август 06, 2017 13:04 Asia/Tashkent

Марказий Осиёга оид муҳим янгиликлар шарҳи

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини  эфирга узатамиз.Унда  мазкур минтақада жойлашган  мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий,  маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.

Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

1. Душанбе шаҳрида Ўрта Осиё мамлакатлари ва АҚШ расмийлари учрашди;

2. АрМИ-2017 доирасида Қозоғистонда “Снайпер чегараси” танлови халқаро босқичи бошланди;

3. Қирғизистон президентлигига номзод бўлган 11 шахсга нисбатан суд ҳукми эълон этилган;

4. Туркманистон президенти коммандос қиёфасида кўриниш берди.

 Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

Душанбе шаҳрида Ўрта Осиё мамлакатлари ва АҚШ расмийлари учрашди.

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган ушбу йиғилишда, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳамда АҚШ давлатларининг намояндалари Ўрта Осиёда терроризмга қарши кураш йўналишида минтақавий ҳамкорлик қилишга боғлиқ масалаларни муҳокама қилишди

Ўрта Осиё мамлакатларининг хавфсизлик бўйича расмийлари Америка Ташқи ишлар вазири ўринбосари билан Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида учрашди ва минтақада терроризмга қарши кураш учун қандай чораларни қўллаш ҳақида суҳбат ва музокара ўтказишди. 

Форс ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, ўтган чоршанба куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган ушбу йиғилишда, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳамда АҚШ давлатларининг намояндалари Ўрта Осиёда терроризмга қарши кураш йўналишида минтақавий ҳамкорлик қилишга боғлиқ масалаларни муҳокама қилишди. 

Экстремизм ва терроризмга қарши курашга қаратилган мазкур йиғилишда Америка ҳайъатига АҚШ Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари бошчилик қилди ҳамда Американинг Тожикистондаги элчиси Елизавета Милорд ҳам қатнашди.

АрМИ-2017 доирасида Қозоғистонда “Снайпер чегараси” танлови халқаро босқичи бошланди.

“Снайпер чегараси” танлови бош ҳаками Ўзбекистонни мусобақа фаворити деб айтди

АрМИ-2017 доирасида Қозоғистонда бўлиб ўтаётган “Снайпер чегараси” танлови халқаро босқичи бош ҳаками Қозоғистон, Ўзбекистон, Хитой, Монголия ва Россияни мусобақа фаворитлари деб атади.

Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар бермоқда. "Хитой, Монголия, Россия ва Ўзбекистон мусобақа мезбонлари билан бир қаторда “Снайпер чегараси” танловининг халқаро босқичи асосий фаворитлари ҳисобланишади. Мусобақалар бош ҳаками генерал-майор Талгат Койбаковнинг таъкидлашича, бу мамлакатлар географик қўшнилар ҳисоблангани боис бу жамоаларга маҳаллий иқлимга мослашиш учун бошқа жамоаларга нисбатан кам вақт талаб этилади", — дейилади хабарда. АрМИ-2017 мусобақалари 29 июлдан 12 августга қадар бир вақтнинг ўзида Россия, Озарбайжон, Белоруссия, Қозоғистон ва Хитойда бўлиб ўтади. Унда 28 мамлакатдан 150 жамоа қатнашади.

Қозоғистон жанубида бўлиб ўтаётган халқаро армия ўйинларида дунёнинг 18 мамлакатидан келган 400 дан ортиқ ҳарбийлар иштирок этмоқда. Бу ҳақда РИА Новости хабар қилмоқда.

"18 мамлакатдан келган 400 ҳарбий хизматчи халқаро армия ўйинларида иштирок этмоқда. У бугун Қозоғистоннинг Жамбул вилоятида бошланади", — дейилади хабарда.

АрМИ-2017 иштирокчилари мусобақа бошланиши аввалида Қозоғистон биринчи мудофаа вазири Сагадат Нурмагамбетов хотирасини ёд этишди. Тантанали маросимда Жанубий Америка, Осиё, Африка ва Европа мамлакатлари ҳарбийлари иштирок этишди.

АрМИ-2017 1-9 август кунлари Олотов тоғларида бўлиб ўтади. Унда 18 мамлакат: Ўзбекистон, Озарбойжон, Арманистон, Бангладеш, Белоруссия, Венесуэла, Греция, Зимбабве, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Мўғулистон, Россия, Тайланд, Тожикистон ва ЖАР ҳарбийлари қатнашмоқда.

Қирғизистон президентлигига номзод бўлган 11 шахсга нисбатан суд ҳукми эълон этилган.

Қирғизистоннинг Марказий сайлов комиссияси раиси бу мамлакат президентлигига номзод бўлган 11 шахсга нисбатан суд томонидан ҳукм эълон этилганлиги ҳақида хабар берди.

Форс ахборот агентлиги хабарига кўра,  Қирғизистоннинг Марказий сайлов комиссияси раиси Нуржон Шайлдабековага кўра,  айни пайтда Қирғизистон МСК масъуллари  бу шахсларга нисбатан чиқарилган суд ҳукмини кўриб чиқишмоқда,  уларга нисбатан эълон этилган бундай ҳукмлар масаласи ҳал этилмаганида номзодлар мамлакат президенлик сайловларида қатнаша олишмайди.

Шайлдабекова, шунингдек,  2011 йилда мамлакат президентлик сайловлари номзодларининг рўйхатига ишора қилиб,  ушбу   президентлик сайловлардаги номзодлар рўйхати 2011 йилга қараганда анча камроқ эканини ҳам илова қилди.

Қирғизистонда президентлик сайловлар жорий йилнинг 15 октябрида ўтказилиши кутилмоқда.

Туркманистон президенти коммандос қиёфасида кўриниш берди.

Интернетда Туркманистон президенти Гурбангули Бердимухамедов коммандос кўринишида бўлган ролик жойлаштирилди.

Бердимухамедов роликда камуфляж кийимида автомат, милтиқ ва тўппончадан отаётгани, пичоқни устамона улоқтираётганини кўриш мумкин. У буларнинг барчасини 100 фоиз аниқлик билан, ҳарбийлар олқишлари остида бажармоқда. Роликка қолдирилган изоҳларда Бердимухамедов жангари фильмлар қаҳрамонларига қиёсланган. Изоҳ қолдирганлардан бири Бердимухамедовга “Туркменатор” деб ном ҳам берган. Бошқа бир фойдаланувчи эса суратга олиш усули ҳинд киносини эслатиб юборишини айтган.

Туркманистон давлат ахборот агентлиги сайтида президент Ашхободнинг жанубий қисмидаги қўшинлар тайёрлигини текширгани маълум қилинган.   

“Мамлакат раҳбари бу ерда тақдим қилинган энг янги жанговар қуролни қўлига олиб, нишонни аниқ ура олишини намойиш қилди, бу эса у юқори даражадаги ҳарбий тайёргарликка эгалигининг исботи бўлди. Сўнгра президент тўппончадан нишонга ўқ узишда усталигини намойиш қилди. Олий қўмондон штик-пичоқлар билан нишонни уриб, совуқ қуролга моҳирона эгалик қилиш бўйича малакаларини намойиш қилди», деб айтилган хабарда.

Қадрли тингловчилар, “Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.

 

Ёрлиқ