Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида
Ўзбекистон хабарлари
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда.Унда ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида сизга маълумот берамиз. Бизни тинглаб боринг.
Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳлари билан танишинг:
- Ўзбекистонга экстремистик материалларни конфет қутисида олиб киришга уринган шахс қўлга олинди;
- Рио-2016 олимпиадасида бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси вакили Ҳасанбой Дўстматовфиналга чиқди;
- Ўзбекистонда Кипрнинг янги элчиси тайинланди;
- Беш нафар самарқандлик ИШИД террорчилик гуруҳига қўшилишга даъват этгани учун қамоққа олинди.
Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.
Ўзбекистонга экстремистик материалларни конфет қутисида олиб киришга уринган шахс қўлга олинди
Ўзбекистонга экстремистик материалларни конфет қутисида олиб киришга уринган шахс қўлга олинди. Наманган аэропорти божхона хизмати ходимлари Ўзбекистонга хотира карталаридаги экстремистик мазмундаги материалларни конфетлар қутисида яширган ҳолда олиб киришга уринган шахсни қўлга олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат Божхона қўмитаси вакилига асосланган ҳолда РИА Новости хабар берган. "Новосибирскдан учган рейс орқали келган йўловчилар божхона назоратидан ўтказилаётган вақтда, бир йўловчининг қўл юкида 300дан ортиқ хотира карталари солинган шоколадли конфет қутилари аниқланган", — дея аниқлик киритган манба. Божхонадагилар томонидан берилган изоҳга кўра, аэропортда амалга оширилган тасодифий тафтиш шуни кўрсатганки, электрон ташувчиларда диний маърузалар, шунингдек, ИШИД террорчилик гуруҳи ташкил этилишига оид даъват қилувчи материаллар бор эди. Бу ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, тергов бошланган. Бунга қадар ҳам Ўзбекистон ҳудудига экстремистик материалларни олиб киришга уринишлар содир этилганди. Ўтган йилда 50 мингдан ортиқ диний экстремистик материаллар ноқонуний равишда олиб ўтилишига чек қўйилган. Давлат божхона қўмитаси маълумотига кўра, экстремистлар информацион технологиялар имкониятларидан фойдаланган ҳолда чегарадан ноутбуклар, мобил телефонлар ва бошқа электрон қурилмалар воситасида диний адабиётлар, фото ва видеоматериалларни олиб ўтишга уринишади.
Рио-2016 олимпиадасида бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси вакили Ҳасанбой Дўстматов (-51 кг) ярим финал жангини америкалик Фернандес Нико Анхелга қарши ўтказди.
Бу баҳсда Ўзбекистон вакили тотал устунлик қилди ва ҳакамлар 3 раундда ҳам унинг ғалабасини қайд этди. Якуний ҳисоб — 3:0 (30:27, 29:28, 29:28).
Энди Дўстматовнинг финалдаги рақиби колумбиялик Юрберхен Мартинез бўлади. Мартинес ярим финалда ушбу вазн тоифасида етакчи бўлган кубалик Йоахнис Архилагосни мағлуб этди.
Финал жанги 14 август куни соат 22:15да бошланади.
2016 йилнинг 12 август куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Кипр Республикасининг янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси Георгиос Касулидисни (қароргоҳи Москва шаҳрида) қабул қилди. Бу ҳақда Кун.уз сайти хабар қилган.
Элчи Ўзбекистон Республикаси Президенти номига йўлланган ишонч ёрлиқларини топширди.
Бўлиб ўтган суҳбат чоғида икки томонлама муносабатлар, жумладан Европа Иттифоқи, БМТ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.
Учрашувда турли соҳалардаги муносабатларни янада ривожлантириш, давлатлараро мулоқотларни ҳамда Ўзбекистон ва Кипр Республикаси бизнес-доиралари ўртасидаги алмашинувларни фаоллаштиришга икки томон ҳам қизиқиш билдирди.
Беш нафар самарқандлик ИШИД террорчилик гуруҳига қўшилишга даъват этгани учун қамоққа олинди
Ўзбекистон фуқаролари Россияга ишлашга келган Марказий Осиё муҳожирларини "ИШИД" террорчилик гуруҳи сафига жалб қилиш мақсадида Москвада махсус тармоқ ташкил қилишган. Sputnik сайтининг хабар қилишича, Самарқанд вилояти жиноий ишлар бўйича суди "ИШИД" жангарилари сафида жангларда иштирок этиш учун Сурия ҳудудига йўл олмоқчи бўлаётган беш нафар самарқандликни турли муддатларга озодликдан маҳрум қилди. Маълум бўлишича, Ўзбекистон фуқаролари Россияга ишлашга келган марказий осиёлик меҳнат муҳожирларини "ИШИД" террорчилик гуруҳи сафига жалб қилиш мақсадида Москвада махсус "канал" ташкил қилишган.
Террорчилар сафига одам ёллаш билан шуғулланувчи канал ташкилотчиларидан бири 23 яшар самарқандлик Икром Абдусаттаров сохта ҳужжатлар тайёрлаш ҳамда янги "асар"ларни "Москва-Сочи-Истамбул-Сурия" йўналиши бўйича кўзланган манзилга юбориш билан шуғулланган. Янги сафдошларни ўқитиш ишлари билан эса муқаддам уч марта судланган 55 яшар Руслан Бекчитаев шуғулланган. У ҳар жума намозидан кейин ислом қонунларини ўргатиш баҳонасида радикал экстремизм ғояси тарғиботи билан шуғулланган ҳамда Сурия ҳудудидаги "ИШИД" террорчилик гуруҳига қўшилишга даъват қилган.
Айнан шу мақсадларда тўпланганлар Интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали мунтазам равишда "ИШИД" жангариларининг мафкуравий асосчилари томонидан айтилган ваъзларини кўриб боришган.
Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан амалга оширилган тезкор ва тергов тадбирлари давомида бутун бошли гуруҳнинг радикал жиноий фаолтияга чек қўйилди. Тезкор гуруҳ ходимлари жиноятчилардан катта миқдорда экстремистик адабиётларни ҳамда Марказий Осиё ҳудудида Ислом давлатини барпо этиш зарурлиги ҳақида ваъзлар ёзилган компьютер ва электрон ташув мосламаларини олиб қўйганлар. Ўзбекистон ва Россия махсус хизмат вакилларининг ўзаро келишган ҳолда олиб борган ҳаракатлари натижасида самарқандлик Элбек Ризаев, Шамшир Мусаев ва Дилором Яркуловалар Сочи аэропортида қўлга олинган. Судда айбланувчиларнинг барчаси тўлиқ ўз айбига иқрор бўлганлар. Кўриб чиқилган иш асосида жиноятчиларнинг ҳар бирига 10 йилдан 13 йилгача қамоқ жазоси белгиланди. Улар жазони умумий тартибдаги колонияда ўтайдилар.
Қадрли тингловчилар, “Ўзбекистон ҳафта давомида” рукни остидаги эшиттириш шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.