Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар
Форс тилининг урду тилига бўлган таъсири
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшитиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу эшиттиришлар орқали сиз Эрон ва жаҳонда машҳур бўлган буюк шахсиятларнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишасиз. Бизни тинглаб боринг.
Таъкидлаб ўтганимиздек, Форс-дарий тили ўша аввалдан бошлаб ўзининг бошқа тил сўзлари билан ҳам таркиб топиш ва қўшилиш хусусиятларини кўрсатган эди. Араб алифбоси асосида тузилган форсий хатдан кейин кўплаб араб сўзлари ва мафҳумлар форс тилига кириб боради. Ушбу арабча сўзларнинг айримларини араб тилини биладиган эронликлар яратишган эдилар. Эроннинг бошқа лаҳжаларидан ҳам кўплаб сўзлар форс-дарий тилининг таркибига қўшилади. Бошқа халқ ва қавмлар тилларидан олинган сўзларни ўзида осонлик билан ҳазм этишлари форс-дарий тилининг халқаро тилга айланиш қобилиятини янада оширади.
Эрон тарихининг ажиб саҳифаларидан бири шундан иборатки, эронлик айрим шоҳлар ўзлари араб тилини билмас эдилар ва улар учун форс-дарий тилда ёзилган ва яратилган шеърият, адабиёт ва маданият асосий таянч ҳисобланарди. Шунга қарамай улар форс-дарий тилини девон ва расмий сифатида қабул қилишдан ўзларини тийиб, дарборларида расмий алоқалар учун араб тилидан фойдаланишарди. Тоҳирийлар, Сомонийлар ва Оли Буя сулолалари девонларидаги расмий мактуб ва ҳужжатларини араб тилида ёзишарди.
“Масъудий тарихи” китобида ёзилишича, ҳижрий тўртинчи асрда Кавказнинг Жабол, Озарбайжон, Арманистон, Орон, Билқон ва Дарбандидан бошлаб Хуросон ва Сиистон минтақаларигача яшовчи барча форслар ё эронликлар форсча сўзлашардилар. Жуғрофия илмининг билимдони Мақдасий ҳам ушбу асрда Ажам ҳудудларида яшовчи халқларнинг асосий тили форс тили эканлигини зикр этган.
Форс тили Эронда расмий тил сифатида салжуқий турклар ҳукмронлик қилган вақтда қабул қилинган эди. Улар турк қавмидан бўлишларига қарамай, ўзларидан олдин ўтган эронлик ҳукмдорларидан кўра кўпроқ ва кенг кўламда дарбор ва ҳукумат идораларида форс тилидан расмий тил сифатида фойдаланишарди.
Бунга сабаб бўлган асосий нарса эронлик донишмандлар, шоирлар ва адиблар ташаббуси билан форс тили адабий ва илмий ақидаларни баён этишда юксак равнақ ва ривожланишларга етган эди. Ўша даврда форс тили расмий тилга айланиш учун барча қобилиятларга эга бўлган эди.
Эронга турк ва мўғул қавмларининг кириб келганликларидан кейин форс тилининг мустаҳкам ва кучайишига нафақат зарар етказилмади, балки бир муддат вақт ўтганидан кейин муҳожир бўлган турк ва мўғул қавмлари ҳам Эрон маданиятига маҳлиё бўлишади. Ҳижрий олтинчи асрда кенг бўлган ислом оламининг кўплаб минтақалари турк қавмидан бўлган ҳукмдорларнинг ҳарбий ва сиёсий таъсирлари остида эди ҳамда ушбу ҳукмдорларнинг аксарияти Эрон маданиятининг таъсири ва тарбияси остида қарор топган эди. Форс тили ушбу маданиятнинг воситаси ва халқаро алоқаларнинг тили сифатида эронликка айланган турк ҳукмдорларининг таянчи бўлган эди ҳамда форс тили Хитойдан, Ҳиндистон ва Кичик Осиёгача кенгайиб борган эди ва муҳим бўлган халқаро тиллардан бири ҳисобланарди. Мўғуллар ҳукмронлик қилган даврнинг аввалидан бошлаб, форс тили мўғул хонларининг расмий мактублар ёзиш воситасига айланган эди. Гюкхон Попга ёзган мактубини форс тилида ёзган эди ва ушбу мактубнинг асл нусхаси унинг муҳри билан ҳозиргача сақланиб қолган. Италиялик машҳур сайёҳ ватожир Марко Поло форс тилини биларди ва Хитойнинг жуғрофик номларини форсча ёзарди.
