июл 24, 2017 13:59 Asia/Tashkent

Ӯзбекистонга оид муҳим янгиликлар

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнидаги туркум эшиттиришнинг янги сони  эфирда.Унда ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида сизга маълумот берамиз. Бизни тинглаб боринг.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:

  1. Комилов Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги молиявий битимни имзолади.
  2. "Одноклассники"даги танишув туфайли 20 яшар Жонибек етти йилга қамалди.
  3. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Федерика Могерини билан учрашди.
  4. Комилов Бельгия ташқи ишлар вазири билан учрашди.
  5. Санкт-Петербургда Ўзбекистон Бош консуллиги очилади.
  6. Тошкентда МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилиши ўтказилади.
  7. Ўзбекистонлик ҳарбийлар Хитойда бўлиб ўтадиган АрМИ-2017 халқаро армия ўйинларида иштирок этишади.
  8. Ўзбекистон ва Белоруссиянинг хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликлари кенгаймоқда.
  9. Мирзиёев Тошкент вилоятидаги қатор амалдорларни ишдан бўшатди.
  10. Хитойликлар Андижонда цемент заводини қуришади.
  11. Президентнинг Тошкент вилоятини янада ривожлантириш бўйича қарори эълон қилинди.

Энди энг муҳим  мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:

Жорий  йилнинг 17 июль куни “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” Ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Брюсселга ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Европа Иттифоқи Комиссиясининг Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш бўйича Бош директорати раҳбари Стефано Мансервиси ва Европа ташқи фаолият хизматининг Бош котиби Ҳелга Шмидт билан учрашди.  

Музокаралар якунига кўра, Абдулазиз Комилов ва Стефано Мансервиси “Боғдорчиликни ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги Молиявий битимни имзолашди.

Имзоланган кундан бошлаб кучга кирувчи ҳужжат Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги илмий-тадқиқот институтларининг моддий-техник базасини модернизация қилиш ва мустаҳкамлаш учун Евроиттифоқ томонидан 21,5 млн евро миқдоридаги грант маблағлари ажратилишини назарда   тутади.

Хххххххххххххххххх

 18 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Брюссель шаҳрида Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, ЕИ Комиссияси вице-президенти Федерика Могерини билан учрашди.

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари томонидан ўзаро алоқаларга оид қатор масалалар муҳокама қилинди ва Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган “Европа Иттифоқи-Марказий Осиё” вазирлар учрашувида кун тартиби юзасидан фикр алмашилди.

Абдулазиз Комилов Федерика Могеринини шу йилнинг кузида Самарқанд шаҳрида БМТ раҳбарлигида ўтказиладиган Марказий Осиёда хавфсизликни ва барқарорликни таъминлаш муаммолари бўйича халқаро анжуманга таклиф этди.

Шунингдек, учрашувда  халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари ҳам кўриб чиқилди.

Ххххххххххххххх

Президент Шавкат Мирзиёев 19 июль куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Ўзбекистон Бош консуллигини очиш ҳақидаги қарорни имзолади.

Kun.uz ахборот агентлигининг тарқатган хабарига кўра, ҳужжатда таъкидланишича, қарор «Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахслари ҳуқуқ ҳамда манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлаш, уларга сифатли консуллик-ҳуқуқий ёрдамни кўрсатиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг миграция оқимларини мониторинг қилиш» мақсадида қабул қилинди.

Қарорга кўра, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия ТИВ ҳамда Санкт-Петербург шаҳри маъмурияти билан икки ойлик муддатда Ўзбекистон Республикасининг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консуллигини жойлаштириш, шунингдек, унинг фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал қилиш вазифаси юкланди.

Маълумот учун, Ўзбекистон айни дамда Россияда иккита дипломатик ваколатхонага эга: Москвадаги элчихона ва Новосибирскдаги бош консуллик.

Ххххххххххххххххх

Жорий йил 20 июль куни Халқаро бизнес марказида Ўзбекистон ва Афғонистон делегациялари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Музокаралар кун тартибига қўйилган асосий масалалар савдо-иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш, Ўзбекистон маҳсулотларини Афғонистонга етказиб беришни кўпайтириш ва бу тизимни яхшилаш каби мавзулар бўлди.

Анжуман доирасида «UzTrade» АЖ раҳбарияти Афғонистон бизнес делегацияси вакиллари билан музокаралар ўтказди. Унда Ўзбекистон маҳсулотларини қўшни давлатга экспорт қилиш ҳажмини ошириш мавзусида фикр алмашилди.

Ўзбекистон Ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги «UzTrade» АЖ халқаро ташқи савдо компанияси бўлиб, кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, деҳқон ва фермер хўжаликларининг маҳсулотларини экспорт қилишга кўмаклашиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар учун янги бозорларни топиш ва ўзлаштириш мақсадида ташкил этилган.

Бугунги кунда «UzTrade» АЖ доимий тартибда Афғонистонга республикада ишлаб чиқарилган турли хил саноат ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бермоқда.

Афғонистон бозоридаги ўрнини мустаҳкамлаш ва экспорт маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмини ошириш мақсадида Мозори Шарифда барпо этилаётган Ўзбек-Афғон қўшма савдо уйини ташкил этиш ишларини тезлаштириш масалалари ҳам учрашув чоғида кўриб чиқилди.

Ххххххххххххххххххххххххх

Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарлари кенгашини  2017 йилнинг 3 ноябрь куни Ўзбекистон пойтахтида ўтказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда  Тошкент шаҳридаги ҳамкоримиз Маҳмула Муҳаммадкарим -қизи хабар беради.

Ххххххххххххххххххх

 Sputnik ахборот агентлигининг тарқатган хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига сафари вақтида ҳуқуқ тартибот органлари ва ҳокимиятдаги бир қатор амалдорларни ишдан бўшатди .

Хабарда айтилишича, Тўйтепа шаҳрида жойлашган Тошкент вилояти ҳокимлиги биносида Шавкат Мирзиёев раислигида вилоят фаоллари билан йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда давлат раҳбари туманларда коммунал соҳалардаги муаммолар тўпланиб қолганига эътибор қаратди.

Йиғилиш якунига кўра, вилоятдаги туманлар ҳокимлари, прокуратура ва ИИБ раҳбарлари ўз лавозимидан озод этилди. Амалдорлар бепарволиги, масъулиятсизлиги ва ишга совуққонлик билан қараши сабабли ишдан бўшатилди.

Мирзиёев йиғилишда иштирок этган амалдорларга вилоятда юзага келган вазиятни зудлик билан изга солишни ҳамда аҳоли билан ишлашда янгича услубларни жорий этишни топширди.