март 20, 2017 12:13 Asia/Tashkent

Навруз байрамига бағишланган махсус эшиттириш

А.З:  Ассалому алайкум  қадрли тингловчилар.

Р: Ассалому алайкум,гўзал баҳорни,  наврўзи оламни орзиқиб кутган азиз биродарлар, опа-сингиллар.

А.З:  Меҳрибон ва раҳмли Зот –Аллоҳ таъолога  чексиз ҳамду санолар айтиб,азиз ва суюкли пайғамбаримиз Муҳаммал Мустафо (с)нинг пок руҳларига салому салавот йўллаб, Наврўз айёмига бағишланган "Баҳор садоси" махсус эшиттиришимизнинг илк сонини сизга  тақдим этамиз.

Р: Радио тўлқинларида  бизга  ҳамроҳлик қилинг.

Ооооооооооооооооооооооооооооооооооооооооо

А.З:  Энг аввалло сиз азиз тингловчиларимизни  ёшариш, яшнаш, покланиш, эгулик ва саховат тимсоли бўлган Наврўзи олам билан  муборакбод этамиз.

Р: Барчангизга омонлик, офият ва  баҳорий кайфият тилаймиз.

А.З:  Аллоҳ  ушбу қутлуғ айёмни барчамизга  муборак айласин!

Оооооооооооооооооооооооооооооооооооооооооооооооооо

Р: Азиз  тингловчилар,  бугун фарвардин ойининг биринчиси, баҳор фаслининг илк куни ва Наврўз байрамидир!  Наврўз шодиёналари бошланиб, баҳорий кайфият ҳукм сураётган дамларда сиз, азизларга,  соғлик-омонлик,   хонадонларингизга қут-барака, барчангизга  фаровонлик ва шодлик тилаймиз.

А.З:  Байрамингиз қутлуқ бўлсин!

Р: Бутун борлиққа  ўз нафаси билан ҳаёт бағишлаётган ва уйғотаётган,  қалбларни қувонч билан тўлдираётган эзгулик фаслига саломлар бўлсин!

А.З:  Баҳорнинг келиши Парвардигорнинг  ўз бандаларини ҳали ҳам яхши кўриши ва уларни ҳеч қачон унутмаслигидан  далолатдир. Парвардигор уларнинг қаҳратон совуқлар чангалида қолиб,   жонлари ва нигоҳларида замҳарир совуқлар жилваланишидан хавотирда.

Р: Шу сабабли у жозибали  ранглар билан тасвирлар чизиш учун,  Парвардигор  маҳоратли мусаввир—баҳорнинг қӯлига муйқалам тутқазган..  Ва у ҳам бутун истеъдоди  билан турли ранглар ила тасвирлар чизади. Баҳор  дарахтларнинг қуруқ ва жонсиз шохларига оқ ва пуштиранг гулли  либос  кийдиради ва уларнинг қуриган томирларига ҳаётнинг иссиқ қонини равона айлайди.

А.З:  Эшитаяпсизми? Ҳаёт янгидан жӯш урмоқда.

Р: Ҳаётнинг янгиланиш, покланишини сезяпсизми?Қувонч ва хурсандчилик тупроқнинг жонига ҳарорат ва ҳаракат  бағишлаган. Борлиқ оламнинг ҳар бир заррасида уйғониш ва яшариш майли кузатилади.

А.З:  Дераза наздида ӯтирган баҳор узоқ-узоқларга термулади. У бизнинг шодлик ва фараҳдан гуллашимизни кутяпти. Кимдир эшикни тақиллатаяпти. Эътибор қаратинг, таниш йӯловчининг садосини англадингизми?

Р: Бу таниш садо орзиқиб кутилган баҳорнинг садоси ва сиз азиз, тингловчиларимизнинг шодлик ва сурур садоларингиздир.

А.З: Тинглаганимиз Ӯзбекистонлик Алишер Ибрагимов ва фарғоналик Нодирахон Сиддиқоваларнинг дил сӯзлари  эди. Дастуримиз давом этади.

Р: Аллоҳнинг мўъжизакор  гўзалликлари акс этган  табиат кенгликларига  кўзларингизни  очиб, назар солинг.

А.З:  Баҳорнинг  оромбахш  сабосига  юз буринг. Шунда  Парвардигори карим  улуғ қудратининг  жилваларига гувоҳ бўласиз.

