июл 25, 2017 14:14 Asia/Tashkent

Форс адабиётининг турк адабиётига бўлган таъсири

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Дунёнинг фахри  бўлган эронлик  буюк шахсиятлар” рукни остидаги  туркум эшитиришнинг янги сони яна  эфирда. Ушбу эшиттиришлар орқали сиз Эрон ва жаҳонда машҳур бўлган  буюк шахсиятларнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишасиз.  Бизни тинглаб боринг.

Олдинги эшиттиришимизда форс тили кўплаб мамлакатларда расмий  тил сифатида кенг қўлланилгани ҳақида сизга маълумот берган эдик. Марокашнинг Танжер шаҳридан бўлган машҳур сайёҳ Ибн Баттута яшаган  даврда  форс тили халқаро миқёсда ўзининг авжига етган эди. У Мўғул Хитойи диёридан Ҳидистон ўрмонларининг ичигача, умуман ҳар қаерга борса, у билан форсча сўзлашувчи одамлар билан юзмаюз бўларди. Машҳур сайёҳ Ибн Баттутанинг ёзишича, Ҳиндистоннинг турк ё мўғул қавмидан бўлган ҳукмдорларнинг дарбор тили форс тили эди ва уларнинг номлари ҳам кўпинча форсча эди. Кембриж тарихида ёзилишича, Ҳиндистон Ғазнавийлар даврида турк султонларининг ҳукмронлиги остида қолади ва ҳижрий ўнинчи асрдан бошлаб, мўғуллар ва Бобурийлар инглислар Ҳиндистонга келгунга қадар  мазкур юртда ҳукмронлик қилишарди. Бироқ ашрофзодалар ва давлатнинг  расмий тили форс тили эди ва агар бирон киши давлат идоралари хизматига киришни хоҳласа, форс тилини билиши лозим эди.

Масъуд Саъд Салмон, Абулфараж Руний ва Абулҳасан Жалобий Ҳужвирий Лоҳурда форс тилида шеър ва китоб ёзишни бошлайдилар. Улардан олдин Ҳиндистоннинг машҳур форсийзабон шоири  Амир Хусрав Деҳлавий ушбу юртда туғилиб, онаси ҳинд аёли бўлсада, форс тилида шеър ёзарди.

Урду тили бугунги кунда Покистон халқи ва давлатининг расмий тили ҳисобланади. Ушбу тил сўзлар, мафҳумлар, шеърий кўринишлар, жумла тузилмаси ва бошқа таъбирлар жиҳатидан форс тилининг таъсири ва нуфузи остида қолган. Форс тили Ҳиндистондаги бошқа минтақаларда мавжуд ва санскрит тилидан сарчашма олган кўплаб тилларга ўз таъсирини етказган. Ҳатто Ҳиндистон жанубидаги дравидий тиллари ҳам форс тили таъсири остида қолишган.

Форс тили ва шеърияти урду адабиётига шунчалик таъсир етказганки,  урду тилида шеър ёзувчи шоирлар Ҳиндистон қаҳрамонларини васф этиш  ўрнига Рустам ва Исфандиёрни севимли қаҳрамонлар сифатида  васф этишади ҳамда ошиқликда машҳур бўлган ҳиндистонликлар қаҳрамонларининг номлари ўрнига Лайли ва Мажнун, Ширин ва Фарҳод ҳамда Ҳиндистон дарёлари ўрнида Сайҳун ва Жайҳун номларидан  шеърларида фойдаланишган.

Темурийлар даврида айрим шоирлар  икки тилда, яъни форсча ва туркчада шеър ёзишарди. Масалан, Ҳиротда яшаб ижод қилган Амир Алишер  Навоийга ўхшаган шоирлар ҳар иккала тилларда ижод қилишарди. Кичик Осиё (ҳозирги Туркия) салжуқийлар ҳукмронлиги даврида  форс тилининг ривожланиш ҳавзаларидан бирига айланган эди.  Рум салжуқийлари  Кичик Осиёга бориш ва уни ишғол этишдан олдин Эрон салжуқийларига ўхшаб  Эрон маданияти  ва форс тилининг таъсири ва нуфузи остида   қолишган эдилар ҳамда уларнинг адабий ва расмий тиллари форсча эди.

