Биз ва тингловчи
Тингловчи талаби
Суҳбатимиз ибтидосида таҳририятимизга муштарийларимиздан келган мактублар орасидан танлаб олинган Тошкент вилояти Янги йӯл туманида яшовчи синглимиз Фариданинг фикрларини биргаликда тинглаймиз.
Хххххххххххххххххх
Раҳмат, Фаридахон. Радиомиз дастурларини доимий равишда тинглаб боришингизни эшитиб хурсанд бӯлдик. Дарҳақиқат Гавҳаршод бегим 14 асрнинг охири ва 15 асрнинг биринчи ярмида Ӯрта Осиё тарихида муҳим рол ӯйнаган довюрак аёллардан биридир.
Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Гавҳар Шод бегим юксак дид-фаросатли, оқила, тадбиркор, сухандон, бир сўзли — қатъиятли, ҳусн бобида ҳам беназир аёл бўлган. Табиатан диндор Шоҳруҳ Мирзо кўп вақтини тоат-ибодат ва китоб мутолаасига сарфларди. Салтанат, девон ишларини ўктам ва тадбиркор хотини Гавҳар Шод бегим бошқарарди. Бу зийрак аёл қайнотаси Амир Темур вафотидан сўнг, секин-аста салтанат ишларини ўз қўлига олди. Зотан, Шоҳруҳ Мирзонинг ўзи ҳам хотини Гавҳар Шод бегимнинг донолигига тан берар, салтанатни бошқаришда оқилона ва тадбирли маслаҳатларига эҳтиёж сезиб турарди. Шу боис, салтанатга доир кўпгина ишлар маликанинг назар-эътиборига ҳавола қилинган. Вилоятларга ҳоким тайинлаш, қўшинга саркарда белгилаш, ҳатто кимга қандай инъом ва кимга қандай жазо бериш масалалари ҳам маликанинг инон-ихтиёрида эди. Масалан, 1440 йил машҳур Ҳирот тарихчиси Фасиҳ Аҳмад ибн Жалолиддин Муҳаммад Хофий (1375—1442) малика Гавҳар Шод бегимнинг ғазабига учраб, икки маротаба қисқа муддатли қамоққа ҳукм қилинади.
Гавҳар Шод бегим Амир Темурнинг тўртинчи ўғли Шоҳруҳ Мирзонинг суюкли катта хотини эди. У Чиғатой зодагонларидан Ғиёсиддин Тархоннинг қизи бӯлган. Ривоят қилишларича, Ғиёсиддин Тархоннинг бобокалони — Қушлик бир вақтлар Чингизхон мулозиматида бўлиб, бир жанг асносида уни ўлимдан сақлаб қолган экан. Шундан буён Чиғатой улусида бу авлод юксак эътибор ва ҳурматга сазовар бўлган.
Гавҳар Шод бегим 1379 йилда туғилиб, 1393 йилда Шоҳруҳ Мирзо никоҳига кирган. Ундан уч ўғилу икки қиз кўрган. Тўнғич ўғли —Улуғбек Мирзо кўрагон (Муҳаммад Тарағай, 1394— 1449), ўртанча ўғли — Бойсунғур Мирзо (1397—1433) ва кичик ўғли — Муҳаммад Жўки Мирзо (1401 —1445) лардир.
Ххххххххххххххххххххххх
Шоҳруҳ Мирзо даврида Хуросон сиёсий-ижтимоий ва маданий жиҳатдан анча гуркираб ўсди. Мамлакат пойтахти Ҳирот иқтисодий ва маданий юксалишда Шарқнинг энг нуфузли шаҳарларидан бирига айланди. Табийки, мамлакатнинг бундай юксалишида «амалий ҳукмдор» малика Гавҳар Шод бегимнинг ҳиссаси беқиёс. Бу даврда Ҳиротда ва мамлакатнинг бошқа вилоятларида қурилиш ишлари авж олган эди. Масжид-мадрасалар, хонақоҳ, мақбара, даҳма, мусофирхона, шифохона, равот, кўприк ва сардобалар қуриб битказилди.
Шоҳруҳ Мирзонинг Хуросонда ҳукмронлик қила бошлаган илк йилларидаёқ, у Ҳирот қалъасининг жанубий томонидан мадраса ва хонақоҳ (1410—1411) бино қилдиради. Ана шундан сўнг Шоҳруҳ Мирзо авлодига мансуб шаҳзодалар ва маликалар ҳам мадраса, масжид, хонақоҳ, шифохона ва шунга ўхшаш иморатлар бунёд этиш билан шаҳар ободончилигига ўз ҳиссаларини қўшадилар.
