Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида
Ўзбекистон янгиликлари
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда.Унда ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида сизга маълумот берамиз. Бизни тинглаб боринг.
Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳлари билан танишинг:
- Ўзбекистон жиноий даромадларни легаллаштириш ва террорчиликни молиялаштириш хатарини баҳолаш бўйича 2016 йил рейтингида 101-ўринни эгаллади;
- Япония Бош вазири Шиндзо Абэнинг рафиқаси Акиэ Абэ бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи якунланди;
- Жорий йилнинг биринчи ярмида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” компанияси бир миллиондан ортиқ йўловчини манзилларига етказган;
- Ханой шаҳрида 2—4 август кунлари Ўзбекистон ва Вьетнам ўртасида ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини инвентаризация қилиш бўйича вазирликлараро маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди.
Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.
Ўзбекистон жиноий даромадларни легаллаштириш ва террорчиликни молиялаштириш хатарини баҳолаш бўйича Basel AML Index 2016 рейтингида 101-ўринни эгаллади ва террорчиликни молиялаштириш хатари паст бўлган мамлакатлар қаторидан ўрин олди, дея хабар берди Дарё сайти.
Рейтинг Базел бошқарув институти томонидан тайёрланган. Энг юқори баҳолаш коэффициенти 10 баллга тенг бўлиб, балл қанчалик паст бўлса, хатар ҳам шунчалик кам эканини англатади.
Рейтинг мамлакат банк тизимининг жиноий даромадларни легаллаштириш ва террорчиликни молиялаштириш бўйича имкониятларини, коррупцияга мойиллик, давлат ва молия секторлари фаолиятининг шаффофлиги, шунингдек, амалдаги сиёсий тузум ва маҳаллий қонунчиликнинг ўзига хосликларини бевосита қамраб олади.
Базел институтининг рейтинги мамлакатларнинг жиноий даромадларни легаллаштириш ва террорчиликни молиялаштириш хатарини FATF, Жаҳон иқтисодий форуми, Жаҳон банки, Transparency International каби очиқ манбалар, шунингдек, рейтингга киритилган мамлакатларнинг статистикаси асосида баҳолайди.
Рейтингга кўра, Ўзбекистон 5,1 индекс билан рейтингда 101-ўринни эгаллади. Бу борада Ўзбекистон АҚШ (97-ўрин) ва Россия (58-ўрин)ни ортда қолдирган, Марказий Осиё мамлакатлари орасида ҳам энг яхши кўрсаткичга эга.
Япония Бош вазири Шиндзо Абэнинг рафиқаси Акиэ Абэ бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи якунланди.
Sputnik ахборот агентлигининг хабарига кўра, 3-август куни Ўзбекистонга ташриф буюрган Япония Бош вазири Шиндзо Абэнинг рафиқаси Акиэ Абэ 4 август куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова ҳамроҳлигида Ўзбекистон Амалий санъат музейига ташриф буюрди.
Акиэ Абэга миллий либослар ва чолғу асбоблари, каштачилик, зардўзлик, заргарлик, ўймакорлик, кандакорлик ва кулолчилик асарлари, улардаги безак ва нақшларнинг маънолари ҳақида маълумот берилган. Кашта ва гилам тўқиш, металлга нақш солиш жараёни жонли тарзда кўрсатилиб, ўзбек мумтоз куйларидан намуналар ижро этилган.
Акиэ Абэ, шунингдек, япон ҳарбийлари мангу қўним топган масканни зиёрат қилган. Меҳмон ватандошлари хотирасига бунёд этилган ёдгорлик пойига гулчамбар қўйган.
Куннинг иккинчи ярмида Татьяна Каримова ва Акиэ Абэ Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театрига ташриф буюрганлар.
Концерт дастуридан ўрин олган "Ниндзя аёл", "Хаёл куйи", "Сакуранинг минг дарахти", "Кузги ой", "Қақнус", "Мовий осмон" каби куй-қўшиқ ва рақслар томошабинлар олқишига сазовор бўлган.
Шу билан Япония Бош вазирининг рафиқаси Акиэ Абэнинг Ўзбекистонга ташрифи ниҳоясига етган.
Тошкент халқаро аэропортида Акиэ Абэни Ўзбекистон президентининг рафиқаси Татьяна Каримова кузатиб қўйган.
Жорий йилнинг биринчи ярмида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” компанияси бир миллиондан ортиқ йўловчини манзилларига етказган. Кўпроқ тафсилотлар билан ҳамкоримиз Акбарали Маҳкамов хизматингизда.
Эшиттиришимизнинг давомига диққатингизни жалб этамиз.
Ханой шаҳрида 2—4 август кунлари Ўзбекистон ва Вьетнам ўртасида ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини инвентаризация қилиш бўйича вазирликлараро маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди.
Вьетнам делегациясига ТИВ ҳуқуқ ва халқаро шартномалар бошқармаси бошлиғи Нгуэн Мин Ву бошчилик қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ТИВ матбуот хизмати маълум қилди.
Тадбир давомида икки давлат ҳамкорлиги ҳуқуқий асосининг ҳозирги ҳолати ва уни кенгайтиришнинг истиқболлари муҳокама қилинди, кўриб чиқилаётган ҳамда турли соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга йўналтирилган Ўзбекистон—Вьетнам ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан фикр алмашилди.
Маслаҳатлашувлар доирасида Вьетнам ташқи ишлар вазири ўринбосари Ле Ҳоай Транг билан ҳам учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат давомида музокараларга ижобий баҳо берилди.
Қадрли тингловчилар, “Ўзбекистон ҳафта давомида” рукни остидаги эшиттириш шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.