Ўша вақтда  турк адабий тили Осиёнинг ушбу  нуқтасида оёққа турмаган эди ва минтақа турклари  кундалик ва оддий сўҳбатларида турк тилидан фойдаланишсада, уларнинг давлат идоралари ҳамда  адабий ва расмий тиллари форсча эди.  Рум салжуқийлари подшоҳларининг исмлари Кайқубод, Кайхусравга ўхшаган форсча эди ва улар форс тилида яхши сўҳбат қилишарди ва ёзишарди. Ҳозиргача Эрон ва Рум салжуқийлари дарборларида туркчада ёзилган бирон ҳужжат топилмаган.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар”  рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги   сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз эса  uzbek@ ParsToday.com.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Ҳижрий-қамарий олтинчи асрда яшаган буюк эронлик шоир Жалолиддин Мавлоно ўзининг она шаҳри бўлган Балхдан Рум салжуқийлари пойтахти Қунияга борган вақтида у ерда форс тили шу даражада ривожланган эдики, йўл давомида ва ҳамма жойда у билан юзмаюз бўлган аҳоли унинг  тили, маданияти ва урф одатлари билан яхши таниш эди. Қуния Эрон маданий ҳавзасининг энг ғарбида жойлашган бўлсада ва Балхдан жуда узоқда  бўлишидан қарамай, ушбу шаҳар Мавлавий учун таниш муҳит эди. Мавлавий Қунияда шу сабабдан форс тилида шеър ёзадики, форс тили унинг она тили эди ва у ердаги аҳоли ҳам форс тилини яхши тушунишарди.  
Усмонийлар давлатини ташкил этган ҳукмдор Эрондаги салжуқий туркманлар  хонадонининг бирига тааллуқли эди. Ушбу ҳукумат Сафавийлар давлати сингари, балки улардан ҳам кўпроқ форс тилининг нуфузи ва таъсири остида қолган эди. Усмонийларнинг аксар султонлари  форс тили, адабиёти ва шеъриятига  катта қизиқиш кўрсатишган ва эронликлар мисоли Эроннинг буюк шоири  Хожа Ҳофиз Шерозий девони орқали фол очишарди. Усмоний султонларининг талаб ва ниятлари рўёбга чиққанидан кейин улар Ҳофиз мақбараси учун қимматбаҳо совғалар юборишарди. Усмонийларнинг охирги султонларидан бири Абдулҳамид  Ҳофиз девони билан фол очади ва буюк шоирнинг шеъри уни “Аёсўфия” масжидига боришга ман этади. Султон Абдулҳамид бўш аравасини ўша масжидга юборади. Йўлда эса ушбу арава портлаб кетади. Мазкур вақеадан кейин у Ҳофиз мақбараси учун  кўплаб совғалар юборади.

Арнолд Тойнбига кўра, Усмонийлар шоҳларидан бири Султон Салим комил тарзда Эрон тамаддуни ва форс тили  нуфузининг  таъсири остида қолган эди. У Европанинг ярмини ишғол этган эди ва амалда Эрон тамаддуни Европанинг ярмига ёйилган эди. Султон Салим Миср ва  Қоҳирани ишғол этилганида, дарвоқе, бу Эрон тамаддунининг араб тамамаддунини ишғол этилган эди. Салибийлар уруши вақтида Қастантания инқирозидек бўлгани каби, Қоҳира таназзуллини ҳам  шунчалик муҳим санаш лозим.Ғарб тарихчиларидан бири Арнолд Тойнбига кўра,  шоҳ Исмоил Сафавий ва Султон Салим Эрон тамаддунида тарбия топган шоҳлар эдилар. Султон Салим форсча шеър ёзарди ва дарборида форс тили жорий этилган. Султон Боязид Усмоний Жомий, Мавлоно Сайфиддин Аҳмадга ўхшаган шоир ва уламолар ҳамда  эронлик тарихчи  Жамолиддин Атоилҳаъга пул ва совғалар жўнатиб турарди. Султон Муҳаммад Фотеҳ Қастантанияни ишғол ва ушбу шаҳарни ғорат қилганидан кейин форс тилида Хоқонийнинг қасидасини ёддан ўқийди.

Усмонийлар дарборларида бўлган шоирлар форс адабиётининг машҳур шоирларига тақлид қилишарди. Масалан,  шоҳзода Маҳмуд  Усмонийнинг маддоҳ шоири Биҳиштий Низомийнинг “Хамса”сига тақлид қилиб, беш китобдан иборат шеъ ёзади. Султон Сулаймон Қонуний  дарборининг шоири Фирдавсий ушбу шоҳнинг тарихи борасида   улуғ Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сига тақлид қилиб,  ярми наср ва ярми назмда бўлган асар ёзади.

Усмонийлар Туркиясининг янги пайдо бўлган шеърияти ва насрида ушбу юртда бўлган  форс тилида сўзлашувчи эронликлар асос солишган. Турклар форс адабиётидан нафақат ақидаларни, балки ушбу ақидаларни баён этиш ҳунарини ҳам қарз олишган. Улар нафақат адабий ҳодисалар ва фикрларни танлашда, балки уларни ифода этиш усулида ҳам форс адабиёти таъсири остида қолишган эдилар.   

Қадрли тингловчилар, «Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.