Тарихнинг ўчмас кунлари
Бугун шанба, ҳижрий-шамсий 1396 йил фарвардин ойининг 26-си, ҳижрий-қамарий 1438 йил ражаб ойининг 17-си ва милодий ҳисоб билан 2017 йил 15-апрел
Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар!
"Тарихнинг ўчмас кунлари" унвонли кундалик эшиттиришнинг янги сони билан камина Кўҳёр Аршадниё хизматингиздаман.
Бугун шанба, ҳижрий-шамсий 1396 йил фарвардин ойининг 26-си, ҳижрий-қамарий 1438 йил ражаб ойининг 17-си ва милодий ҳисоб билан 2017 йил 15-апрел.
Бугунги кундан 565 йил олдин, милодий 1452 йилнинг 15-апрелида Леонардо да Винчи Италияда таваллуд топган. Леонардо да Винчи ҳар томонлама қобилиятли киши эди – у даҳо рассом ва олим, муҳандис – ихтирочи, архитектор ва ҳайкалтарош, мусиқачи ва шоир эди. Леонардо да винчи болалик чоғидан бошлаб ўзини ҳамиша иштиёқ билан меҳнат қилишга, меҳнатни севишга одатлантирди. Қийинчиликлар унинг иродасини бука олмасди – учраган қийинчиликларни енгиш учун у ўзида куч-қувват топарди. У ўз шогирдларига: “Бахт қунт билан кўп меҳнат қилган кишига келади” – деб айтарди.Рассомлик санъатини Леонардо да Винчи санъатнинг асосий тури деб ҳисоблар эди. У рассомлик санъати ёрдамида одамлар дунёни билиб олади деб, бу санъатга тадқиқотчи сифатида ёндашар эди. Леонардонинг чизган расмли “Мона Лиза” (ёки“Жоконда”) – шаҳарлик ёш жувон портрети бутун жаҳонга машҳурдир. Рассом бу расмда ёш жувоннинг фақат ташқи қиёфасинигина эмас, балки характерини, кайфиятини ҳам жуда яхши акс эттирган. Леонардо да Винчи ориятли зўр ва мустақил фикрли киши бўлган. Ўз давридаги амалдорларнинг ва раҳбарларнинг адолатсизлиги Леонардога ёқмаган. Чунки у ҳаққонийликни севарди, ҳақиқатпарвар эди. Шу сабабдан бўлса керак, У бутун умр бўйи сарсон –саргардонликда юриб, бегона юртда, Франсияда 1519 йили вафот этади.
Бундан 105 йил олдин, “Титаник” – ўз давридаги энг йирик океан лайнери бўлиб, 1912 йилнинг 15 апрель куни Англиянинг Саутҳемптон бандаргоҳидан Ню-Йоркка ўзининг илк рейси чоғида чўкиб кетган. Кема Атлантика уммонида айсберг билан тўқнашган. Ҳалокат оқибатида 2207 йўловчидан 1500 дан ортиқ инсон қурбон бўлди. Расмий маълумотларга кўра, фожиа “кема хавфли, музлаб қолган сувларда катта тезликда ҳаракатлангани ва жамоа айсберг билан тўқнашувнинг олдини ола билмагани» туфайли юз берган.
“Титаник”нинг ҳалокатига аслида ёнилғи сақланадиган жойдаги ёнғин сабаб бўлган. Журналист Молонининг фикрича, олов лайнерда унинг Саутҳемптондан чиқишидан аввал пайдо бўлган ҳамда уни бир неча ҳафта давомида ўчира олишмаган. Бу вақт давомида кема қопламаси қизиб кетган, шунинг учун айсберг билан тўқнашув жиддий оқибатларга олиб келган.
Бундан 23 йил олдин, милодий 1994 йилнинг 15 апрелида Марокашда Жаҳон савдо ташкилотини таъсис этиш келишуви имзоланди. Мазкур ташкилотни таъсис этиш фикри Иккинчи Жаҳон уруши жараёнида Америка ва Англия томонидан пайдо бўлган эди. Ушбу таклифлар асосида 1947 йилда дунёнинг 23та илғор давлати GATT номланган ёхуд Тижорат ва тарифнинг умумий шартномасини имзолашади. Ушбу шартнома асосида божхона тарифларини камайтириш, савдо чекловларини бартараф этиш ва эркин тижорат муаммоларини ҳал этиш музокаралари ўтказиларди. GATTнинг 8-йиғилиши Уругвайда 1986 йилда бошланади ва 1994 йилнинг апрел ойида Марокашда бўлган йиғилишда GATT Жаҳон савдо ташкилотига айлантирилади. Ушбу ташкилотга кўплаб мамлакатлар аъзо бўлишган. Мазкур ташкилотга оид қабул қилинган ҳужжат 1995 йилнинг 1-январида ижро кучига киради.
Азизлар, “Тарихнинг ўчмас кунлари” унвонли ҳафталик эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.