Р: Баҳор тантана қилмоқда. Борлиқнинг барча бурчакларидан  ҳаёт нафаси  ва яшаш завқи  қулоққа чалинади.

А.З:  Азал наққоши  дала-дашт,  даралар,  тоғлар ва булоқларни  кўзларни қамаштирувчи  гўзал ранглар билан  безайди.

Р: Замин гиёҳ ва майсалар, зангор ранг  гуллар нақши  солинган  либосга  ўралган. Бу нақшларнинг  ҳар бири  ўзига хос  ранг ва жилвалари  билан ҳаётга  гўзаллик ва тароват  бахш этади.

 

    А.З:  Баҳор  шамоли  ҳаёт шеърини  куйлаб,  ёмғир   баҳорий тароналар  сўйлайди. Табиат  ҳорғин чеҳрасининг  ғам-ғуборлари ювилади. Қалам тасвирига ожиз бўлган  бетимсол гўзаллик ва  буюклик оламнинг яратилиш  тартиб-низомини  намойиш этади.

Р: Тошларнинг шивирини эшитяпсизми? Нега жимсиз? Нега бутун олам сиз билан сӯзлашаётган чоғи сукут сақлаяпсиз? Қалбингизнинг даричаларини ланг очинг. Баҳорнинг нафаси жон ва руҳингизни навозиш айласин. Гуллаб-яшнанг, зеро, сиз бу оламга шунчаки мақсадсиз, кӯнгилхушлик учун келмагансиз.

А.З:  Омад баҳори жонҳо, эй шохи тар, ба рақс о,

Чун Юсуф аз дар омад, Мисру шакар ба рақс о.

Р: Азизлар, хушовоз эронлик хонанда Муҳсин Човаший ижросида ҳазрат Мавлоно Жалолиддин Румий қаламига мансуб дилкаш бир ғазални эътиборингизга ҳавола этамиз.

Ххххххххххххххххххххх

 А.З:  Эслатиб ӯтамиз, Сиз Эрон Ислом Жумҳуриятининг ӯзбек тилидаги радиосидан наврузи оламга бағишланган махсус дастурни тинглаяпсиз.

Р: Ҳижрий-шамсий тақвимга биноан фарвардин ойнинг биринчи куни ёки Наврўз, янги йилнинг бошланиши ва қадим замонлардан бизгача етиб келган энг қадимий байрамлардан бири саналади.

А.З:  Наврўз байрамининг келиб чиқиши ва макони  қадимги Эрон сарзамини ҳисобланади. Аммо, эндиликда Эрон, Озарбойжон, Ўзбекистон, Тожикистон, Афғонистон, Туркия, Покистон, Ҳиндистон, Қирғизистон, Ироқ  ва Грузия мамлакатларидаги халқлар ушбу байрамни нишонлашади.

Р: Наврўз байрами баҳор  фаслининг тун ва кун тенг бӯлган  лаҳзасидан бошланади.    Бу пайт ҳижрий-шамсий тақвимига кўра фарвардин ойнинг биринчи кунига тӯғри  келади.

А.З:  Наврўзнинг пайдо бӯлиши ҳақидаги энг ишончли маълумот бизгача етиб келмаган. Айрим қадимги асарлар, жумладан Фирдавсийнинг “Шоҳнома"си ва "Табарий таърихи" каби манбаларда Эроннинг мифологик подшоси Жамшид  наврўзнинг асосчиси дея талқин  қилинган.

Ххххххххххххххххххххххххх

А.З:  Айрим тарихий  ривоятларга кўра,  Эронзамин юртида  Наврўзнинг ривож-равнақ топиши милодий 538- йилдан олдинги вақтларга,  яъни Куруш Бобулга ҳужум қилган ва уни мағлуб этган замонга бориб тақалади.Аҳамонийлар  асосчиси бўлмиш Куруш-2 Наврўзни ӯша йили миллий байрам деб эълон қилди.

Р: У бу кунда аскарларнинг руҳини кўтариш , барча маконлар ва уйларни тозалаш ва поклаш , ҳамда маҳбусларни  кечириш   учун бир неча дастурларни ижро этган эди. Бу анъана кейинги подшолар  даврида ҳам амалга оширилди ва аста-секинлик билан йиллик маросимга  айланиб қолди.

А.З:  Аҳамонийларнинг бошқа подшоси Дориюш-1 замонида Наврўз маросимлари Тахти Жамшид минтақасида  ўтказиларди. Халқнинг севимли байрами нишоналарини бугунги кунда   бу минтақадаги тошларга ӯйиб битилган катибаларда ҳам мушоҳада қилиш мумкин.