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган оқшомги дастуримизда "Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз эса uzbek@ ParsToday.com.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.
Марокашнинг Танжер шаҳридан бўлган машҳур сайёҳ Ибн Баттута яшаган даврда форс тили халқаро миқёсда ўзининг авжига етган эди. У Мўғул Хитойи диёридан Ҳидистон ўрмонларининг ичигача, умуман ҳар қаерга борса, у билан форсча сўзлашувчи одамлар билан юзмаюз бўларди. Ибн Баттута Ислом оламида бўлган барча юртлар ва ундан ташқарида бўлган кўплаб мамлакатларга сафар қилган эди. У мазкур мамлакатларда форс тилини шунчалик кенгайиб борганидан ҳайратга тушган эди. Турк тили ўша вақтда Ўрта Осиё, Ҳиндистон, Кичик Осиё ва Эрон Озарбайжонида аҳолининг айрим қатлами учун оддий сўзлашув тили эди. Аммо форс тили эса мусулмон қавмларнинг халқаро алоқалари, идора ишлари, адабий ва илмнинг асосий тили ҳисобланарди.
Машҳур сайёҳ Ибн Баттутанинг ёзишича, Ҳиндистоннинг турк ё мўғул қавмидан бўлган ҳукмдорларнинг дарбор тили форс тили эди ва уларнинг номлари ҳам кўпинча форсча эди. Деҳлида султон хонасини “дорсаро” деб аташарди. Мирғазаб, яъни жаллодга дужхим дейишарди. Олтин ва нуқра қолиплари, яъни слиткаларига хишт дейишарди. Ҳиндистонда барча чет элликларни “хуросоний” деб аташарди. Шоҳ қасридаги йирик зални ”боргоҳ” ва ёғочдан ясалган ҳамда ипак ва бошқа нафис матолар билан безатилган аркларни “тоқи нусрат” деб аташарди.
Кембриж тарихида ёзилишича, Ҳиндистон Ғазнавийлар даврида турк султонларининг ҳукмронлиги остида қолади ва ҳижрий ўнинчи асрдан бошлаб, мўғуллар ва Бобурийлар инглислар Ҳиндистонга келгунга қадар мазкур юртда ҳукмронлик қилишарди. Бироқ ашрофзодалар ва давлатнинг расмий тили форс тили эди ва агар бирон киши давлат идоралари хизматига киришни хоҳласа, форс тилини билиши лозим эди.
Масъуд Саъд Салмон, Абулфараж Руний ва Абулҳасан Жалобий Ҳужвирий Лоҳурда форс тилида шеър ва китоб ёзишни бошлайдилар. Улардан олдин Ҳиндистоннинг машҳур форсийзабон шоири Амир Хусрав Деҳлавий ушбу юртда туғилиб, онаси ҳинд аёли бўлсада, форс тилида шеър ёзарди. Шайх Саъдий яшаган даврда, яъни ҳижрий –қамарийнинг 7-асрида Хитой Туркистонидаги Қашғар аҳолиси форс тили билан ошно эдилар. Чунончи, Шайх Саъдий “Гулистон”ининг еттинчи бобида ёзилишича. Қашғар жоме масжидижа бир ёш йигит Саъдийга айтган эди: “ Саъдийнинг ҳамма шеърлари ушбу ерда форс тилидадир ва ҳамма уни тушунади”.
Урду тили бугунги кунда Покистон халқи ва давлатининг расмий тили ҳисобланади. Ушбу тил сўзлар, мафҳумлар, шеърий кўринишлар, жумла тузилмаси ва бошқа таъбирлар жиҳатидан форс тилининг таъсири ва нуфузи остида қолган. Форс тили Ҳиндистондаги бошқа минтақаларда мавжуд ва санскрит тилидан сарчашма олган кўплаб тилларга ўз таъсирини етказган. Ҳатто Ҳиндистон жанубидаги дравидий тиллари ҳам форс тили таъсири остида қолишган.
Форс тили ва шеърияти урду адабиётига шунчалик таъсир етказганки, урду тилида шеър ёзувчи шоирлар Ҳиндистон қаҳрамонларини васф этиш ўрнига Рустам ва Исфандиёрни севимли қаҳрамонлар сифатида васф этишади ҳамда ошиқликда машҳур бўлган ҳиндистонликлар қаҳрамонларининг номлари ўрнига Лайли ва Мажнун, Ширин ва Фарҳод ҳамда Ҳиндистон дарёлари ўрнида Сайҳун ва Жайҳун номларидан шеърларида фойдаланишган.
Қадрли тингловчилар, «Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.