сентябр 16, 2017 14:12 Asia/Tashkent

Марказий Осиёга оид муҳим янгиликлар

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини  эфирга узатамиз.Унда  мазкур минтақада жойлашган  мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий,  маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.

Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

  1. Қозоғистон президенти Назарбоев Трамп билан нималар ҳақида гаплашганини маълум қилди; 
  2. Хоруғ аэропорти бошлиғи бахтсиз ҳодиса оқибатида ҳалок бўлди;
  3. Қирғизистон бош вазири муовини жорий йили ўтказилиши кутилаётган бу мамлакат пезидентлик сайловида 3 миллион нафар фуқаролар қатнашиш ҳаққига эга эканлигини эълон қилди;

Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

Қозоғистон президенти Назарбоев АҚШ президенти  Трамп билан нималар ҳақида гаплашганини маълум қилди.

Назарбоев қозоғистонлик журналистнинг “Сизнинг Трамп билан суҳбатингиз нима ҳақида бўлди?” деган саволига, жилмайиб “Қизиқ, нимани билишни истардингиз? Сиз менга ишонмайсизми?” деб жавоб қилган.

Президент икки давлат етакчиларининг телефон орқали суҳбати одатий ҳол эканлигини таъкидлаб ўтди. Ўтган йил ноябрда Назарбоев Трамп президент этиб сайлангандан кейин унга қўнғироқ қилган, кейинроқ эса у билан АҚШ ва араб давлатлари учрашувида юзма-юз  кўришган. 

Бу гал эса Трампнинг ўзи Назарбоевга қўнғироқ қилган.  

“Биз аввало Қозоғистон-АҚШ муносабатлари ҳақида сўзлашдик. Мен унга АҚШ компаниялари Қозоғистонга 40 млрд доллар сармоя қиритишганини эслатиб ўтдим. Бизда АҚШ бизнеси иштирокидаги 500 дан кўпроқ компания ишлайди. Мен ундан санкциялар бу компаниялар фаолиятига таъсир қилмаслигини сўрадим. У эса бу Қозоғистонга таъсир қилмаслигига ваъда берди”, деб айтмоқда Назарбоев.

Назарбоев Трампдан Россия билан муносабатлар ҳақида ҳам сўраган.

“Албатта, мен бизга яқин бўлган давлат – Россия билан муносабатлар ҳақида сўрамай олмасдим. Мен Россия ва Россия етакчиси ғарбда нотўғри қабул қилинишини, у умуман бошқача одамлигини очиқчасига айтдим.

У менга “Биласанми, мен Германияда Путин билан учрашдим ва энди барчаси вазиятларга боғлиқдир. Фикримча, истак бўлганда бу рельслардан чиқиб, муносабатларни йўлга қўйиш мумкин” деб жавоб қилди”, деб эсламоқда Назарбоев.  

Трамп суҳбат чоғида Назарбоевга Оқ уйга келишни таклиф қилган, Қозоғистон президенти бунга бажонидил рози бўлган.

“Деярли ҳаммасини сўзлаб бердим”, деб ўз сўзларини интиҳолаган Назарбоев. 

Нурсултон Назарбоев Афғонистон республикаси президенти Ашраф Ғаний томонидан берилган таклиф ортидан, Қозоғистоннинг Афғонистон билан ҳарбий техника ва ҳарбий ускуналарни таъмирлаш учун ҳамкорлик қилишини билдирди

Қозоғистон президенти Афғонистон президентининг Афғонистондаги ҳарбий базаларда техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ҳақида берилган таклифига жавобан тайёр эканлигини маълум қилди. 

Тасним ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Қозоғистон республикаси президенти Нурсултон Назарбоев Афғонистон республикаси президенти Ашраф Ғаний томонидан берилган таклиф ортидан, Қозоғистоннинг Афғонистон билан ҳарбий техника ва ҳарбий ускуналарни таъмирлаш учун ҳамкорлик қилишини билдирди. 

