Нур томон йӯл-730
730-қисм." Рум " муборак сураси 50-54-ояти карималарининг шарҳи.
Суҳбатимиз ибтидосида « Рум " муборак сураси 50-51-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:
فَانظُرْ إِلَىٰ آثَارِ رَحْمَتِ اللَّـهِ كَيْفَ يُحْيِي الْأَرْضَ بَعْدَ مَوْتِهَا ۚ إِنَّ ذَٰلِكَ لَمُحْيِي الْمَوْتَىٰ ۖ وَهُوَ عَلَىٰ كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ ﴿٥٠﴾ وَلَئِنْ أَرْسَلْنَا رِيحًا فَرَأَوْهُ مُصْفَرًّا لَّظَلُّوا مِن بَعْدِهِ يَكْفُرُونَ ﴿٥١﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Бас, Роббинг раҳмати асарларига назар сол. У ерни ўлиб ётганидан кейин қандай тирилтиради?! Албатта, У зот ўликларни ҳам тирилтиргувчидир ва У ҳар бир нарсага қодирдир. (50)Агар Биз бир шамол юбориб, улар (экинларини) сарғайган ҳолда кўрсалар, ундан кейин, албатта, куфрони неъмат қилишга ўтарлар. (51)
Ӯтган суҳбатимизда шамол ва ёмғир ҳамда уларнинг ер ва ердаги махлуқотларга келтирадиган фойдалари ҳақида гапиргандик. Бу ояти карималарда буюрилади: шамол ва ёмғир Аллоҳнинг амри билан амал қилишади, уларнинг таъсири ҳам Парвардигори каримнинг ихтиёридадир. У истаса қишда ӯлик ҳолатга келган заминни шамол ва ёмғир юбориш орқали тирилтириб, барча махлуқотларнинг ризқ-руз манбаига айлантириши, истаса иссиқ шамол билан яшнаган боғ-бӯстонни қуриб-қовжираган саҳрога айлантириши мумкин.
Ёмғир инсон ва умуман ерда ҳаёт кечирувчи барча махлуқот учун файз-барака, тӯкинлик ва ҳаёт манбаидир. Дарахт ва ӯт-ӯланларнинг дилкаш яшиллиги, ҳавонинг мусаффолиги, чашмаларнинг қайнаб чиқиши, жилғаларнинг шилдираб оқиши, об-ҳавонинг муътадиллиги... булар ёмғир деб аталмиш илоҳий раҳматнинг баракотидир.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Қуръони каримда ёмғир ер ва унинг барча махлуқларига ҳаёт бахш этувчи Илоҳий раҳмат, дея таърифланган.
- Ёмғир ёғиши ва заминнинг қайта тирилиши Аллоҳнинг қиёматни барпо қилиш ва аҳли башарни қайта тирилтириш қудратининг нишоналаридир.
- Юзаки фикрлайдиган одамлар оғир муаммо ва катта қийинчиликларга дуч келган чоғи дин ва иймонларидан воз кечиб, куфр йӯлини тутишади.
Энди «Рум" муборак сураси 52-53-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.
فَإِنَّكَ لَا تُسْمِعُ الْمَوْتَىٰ وَلَا تُسْمِعُ الصُّمَّ الدُّعَاءَ إِذَا وَلَّوْا مُدْبِرِينَ ﴿٥٢﴾ وَمَا أَنتَ بِهَادِ الْعُمْيِ عَن ضَلَالَتِهِمْ ۖ إِن تُسْمِعُ إِلَّا مَن يُؤْمِنُ بِآيَاتِنَا فَهُم مُّسْلِمُونَ ﴿٥٣﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Албатта, сен ўликка эшиттира олмассан ва даъватни ортларига бурилиб кетаётган карларга эшиттира олмайсан. (52) Сен кўрларни гумроҳликларидан ҳидоят қилгувчи эмассан. Сен фақат Бизнинг оятларимизга иймон келтирганларгагина эшиттира олурсан. Ана ўшалар мусулмонлардир. (53)
Бу ояти карималарда одамизод фарзандлари 4 гуруҳга бӯлинади.
Биринчи гуруҳдагилар кӯринишидан тирик, аммо ҳеч қандай ҳақиқатни тан олмайдиган, иймон келтирмайдиганлар.
Иккинчи гуруҳ пайғамбарлар даъватини эшитишни истамайдиганлар. Улар ҳақ сӯздан юз ӯгирган кишилардир.
Учинчи гуруҳ Ҳақни кӯришни истамайдиган, гумроҳликка ғарқ бӯлган кимсалар.
Тӯртинчи гуруҳ эса кӯз ва қулоқлари воситасида Ҳақни топиш илинжида сай-ҳаракат қилган ва Унинг фармонларига бӯйин сунган мӯминлардир.
