август 11, 2016 13:29 Asia/Tashkent

695-қисм."Қасас" муборак сураси,47-50ояти карималар

Суҳбатимиз ибтидосида  “Қасас” муборак сураси  47-48-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

وَلَوْلَا أَن تُصِيبَهُم مُّصِيبَةٌ بِمَا قَدَّمَتْ أَيْدِيهِمْ فَيَقُولُوا رَبَّنَا لَوْلَا أَرْسَلْتَ إِلَيْنَا رَسُولًا فَنَتَّبِعَ آيَاتِكَ وَنَكُونَ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ ﴿٤٧﴾ فَلَمَّا جَاءَهُمُ الْحَقُّ مِنْ عِندِنَا قَالُوا لَوْلَا أُوتِيَ مِثْلَ مَا أُوتِيَ مُوسَىٰ ۚ أَوَلَمْ يَكْفُرُوا بِمَا أُوتِيَ مُوسَىٰ مِن قَبْلُ ۖ قَالُوا سِحْرَانِ تَظَاهَرَا وَقَالُوا إِنَّا بِكُلٍّ كَافِرُونَ ﴿٤٨﴾

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Агар уларга қилмишлари туфайли мусибат етганида: «Эй Роббимиз, бизга Пайғамбар юборганингда эди, оятларингга эргашар эдик ва мўминлардан бўлар эдик», демасалар эди. (47) Қачонки уларга Бизнинг ҳузуримиздан ҳақ келганида, улар: «Унга ҳам Мусога берилган нарса берилса эди», дедилар. Улар илгари Мусога берилган нарсага куфр келтирмаган эдиларми?! Улар: «Икки сеҳр ўртага чиқди, бир-бирига ёрдам бермоқда, биз ҳар бирига куфр келтиргувчимиз», дедилар. (Ҳа, Муҳаммаддан (с. а. в.) илгари улар Мусога алайҳиссалом тушган нарсага ҳам куфр келтирган эдилар. Энди бўлса, Муҳаммадга (с. а. в.) иймон келтирмасликларига Мусога алайҳиссалом берилган нарсага ўхшаш нарса у кишига берилмаганини сабаб турибдилар. Улар «икки сеҳр» деб Таврот билан Қуръонн назарда тутишяпти. Таврот ҳам, Қуръон ҳам сеҳрдир, улар бирга ўртага чиқиб, бир-бирига ёрдам бермоқда, биз ҳар иккисига ҳам куфр келтирувчилармиз, дейишяпти.) (48)

Бу ояти карималарда тарих давомида бот-бот такрорланган Илоҳий қонунлардан бирига ишора қилиниб, буюрилади: Аллоҳ таъоло инсонга ақл берган ва инсон бу ақли орқали кӯпгина ишлар, ақида, одоб ва расм-русумларнинг тӯғри-нотӯғрилигини идрок этади. Аммо Илоҳий қонуният шулким,  бирор-бир қавмга пайғамбар юбормагунча бу қавмни хато ва адашишлари учун жазоламайди. Шундай қилинса, бу қавм  “бизга бирор-бир пайғамбар келганида тӯғри йӯлга ҳидоят қилар ва биз ҳидоят аҳлидан бӯлардик” дея баҳона келтиришлари мумкин эди.

Ояти карималарнинг давомида буюрилади: Албатта,  баҳона  истовчи гуруҳлар пайғамбар юборилгандан сӯнг ҳам “нега ҳазрат Муҳаммад ҳазрат Мусонинг муъжизаларига ӯхшаш муъжизалар кӯрсатмайди? Нега унинг асоси аждаҳога айланмайди? Нега денгиз иккига бӯлиниб, душманлари сувда ғарқ бӯлмайди?”—дея баҳона келтиришда давом этишади.

Қуръони карим баҳона қидирувчиларга жавобан буюради: Ҳазрат Мусонинг муъжизаларини кӯрган замондошларининг ҳаммаси унга иймон келтиришдими? Ҳақиқат шулким, баҳона қидирувчилар барча замонларда Илоҳий муъжизаларни сеҳр ва жоду деб атаб уларни қабул қилишмасди. Ҳазрат Мусонинг ҳам, ҳазрат Муҳаммад (с)нинг мухолифлари ҳам Илоҳий пайғамбарларни жодугар деб аташган. Ҳазрат Мусонинг замондошлари асонинг илонга айланишини жодугарлик деб аташса, ҳазрат Муҳаммаднинг замондошлари Қуръони каримнинг оятларини сеҳргарлик каломи дейишди.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Аллоҳ ӯз пайғамбарларини юбориб, ҳужжатини комил айлаб, ҳар қандай баҳона изловчиларнинг йӯлини тӯсиб қӯйди.
  2. Жуда кӯп муаммо ва мусибатлар ӯз қилмишларимизнинг натижасидир. Эзгу ва ёмон амалларимизнинг жабрини шу дунёдаёқ татиб кӯришимиз мумкин.
  3. Кофирлар кӯп ҳолатларда Илоҳий пайғамбарларни соҳир ва жодугар дея туҳмат қилишган.

