Ислом оламида ваҳдатнинг зарурати
Толибон ҳаракати
Аллоҳ таоло номи билан
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“ Ислом оламида ваҳдатнинг зарурати” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Суҳбат поёнигача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.
Олдинги эшиттиришларимизда таъкидлаб ўтганимиздек, Афғонистонда истибдод ва хорижий мамлакатларнинг дахолатлари нотинчлик, тартибсизлик ҳамда иқтисодий ва маданий орқада қолишларга сабаб бўлган. Натижада Толибонга ўхшаган радикал ва террорчилик гуруҳларнинг юзага келишларига замина яратган.
Милодий 1973 йилда Афғонистонда давлат тўнтаруви амалга оширилади ва Зоҳиршоҳ ҳукуматдан четлаштирилиб, унинг ўрнини Довудхон эгаллайди. Ушбу ҳодисадан беш йил ўтгач, Афғонистон Халқ демократик партияси раҳбари давлат тўнтаруви орқали унинг ўрнини олади. Натижада мазкур мамлакатда Шўролар Иттифоқининг нуфуз топишига шароит юзага келади. Афғонистон Халқ демократик партияси ва Шўролар Иттифоқи ўртасида муносабатлар яхши йўлга қўйилган эди. Милодий 1979 йилда Афғонистоннинг ўша вақтдаги ҳукумати парчаланиш ҳолида эди ва Шўролар Иттифоқи унинг ҳимояси учун ўз ҳарбий кучларини мазкур мамлакатга юборади. Шўролар Иттифоқи Афғонистонда ҳарбий ҳозирлигини расман милодий 1979 йилнинг 24-декабрида бошлайди ва бир неча томондан ушбу мамлакатга ҳужум қилишни бошлайди. Натижада “Шўролар Ветьнами” номи билан машҳур бўлган уруш бошланади.
Ушбу уруш вақтида “Мужоҳиддин” номини олган гуруҳлар шаклланади ва Шўролар армиясига қарши тўқнашувлар олиб боради. Мазкур гуруҳлар Афғонистоннинг турли нуқталарида Қизил армияга қарши урушлар олиб борарди. АҚШ Шўролар Иттифоқининг Афғонистон териториясига киришига хурсанд эмас эди ва шу сабабдан Қизил армиягиа қарши курашаётган мужоҳиддин гуруҳларини қурол-яроқлар билан таъминлайди.
Усама бен Ладен ушбу вақтда Америка Хавфсизлик кучларининг ҳимояси остида Арабистондан Афғонистонга келади ва Шўролар армиясига қарши курашни бошлайди.
Шўролар Иттифоқи томонидан Афғонистон ишғол этилгани ва ушбу мамлакатнинг ички ишларига АҚШнинг дахолатлари бир томондан, афғон жиҳодчилари ва гуруҳлар раҳбарларининг умумий бир ҳукумат яратишдаги салоҳиятсизликлари бошқа томондан ҳамда мамлакатда сиёсий субот ва ички хавфсизликни барқарорлаш эҳтиёжи, иқтисодий ва маданий қашшоқликнинг кенгайиши ва қавмий ихтилофлар Ислом оламида толибонизм хатарли оқимининг шаклланишига сабаб бўлган.
Шўролар Иттифоқининг ҳарбий кучлари Афғонистондан 1989 йилнинг 15 февралида чиқишларидан кейин Нажибуллоҳ бир муддат коммунистлар ҳимояси остида бўлган ҳукуматнинг раҳбари сифатида Кобулда фаолият қилади. Аммо унинг инқирози мужоҳидлар ўртасида кўплаб ихтилофларни юзага келтиради ва шу тартибда Афғонистонда ички урушнинг учқуни яна аланга олади. Ушбу низо ва қарама-қаршиликлар бир мамлакатнинг бошқа ва исломий бўлган мамлакатга дахолат қилишларнинг маҳсули эди. Натижада қавмий ва диний низолар ошади ҳамда радикал гуруҳларнинг юзага келишига шароит яратади.
Афғонистон жиҳодчи кучлари ва Шўролар Иттифоқи армияси ўртасидаги 1979 йилдан 1989 йилгача чўзилган ўн йиллик уруш бир томондан, суботсизлик ҳамда жиҳодчи гуруҳларнинг ўзаро тўқнашувлари бошқа томондан, Афғонистоннинг иқтисодиётига улкан зарба беради ва мамлакатда умумий қашшоқликни юзага келтиради. Мазкур қашшоқликнинг узоққа чўзилиб, янада шиддат олгани толибон гуруҳини пайдо бўлишида муҳим омиллардан бири саналади.
Ҳозир эса ваҳдатга оид таҳлилчи Фахриддин Умаровнинг суҳбатини биргаликда тинглаймиз.
Таҳлилчи Фахриддин Умаровнинг суҳбати эди.
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган бир соатлик оқшомги дастуримизда " Ислом оламида ваҳдатнинг зарурати” унвонли туркум эшиттиришнинг янги сонини тинглаяпсиз. Сиз ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг. Эшиттиришимиз давом этади.
Толибон кучларининг аксариятини ва гуруҳнинг ядросини Афғонистон аҳолисининг энг камбағал қатламларидан бўлган ёшлар, айниқса паштунлар ташкил этишарди. Улар Шўролар Иттифоқининг армияси Афғонистондан чиққани ва жиҳод уруши якун топганидан кейин Покистонда жойлашган диний мадрасаларда таҳсил олишарди у ердаги диний раҳбарлар томонидан бериладиган озгина маблағ ивазига қашшокликдан нажот топишган эдилар.
Мазкур иқтисодий инқироз ва маданий қашшоқлик бир томондан, жуда қадимий бўлган диний одатлар ва диний мадрасаларда таҳсил олиш тамойиллари минтақадаги айрим давлатларни толибонни диний-ҳарбий бир куч сифатида ташкил этишга ундаган муҳим омиллардан эди.
Ишора этиб ўтилганидек, Толибон ҳаракати ўта бир диний мутаассиблик ҳаракати сифатида Афғонистон мусулмон халқининг турли гуруҳлари ва исломий мамлакатлар ўртасида кина ва адоватни яратиб, янги урушлар ва диний ихтилофларнинг юзага келишига ҳамда кўплаб мусулмонларнинг қонини тўкилишига сабаб бўлади.
Толибон гуруҳи аъзолари Покистондаги диний мадрасаларда таҳсил олган вақтларида қуролли тўқнашувларда иштирок этиш ва Афғонистонда диний бир тузумни барқарорлашни ўзларининг шаръий вазифалари ҳисоблашарди ва ушбу фаолият шаклини Аллоҳ йўлидаги жиҳод даражасига кўтаришган эдилар.
Қадрли тингловчилар, " Ислом оламида ваҳдатнинг зарурати” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Аллоҳ таолонинг паноҳида бўлинг.