роппа-роса чорак аср тўлди ;
  2. (ОВИР) стикерини бекор қилишни кўриб чиқиш вақти аниқланди;
  3. Ўзбекистон қўшни мамлакатлар билан алоқаларни мустаҳкамламоқчи;

4.  Ўзбекистонда  қиймати 10 000 сўм бўлган банкнот муомалага чиқарилади.

Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

2-март куни Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)га аъзо бўлганига роппа-роса чорак аср тўлди. Айнан шу куни мазкур глобал тузилманинг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида унинг тенг ҳуқуқли аъзоси - мустақил Ўзбекистоннинг байроғи ҳилпиради.

Ташкилот билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг Ташқи сиёсий фаолият концепциясининг асосий вазифаларидан бири - Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни сақлаш ҳамда мустаҳкамлаш, минтақани хавфсизлик ва барқарор тараққиёт ҳудудига айлантириш ишига муҳим эътибор қаратилади, деб таъкидлаб ўтди “Жаҳон” ахборот агентлиги.

Ўзбекистон БМТнинг глобал ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларида фаол иштирок этиб келади. Президент Ислом Каримовнинг Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш тўғрисидаги ташаббуси ушбу йўналишдаги фаолиятга муҳим улуш бўлиб қўшилди. Маълумки, мазкур таклиф минтақа давлатлари томонидан 2006-йилнинг 8-сентябрида Семипалатинск шаҳрида имзоланганди, 2009-йил март ойида минтақанинг қолган барча давлатлари томонидан ратификация қилинганидан сўнг кучга кирди. 

БМТнинг терроризмга қарши курашиш бўйича 13 та конвенциясининг барчасида иштирок этаркан, Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатларини мазкур офатни бартараф этиш йўлида бирлаштириш бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, БМТ Хавфсизлик Кенгаши доирасида Аксилтеррор қўмитанинг таъсис этилиши мамлакат раҳбарияти томонидан 1999 йилда Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Истанбул саммитида таклиф этилган Терроризм билан кураш бўйича Халқаро Марказни яратиш ғоясининг натижаси ҳисобланади.

Хорижга чиқишга рухсат берувчи Визалар ва рўйхатдан ўтказиш бўлими (ОВИР) стикерини бекор қилиш ва унинг ўрнига хорижий паспортлар киритиш таклифи жорий йилнинг сентябрь ойи охиридан вақтлироқ тайёр бўлмайди. Бу ҳақда Sputnik Узбекистан мухбирига Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасида маълум қилинди.

"Сентябрь охирига биз барча таклифларни бирлаштириб, уларни Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун топширамиз ва у ерда якуний қарор чиқарилади. Ҳозирча хорижий паспорт биометрик ёки оддий бўлиши номаълум. Бутун тизимни ишлаб чиқиш жараёни кетмоқда. Яна бир муҳим ҳолат – бу тизимга ўтишдан олдин амалдаги биометрик паспортлар билан барча жиҳатларни ҳал қилиш керак, акс ҳолда бу яна катта навбатларга олиб келади", деб айтган манба.    

Манба шу билан бирга Ўзбекистон фуқароларига хорижий паспортлар қандай муддатга берилиши ҳақидаги саволга жавоб бера олмаган, бироқ халқаро тажрибага кўра бундай паспортлар 10 йилга берилишини таъкидлаб ўтган.

Ўзбекистон қўшни мамлакатлар билан алоқаларни мустаҳкамламоқчи. Кўпроқ тафсилотлар билан Фарғонадаги ҳамкоримиз Масъуд Мирзо хизматингизда.

Ҳамкоримиз Масъуд Мирзонинг шарҳи эди. Эшиттиришимиз давом этади.

2017 йилнинг 10 мартидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қиймати 10 000 сўм бўлган банкнот кўринишидаги янги пул белгиларини муомалага чиқаради.

2017 йилнинг 10 мартидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қиймати 10 000 сўм бўлган банкнот кўринишидаги янги пул белгиларини муомалага чиқаради. Бу ҳақда Марказий банк сайтида хабар қилинди. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қиймати 10 000 сўм бўлган пул белгилари 144 х 78 мм. ўлчамдаги ҳимояланган қоғозда тайёрланган. Банкнотнинг ўнг тарафидаги кенг оқ рангли сатҳда Ўзбекистон Республикаси Герби ва "10000" рақами кўринишида сув белгиси мавжуд. Оқ рангли сатҳнинг чап тарафидан қоғоз қатламида "Дарча" ва "3D" эффектли юзага чиқиб, ичкарига ботувчи ҳимоя ипи ўтказилган.

Банкнот олд томонининг юқори қисмида "O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASI MARKAZIY BANKI" ёзуви мавжуд. Чап қисмида нақшинкор элементлар фонида Ўзбекистон Республикаси Герби тасвирланган. Гербнинг пастки қисмида еттита рақамли номери билан икки лотин ҳарфидан иборат серияси жойлашган. Нақшинкор рамканинг ўнг ва чап бурчакларининг қуйи қисмида, шунингдек Гербнинг ўнг тарафида "10000" рақами тасвирланган бўлиб, банкнотнинг қийматини билдиради.Гербнинг ўнг тарафидаги "10000" рақами устига йирик ҳарфлар билан "SO‘M" сўзи ёзилган.

Қадрли тингловчилар, “Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.