Бу ояти карималардан шу нарса англашиладиким Қуръони каримнинг таълимоти бӯйича одамлар жисмоний ҳаёт ва ӯлимдан ташқари руҳоний ҳаёт ва ӯлимга ҳам эгадирлар. Зоҳиран ӯлик бӯлган Ҳақ йӯлининг шаҳидлари каби кӯплаб кишилар Қуръон нуқтаи назаридан тирикдирлар. Шунингдек, зоҳиран тирик бӯлган айрим кишилар Қуръон нигоҳидан ӯликдирлар. Зеро, улар гумроҳликда яшаб, ӯзларини Илоҳий ҳидоят нуридан маҳрум этмишлар.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Ҳақиқатни англашга тайёр бӯлмаган кишига ҳатто Аллоҳ пайғамбарининг сӯзи ҳам таъсир қилмайди.
- Фақтгина қулоқ, кӯз ва ақлнинг бӯлиши етарли эмас. Ҳақни қабул қила олиш руҳияси ҳам муҳимдир.
- Ҳақни менсимаслик ва ундан юз ӯгириш руҳияси инсонни хатарли гумроҳлик чоҳига туширади. Бу хавфли ӯрадан қайтиб чиқишнинг имконияти жуда ҳам оз.
- Пайғамбарлар ва дин пешволарининг вазифаси халойиққа йӯлланма беришдир, уларни ҳақни қабул қилишга мажбурлаш эмас.
- Иймон ва қалб тасдиғи етарли эмас. Амалда Аллоҳга таслим бӯлиш ҳам лозимдир.
اللَّـهُ الَّذِي خَلَقَكُم مِّن ضَعْفٍ ثُمَّ جَعَلَ مِن بَعْدِ ضَعْفٍ قُوَّةً ثُمَّ جَعَلَ مِن بَعْدِ قُوَّةٍ ضَعْفًا وَشَيْبَةً ۚ يَخْلُقُ مَا يَشَاءُ ۖ وَهُوَ الْعَلِيمُ الْقَدِيرُ ﴿٥٤﴾
ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Аллоҳ сизни заифликда яратган, сўнгра заифликдан кейин қувватли қилган, сўнгра қувватдан кейин яна заифлик ва қарилик ориз қилган зотдир. У хоҳлаганини яратур. У ўта илмли ва ўта қудратлидир. (Асли уруғларингиз нутфа деб аталмиш бир томчи жирканч сувдир. У жуда ҳам заиф нарса. Аллоҳ Ўз инояти ила ўша заиф сувдан ҳомила пайдо қилади. Ҳомила ҳам жуда заиф бўлади. Туғилган чоғида ҳам инсон боласи энг заиф бола бўлади. Узоқ йиллар ўзи мустақил равишда бирор иш қила олмайди. Шундай заиф одамни Аллоҳ «сўнгра заифликдан кейин қувватли қилган»дир. Аллоҳдан ўзга ҳеч ким унга бу қувватни бермайди. Вақти-соати етиб инсон қариб куч-қувватдан кетади. Дунё ана шундай. Ундаги ҳамма нарса ўзгариб туради. Бу ўзгаришларнинг ҳаммасини Аллоҳ таоло бажаради.) (54)
Бу ояти каримада инсон умрининг аввалидан охиригача бӯлган турли босқичларига ишора қилиниб, буюрилади: Онадан туғилган пайти бир неча йиллар давомида ӯта заиф ва нотавон эдинг, йигит ёшига етганингда ӯта қудратли бӯлдинг. Яна қарилик айёмида заиф ва нотавон бӯласан. Бу босқичларни ӯзгартириш қӯлингиздан келмайди, чунки Аллоҳ шундай ирода қилган.
Инсоннинг ӯзига қолганда ҳеч ким қариб мадорсиз бӯлишни истамасди.Шундай экан, йигитликдаги куч-қудрат ҳам инсоннинг ӯзига тегишли эмас. Шу сабабли у бу куч-қувватни қарилик айёмигача давом эттиролмайди.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Инсон ҳаётининг ибтидо ва интиҳоси заиф-нотавонликдан иборат. Икки нотавонлик оралиғидаги одам ӯзининг куч-қудрати билан мағрурланмаслиги керак. Шунингдек, қисқа бир муддатда куч-қувватга эга эканмиз, бу неъматнинг қадрини билишимиз, ундан .згуликлар йӯлида фойдаланишимиз лозим.
- Инсон умрининг нотавонлик ва куч-қувватга тӯлишган босқичлари билим ва қудрат соҳиби бӯлган Аллоҳ таъоло томонидан ҳикматли бир тарзда тадбир қилинган.