Нур томон йӯл-729
729-қисм."Рум " муборак сураси 47-49-ояти карималарининг шарҳи.
Суҳбатимиз ибтидосида « Рум " муборак сураси 47-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:
وَلَقَدْ أَرْسَلْنَا مِن قَبْلِكَ رُسُلًا إِلَىٰ قَوْمِهِمْ فَجَاءُوهُم بِالْبَيِّنَاتِ فَانتَقَمْنَا مِنَ الَّذِينَ أَجْرَمُوا ۖ وَكَانَ حَقًّا عَلَيْنَا نَصْرُ الْمُؤْمِنِينَ ﴿٤٧﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Батаҳқиқ, Биз сендан олдин ҳам Пайғамбарларни қавмларига юбордик. Бас, улар (қавмларига) очиқ-ойдин ҳужжатлар келтирганлар. Сўнг Биз жиноят қилганлардан интиқом олганмиз. Мўминларга нусрат бериш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ бўлган. (47)
Ӯтган суҳбатимизда шарҳлаган охирги ояти карима шамолнинг эсиши ва ёмғир ёғишининг гиёҳлар ӯсиши ва инсоният ҳаётидаги мавқеи ҳақида эди. Бу ояти каримада инсонларни далил ва исбот асосида ҳидоят қилиш учун пайғамбарларнинг юборилишига ишора қилинади ва бундан кейинги ояти каримада эса яна ерни тирилтириш учун шамол ва ёмғирнинг юборилиши ҳақида сӯз юритилади. Худди бу оятнинг, оламни яратиш ва бошқаришда Аллоҳнинг ҳикмат ва қудратига ишора қилинган ояти карималарнинг орасида келиши "Сизни яратган ва жисмоний эҳтиёжларингизни қондириш учун қуёш, шамол ва ёмғирни вужудга келтирган Улуғ Зот маънавий эҳтиёларингизни қондириш учун пайғамбарларни юборди. Улар ақл ва фитратингиз воситасида сизни ҳидоят қилади", -- деган нуктага нозик ишора қилинган.
Табиийким, ҳақиқатни англаб, иймон келтирган кишилар Аллоҳнинг лутфу марҳаматига ноил бӯлиб, Унинг нусрат ва кӯмакларидан баҳраманд бӯлишади. Аммо Ҳаққа қаршилик қиладиган, ундан юз ӯгирадиганлар Илоҳий жазога гирифтор этилади.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Аллоҳ таъоло муъжизалар ва пайғамбарлар юбориш йӯли билан кишиларнинг ҳидоят топиш шароитини муҳайё айлаган.
- Гунаҳкорлар ҳидоятни қабул қилмаганларидан сӯнг жазога тортилади. Зеро, уларга ҳидоят йӯли кӯрсатилмаганида бу жазо адолатсиз бӯлиб туюлиши мумкин эди.
- Охир-оқибат мӯминларнинг кофирлар устидан, ҳақнинг ботил юзасидан ғалаба қозониши Аллоҳнинг қатъий ваъдасидир.
Энди «Рум" муборак сураси 48-49-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.
اللَّـهُ الَّذِي يُرْسِلُ الرِّيَاحَ فَتُثِيرُ سَحَابًا فَيَبْسُطُهُ فِي السَّمَاءِ كَيْفَ يَشَاءُ وَيَجْعَلُهُ كِسَفًا فَتَرَى الْوَدْقَ يَخْرُجُ مِنْ خِلَالِهِ ۖ فَإِذَا أَصَابَ بِهِ مَن يَشَاءُ مِنْ عِبَادِهِ إِذَا هُمْ يَسْتَبْشِرُونَ ﴿٤٨﴾ وَإِن كَانُوا مِن قَبْلِ أَن يُنَزَّلَ عَلَيْهِم مِّن قَبْلِهِ لَمُبْلِسِينَ ﴿٤٩﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Аллоҳ шундай зотки, шамолларни юбориб, улар ила булутни қўзғатар ва у (булут)ни осмонда Ўзи хоҳлаганича ёяр ва бўлак-бўлак қилар, бас, унинг орасидан ёмғир чиқаётганини кўрасан. Қачон у(ёмғир)ни Ўз бандаларидан хоҳлаган кимсаларга етказса, улар дарҳол шод бўлурлар. (48) Ҳолбуки, устларига (ёмғир) туширилишидан олдин, ҳа, ундан олдин, мутлақо умидсиз эдилар. (49)
Қуёш нурининг ҳарорати натижасида денгиз ва океан сувлари буғланиб, осмонга кӯтарилади. Сӯнгра Аллоҳ таоло шамол воситасида буғлардан ташкил топган булутларни ернинг узоқ минтақаларига элтиб, қақроқ ерларга ёмғир ёғдиради.
Бугун инсоният нефт, газ ва сувни бир жойдан бошқа жойга олиб бориш учун қувурлар ӯтказиш ишига миллиардлаб доллар пул сарфлашга мажбур. Аммо Аллоҳ инсон учун ҳеч қандай харажати бӯлмаган усуллар билан ҳаётнинг энг зарур воситаси бӯлган сувни минглаб километр масофага элтиб, нафақат инсон балки барча тирик мавжудотни сероб айлайди.
Ёмғир нафақат инсоннинг жисми, балки унинг руҳини ҳам баҳраманд этади. Ёмғир тароватидан вужудга келадиган гулу гиёҳ ва боғу роғлар инсоннинг руҳиятига фараҳ ва шодумонлик бағишлайди. Қурғоқчилик натижасида умр бӯйи меҳнат-машаққат чекиб етиштирган маҳсулоти хавф-хатарга юзланган чорвадор ёхуд деҳқон шамол эсиб, осмонда булутнинг пайдо бӯлишини кӯргач, кӯзлари чақнаб кетади, лабларида табассум қалқийди. Бу Аллоҳнинг лутфу марҳаматига бӯлган умидворлик нишонасидир..
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
1 . Табиат ҳодисалари тасодифий нарсалар эмас. Бу Аллоҳ таъолонинг бутун олам, хусусан ер курраси ишларини тадбир қилишдаги қудрати ва ҳикмати нишоналаридир.
2. Аллоҳнинг иродаси оламнинг ишларини табиий сабаб-восита билан бажаришга қаратилган.
3. Аллоҳнинг чексиз лутфу марҳаматига таважжуҳ қаратиш инсоннинг умидсизлик ва ғамгинлик ҳолатини ислоҳ қилади. Мусулмон киши ҳар бир қийинчиликдан сӯнг роҳат-фароғат ва камбағаллик сӯнгида ӯзига тӯқлик борлигига ишониши керак.