Энди “Қасас” муборак сураси49-50-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

قُلْ فَأْتُوا بِكِتَابٍ مِّنْ عِندِ اللَّـهِ هُوَ أَهْدَىٰ مِنْهُمَا أَتَّبِعْهُ إِن كُنتُمْ صَادِقِينَ ﴿٤٩﴾ فَإِن لَّمْ يَسْتَجِيبُوا لَكَ فَاعْلَمْ أَنَّمَا يَتَّبِعُونَ أَهْوَاءَهُمْ ۚ وَمَنْ أَضَلُّ مِمَّنِ اتَّبَعَ هَوَاهُ بِغَيْرِ هُدًى مِّنَ اللَّـهِ ۚ إِنَّ اللَّـهَ لَا يَهْدِي الْقَوْمَ الظَّالِمِينَ ﴿٥٠﴾

Бу ояти  карималар  қуйидагича таржима қилинган :

Сен: «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, Аллоҳнинг ҳузуридаги у иккисидан кўра тўғрироқ бир китоб келтиринг, мен унга эргашаман», дегин. (49) Агар сенга жавоб бера олмасалар, бас, билгинки, улар фақат ҳавои нафсларига эргашмоқдалар, холос. Аллоҳдан бўлган ҳидоятсиз, ўз ҳавои нафсига эргашгандан кўра ҳам гумроҳроқ кимса борми?! Албатта, Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас. (Қуръонга эргашмаган ҳар бир кимса ҳавои нафси йўлида юрган бўлади. Ҳавои нафси ихтиёридаги ҳар бир кимса дунёдаги энг гумроҳ кимсадир. Агар бунга эътироз бўлса, Қуръондан кўра тўғрироқ китобни келтирсин!) (50)

Олдинги ояти карималарнинг давоми сифатида бу оятларда ислом пайғамбарига  қарата  буюрилади: Мухолифларингизга айтинг, сиз Таврот ва Қуръоннинг Илоҳий китоблигига шак келтирар экансиз, бу икки китобдан кӯра ҳидоятлироқ бӯлган бирор-бир китоб келтиринг. Бордию, шундай китоб келтирсангиз, ишонинг, мен сизга эргашаман. Бошқача қилиб айтганда Расулуллоҳ (с) буюрадилар: мақсад Илоҳий ҳидоятга эришишдир. Агар сиз ҳам Аллоҳ томонидан китоб келтирсангиз, шубҳасиз, мен сизга эргашаман.

Маълумки,  улар Аллоҳ томондан бундай китоб келтиролмадилар. Қуръони карим сӯзсиз мукаммал китобдир. Улар ӯз нафсу ҳаволарининг истаклари ортидан овораю сарсондирлар. Пайғамбарлар ва Илоҳий китобларни ӯз нафс-ҳаволарининг мухолифи деб билганлари учун ҳам уларга туҳматлар ёғдиришади.

Дарҳақиқат нафс-ҳавога берилиш Ҳақни қабул қилишга тӯсқинлик қилиб, кишиларни тӯғри йӯлдан шу  даражада чалғитадиким, улар Илоҳий пайғамбарларни гумроҳлар ва ӯзларини ҳидоят топганлар деб аташгача боришади .

 Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Ҳақиқатни исбот қилиш учун баъзан курашчанлик услубидан ҳам фойдаланиш керак. Зеро, Қуръон ва пайғамбарнинг ҳақлиги далилларидан бири ана шу курашчанлик руҳидир.
  2. Инсон Ҳаққа тобеъ бӯлиши керак. Ҳатто мухолифлари ҳам ҳақ гапни айтса, уни қабул қилиши лозим.
  3. Ҳақиқий ҳидоят аҳли башарнинг ҳавою ҳавасга қоришган ноқис илмидан эмас, балки Аллоҳнинг чексиз илм ва ҳикматидан келиб чиққан ҳидоятдир.