Бундан олдин ҳам Афғон расмийлари Ҳиндистон ва Россиянинг Афғонистоннинг ҳарбий техникаларини таъмирлаш борасида хабар беришган эди.

Ашраф Ғаний ва Нурсултон Назарбоев Ислом ҳамкорлик ташкилоти раҳбарларининг саммити доирасида, икки юрт ўртасидаги савдо ва тижорий алоқалар ҳамда биргаликда ечиладиган муҳим масалалар ҳақида суҳбат ўтказишди.   

Хоруғ аэропорти бошлиғи 60 ёшли Дилдор Мақсудшоев бахтсиз ҳодиса оқибатида ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда Sputnik  сайти.

Маълум бўлишича, бахтсиз ҳодиса аэропорт бошлиғи Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонни Душанбега кузатаётган пайтида юз берган.

Мақсудшоев президент вертолёти ҳавога кўтарилаётган вақтда вертолётга жуда яқин тургани сабабли ҳалок бўлган.

Вертолёт парраклари айланганида пайдо бўлган кучли шамол Мақсудшоев турган гиламни ердан кўтариб юборган ва шамол аэропорт бошлиғини гилам билан бирга кўтариб яқин-атрофда турган катта тошга олиб келиб урган. Тошга урилган Мақсудшоев оғир жароҳат олган ва касалхонага олиб кетиш чоғида вафот этган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари бўлиб ўтган воқеани бахтсиз ҳодиса деб баҳолашди.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Тоғли Бадахшон мухтор вилояти Дарвоз туманидаги Шкев-Калаи Хумб автомобил йўли қурилиши бошланишини очиб бериш учун ташриф буюрганди.

Тожикистон ҳукумати Ўзбекистон ҳукуматига 11-14 октябр кунлари Тошкентда тожик саноат маҳсулотлари кўргазмасини ўтказишни таклиф этди, деб хабар бермоқда Sputnik  сайти.

Тожикистон ҳукуматидаги манбанинг билдиришича, кўргазма Ўзэкспомарказ ҳудудида ўтказилиши мумкин.

Ўзбекистон пойтахтида 64 тожик корхонасининг маҳсулотлари намойиш этилиши кутилмоқда. Ушбу рўйхатга қурилиш материаллари, тоғ-кон саноати, машинасозлик ҳамда енгил саноат маҳсулотларини киритиш таклиф қилинмоқда.

Ўтган йил охирида Душанбеда бўлиб ўтган Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлисида кўргазма ташкил этиш ҳақида келишиб олинганди.

Илгарироқ кўргазмани сентябрда ўтказиш режалаштирилганди, бироқ тайёргарлик жараёнлари сабабли октябрга кўчирилди.

Кўргазма доирасида Тошкентда Тожикистон ва Ўзбекистон тадбиркорлик ҳамжамиятлари иштирокида бизнес-форум ўтказиш режалаштирилган.

Қирғизистон бош вазири муовини жорий йили ўтказилиши кутилаётган бу мамлакат пезидентлик сайловида 3 миллион нафар фуқаролар қатнашиш ҳаққига эга эканлигини баён этди.

Форс ахборот агентлигининг хабар беришича, Қирғизистон бош вазири муовини Дюшанбек Зелоев  ушбу хабарни эълон қилиши билан   30 минг нафар фуқаролар ҳам илк маротаба президентлик сайловида қатнашишади, деб қўшимча қилди.

Қирғизистон бош вазири ўринбосари шунингдек  мамлакат президентлик сайловининг  ушбу  даврида ташкил этиладиган сайлов округлари сонига ишора қилиб,  мамлакат ичкарисида 2 минг 375 та ва хориж мамлакатларда ҳам 37 та овоз бериш нуқталари очилишини маълум қилди.

Қирғизистон президентлик сайловлари жорий йилнинг 15 октябрида ўтказилиши кутилмоқда.

Қадрли тингловчилар, “Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.

 

Ёрлиқ