Р: Аҳамонийлар даврида навруз улкан шукуҳ шаҳомат билан нишонланиб, бу дилкаш байрам била эронликларни табриклаш учун теварак-атрофдаги давлатлардан кӯплаб меҳмонлар келишарди. Бу нарса навруз байрамининг қанчалик аҳамиятли байрам сифатида нишонланишидан далолат беради.

А.З:  Ҳатто Аҳамонийлар подшоси Дориюш-1    милоддан олдинги 416- йилда навруз муносабати билан пул бирлиги сифатида олтин танга зарб этган эди.

Р: Азизлар,  энди   "Наврўз" байрамининг тарихи  ҳақида   таҳлилчи Маҳмула Муҳаммад Карим қизи суҳбатини эътиборингизга ҳавола этамиз.Марҳамат

хххххххххххххххххххх

Р: Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган Эрон Ислом Жумҳурияти ӯзбек тилидаги радиосинингоқшомги эшиттиришларида    наврузи оламга бағишланган "Баҳор навоси" дастурининг илк  сонини  тинглаяпсиз.   Радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/ uz орқали хоҳлаган пайтда эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига эгасиз.    Радиомизнинг электрон манзили ҳам [email protected] ўрнига [email protected]га ўзгарган.

Хххххххххххххххххххххх

 А.З:  Дастуримиз давом этади.

Р: Муборак ислом дини вужудга келиши билан навруз анъаналарида бир қатор ӯзгаришлар киритилган бӯлсада, аммо бу кӯнгилли байрамнинг асосий ва муҳим жиҳати шундаки,  ҳар бир йилнинг ибтидосида уни байрам сифатида нишонлаш ҳаётий бир одатга айланиб қолди.

А.З:  Сомонийлар сулоласи ва Оли Буяҳ ҳукмронлик қилган замонларда Наврўз байрами янги шакл ва мазмун  билан ҳар йили баҳор фаслининг бошида нишонланарди.

Ххххххххххххххххххххххххххх

Р: Тароват ва гӯзалликларни ӯзида мужассам айлаган баҳор фасли кириб келди. Биз учун шодлик, сурур ва бирдамлик иффорини ҳадя келтирди. Баҳор чоғи шодлик ҳаммага тегишли. Янги йилни эзгу ният ва орзулар билан бошлаш мақсадида одамлар ӯзаро ҳамдил, ҳамнафас бӯлишади.

А.З:  Борлиқ оламнинг мисл-монандсиз гӯзал жилваларига  боқиб,  киши тафаккурга чӯмади ва соҳир табиатнинг қайта туғилиши лаҳзаларидан лаззат олади. Зеро, ҳар бир ақлли инсон азалий ва абадий ҳақиқатларни англашга иштиёқманд. Олам эса унинг наздида очилган насиҳат ва ибрат кӯзгусидир.

Р: Аллоҳ таъоло “Оли Имрон” муборак сурасининг 190-ояти каримасида бу нуктага ишора қилиб буюради: Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кеча-кундузнинг алмашинишида ақл эгалари учун белгилар бор.

А.З:  (Осмонга назар солиб, ақлини ишлатган одам, ерга назар солиб, ақлини ишлатган одам, кечаю кундузнинг алмашишига назар солиб, ақлини ишлатган одам, албатта, Аллоҳнинг ягоналигига, қудратига, яратувчилигига қоил қолмасдан иложи йўқ.)

А.З:  Яна бир маротаба наврузи олам байраминингкириб келиши билан сиз, азизларни табриклаб, “Баҳор навоси” дастуримизнинг бугунги сонини якунлаймиз.

Р: Хайр, баҳорий кайфият меҳрибон қалбларингизни тарк этмасин.

А.З:  Навруз айёмида қариндошлар ва бемор кишиларнинг ҳолидан хабар олиш, ёши улуғ, олим ва фозил одамлар билан дийдор кӯришиш, ота-оналарнинг кӯнгилларини хушнуд этиш наврузий фазилатлар бӯлиши билан бирга бу эзгу амаллар ота-боболаримиздан  қолган савобли анъана эканлиги ва бу анъаналарга амал қилиш бурчимиз эканлигини унутманг.

Р: Янги йил, янги ҳаёт ва янгиланган табиат сизга муборак бӯлсин, азиз тингловчилар.