Ҳаётий муаммолар калиди
Ислом дини аввало, инсонларни покликка, бир-бирларига яхшилик қилишликка буюриб, ёвузликдан ва зулм қилишликдан қайтаради. Муборак динимиз таълимотида мусулмон кишининг зиммасига шариат томонидан бир қанча хақ-ҳуқуқлар юклатилади. Улар Аллоҳ таолонинг ҳаққи, сўнг ота-онаники, аҳли аёли ва қавму-қариндошларнинг ҳақларидир.
Динимиз исломда силаи раҳмга ниҳоят даражада катта эътибор қилинган бўлиб, кўплаб оят ва ҳадисларда силаи раҳмнинг фазилати, аҳамияти ва зарурати такрор-такрор уқтирилади. Мўъминларнинг асосий сифатлари баён қилинган оятларда уларнинг қариндош уруғлар билан алоқани боғлашлари ҳақидаги сифатларига ҳам алоҳида урғу берилади. Бунинг муқобилида эса бузғунчи бўлган қавмларнинг ёмон сифатлари зикр қилинганда, уларнинг Аллоҳ буюрган ришталарни узишлари ҳақида яъни силаи раҳм қилмасликлари ҳақида хабар берилади. Албатта, бу бежиз эмас. Динимизнинг силаи раҳмга бу қадар юксак аҳамият қаратиши унинг нечоғли аҳамиятга молик иш эканидан далолатдир.
Ислом дини аввало, инсонларни покликка, бир-бирларига яхшилик қилишликка буюриб, ёвузликдан ва зулм қилишликдан қайтаради. Муборак динимиз таълимотида мусулмон кишининг зиммасига шариат томонидан бир қанча хақ-ҳуқуқлар юклатилади. Улар Аллоҳ таолонинг ҳаққи, сўнг ота-онаники, аҳли аёли ва қавму-қариндошларнинг ҳақларидир.
Исломда қариндошлик алоқаларини боғлаб туриш ҳар бир мусулмон учун вожиб қилинган. Бу алоқани узиш эса ҳаромдир.
Аллоҳ таоло бундай деб буюради:
«Қариндошга ҳаққини бер! Мискинга ва йўл ўғлига ҳам. Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма» («Исро» сураси, 26-оят).
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло қариндошларнинг бир-бирларида ҳаққи борлигини билдирмоқда. Имкони бор, ўзига тўқ кишида ночор, ёрдамга муҳтож қариндошларининг ҳаққи бор.
Бу ҳаққ уларга Аллоҳ таоло томонидан берилган. Бой-бадавлат киши ўз қариндошларига ёрдам берганида, миннат ёки фазлини кўрсатиш учун эмас, балки Аллоҳ таоло амрини адо этиш, Аллоҳ таоло белгилаган ҳақни бериш учун иш қилган бўлади.
Шунингдек, ночор қариндош ўзининг бой-бадавлат қариндошидан бирор нарса олганда, унинг олдида хору зор бўлиб эмас, Аллоҳ таоло унга белгилаган ҳақни олаётганини тушуниб, ўзини эркин тутиб олади.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида яхшилик ҳақида сўз юрита туриб, жумладан, қуйидаги васфни ҳам айтган:
«Яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, йўл ўғлига, тиланчиларга, қул озод қилишга берса» (177-оят).
Яхши кўрган молидан қариндош-уруғларга; боқувчисидан ажраб қолган етимларга, яъни боқувчисиз қолган, балоғат ёшига етмаган ёш болаларга; мискинларга, яъни еб-ичиш ва яшаш учун етарли маблағи, даромади йўқ кишиларга; йўл ўғлига, яъни ватанидан узоқда нафақасиз қолган одамларга; тиланчиларга, яъни ўзида яшаш учун моддий имконияти йўқлигидан мажбур бўлиб бошқалардан моддий ёрдам сўраганларга; қул озод қилишга, яъни хўжаси билан маълум миқдор маблағ эвазига озодликка чиқишни келишиб қўйган қулларга бериш яхшиликдир.
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган Эрон Ислом жумҳуриятининг ӯзбек тилидаги халқаро радиосидан “Ҳаётий муаммолар калиди” эшиттиришини тинглаяпсиз. Радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com/ uz орқали хоҳлаган пайтда эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига эгасиз. Радиомизнинг электрон манзили [email protected]
Мол беришни одат қилган одам ҳирс, заифлик, бахиллик сиртмоғидан озод бўлади. Мол-дунёга қулликдан озод бўлади. Бу юксак инсоний фазилатдир. Фақат юксак инсоний фазилатлар соҳибигина мазкур тоифадаги кишиларга холис ёрдам беради. Бу ишни қилган инсон ҳақиқий яхшиликни қилган бўлади. Инсон узоқ умр кўриш учун Аллоҳ ато қилган соғлигини авайлаб асраши лозим. Соғликка зарар етказадиган ишлардан сақланиши шарт. Агар биз ота-онамизга доимо яхшилик қилсак, қариндошларнинг ҳолидан хабардор бўлиб юрсак, улар, албатта, биздан хурсанд бўлишади.
Ота-она ва қариндошлар билан яхши муносабатда бўладиган инсон бегоналар билан ҳам муроса қилиб яшай олади. Қариндошлар билан, бошқалар билан алоқаси яхши бўлган одамнинг қалби роҳатда бўлади. Шунда у руҳан бардам ва соғлом кишига айланади. Кимки руҳан соғ бўлса, у жисмонан ҳам соғ бўлади ва иншааллоҳ, узоқ умр кўради. Шуни яхши билиш керакки, ота-она, ака-ука, опа-сингил каби қон-қариндошларга яхшилик қилиш силаи раҳмнинг энг аввалги поғонасида туради. Зеро, ота-она ва ака-укалар киши учун энг яқин қариндошлар ҳисобланадилар.
Ота-оналарга яхшилик қилиш бир томондан силаи раҳм жиҳатидан, иккинчи томондан эса Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда алоҳида буюрилган “бирру-л-волидайн” яъни “ота-онага яхшилик қилиш” жиҳатидан матлуб амал ҳисобланади. Гоҳида киши қариндош-уруғларининг айримлари билан қайсидир тушунмовчилик туфайли урушиб қолиши, ўрталарида совуқчилик пайдо бўлиб қолиши мумкин. Лекин, бу ҳолатлар ҳам силаи раҳмни узишга сабаб бўлмаслиги керак. Гарчи қариндошингиз сизни ноҳақ хафа қилган бўлса ҳам, борингки, у сиз билан алоқани узган бўлса ҳам сиз узмаслигингиз лозим бўлади.