Табиатан ватанпарвар, билимдон ва зукко Гавҳар Шод бегим мамлакат равнақи йўлида тинмай ғамхўрлик қилади. Унинг дастурида маданий ва маърифий ҳаёт биринчи ўринда бўлган. Шу боисданми, фарзандлари ҳамда барча набиралари илм-фан мухлислари бўлиб, ҳатто ғазал ҳам битганлар.
Гавҳар Шод бегим Ҳиротдаги жуда кўп қурилиш ишларига раҳномалик қилди. Унинг ўзи ҳам Ҳиротда иккита катта мадраса қурдирган. Гавҳар Шод бегимнинг кундоши малика Милкат Оғо Ҳирот шаҳрида бир мадраса, «Дорушшифо» номли касалхона, «Дорулҳадис» номли хонақоҳ, иккита ҳаммом ва шаҳардан саккиз фарсах (тош) четроқда битта мадраса, кутубхона ва мақбара, шаҳзода Алоуд Давла Мирзо эса битта касалхона қурдирган. Айни вақтда, хусусий мулкдор, давлатманд кишиларга хайрия тариқасида қурилишлар бунёд этишига ижозат берилган ва рағбатлантириб турилган.
Эрон Ислом жумҳуриятининг Машҳад шаҳрида Темурийлар ва Сафавийлар даврига хос бӯлган дунёга машҳур кўплаб меъморий ёдгорликлари мавжуд: Имом Ризо мақбараси (IX аср), Гавҳаршод бeгим масжиди (1405-1418), шаҳар яқинидаги Фирдавсий мақбараси шулар жумласидандир. Булар орасида Амир Темурнинг ўғли, Ҳирот ҳукмдори Шоҳруҳ Мирзонинг хотини Гавҳаршод бегимга атаб қурилган масжид алоҳида диққат-эътиборга лойиқ. Мазкур бино Темурийлар даврига хос улкан бунёдкорлик санъатидан шаҳодат берувчи ажойиб меъморчилик обидасидир. Масжиднинг шимол томонида Имом Ризо мақбараси, шарқида мадраса, ғарбида карвонсарой қад кўтарган.
ххххххххххххххххххх
Қадрли мухлислар, сиз “Биз ва тингловчи” ҳафталик эшиттиришининг янги сонини тинглаяпсиз.
Эслатиб ўтамиз, ушбу эшиттириш орқали фикр- мулоҳаза ҳамда таклиф ва эътирозларингизни радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com / uz ва электрон манзилимиз uzbek@ ParsToday.com ҳамда мобайл апликешн орқали бизга юборишингиз мумкин.
Биз билан бевосита боғланиш учун телефон рақамимизни эслаб қолинг: +98939736 25 45
Қўнғироқларингизни кутиб қоламиз.
хххххххххххххххххххх
Эшиттиришимиз давом этади.
Эслаб ўтиш жоизки, Гавҳаршод бегимга бағишланган иккинчи меъморий мажмуа Афғонистонда йигирма йил давомида (1418-1438) бунёд этилган. Ушбу мажмуа Ҳиротдаги Мусалло майдонида жойлашган бўлиб, масжид, мадраса ва Темурийлар авлодлари мақбарасидан иборатдир. У ерда Гавҳаршод бегим ва унинг ўғли Бойсунқур Мирзо дафн этилган. Даҳма ёнига кейинроқ Ҳусайн Бойқаро маҳобатли мадраса ва хонақоҳ қурдирган. Гавҳаршод бегимга аталган ҳар икки мажмуа машҳур меъмор Қавомиддин Шерозий раҳбарлигида қуриб битказилган. Машҳур Мусалло майдони ва унинг атрофида Абдураҳмон Жомий, Алишэр Навоий, Камолиддин Беҳзод, Султон Ҳусайн Бойқароларнинг ҳам қабр-мақбаралари жойлашган.
Шоҳруҳ Мирзо вафотидан кейин тахт учун бошланиб кетган қонли можаролар тепасида Гавҳар Шод бегим турарди. У невараси Алоуд-Давла Мирзони тахт соҳиби қилиш учун макр-ҳийлалар ишлатса-да, бироқ ўз мақсадига эришолмайди, қайтангга ака-ука шаҳзодалар орасида қонли тўқнашувларни вужудга келтиради. Шаҳзодаларнинг ноиттифоқлигидан фойдаланган Самарқанд ҳукмдори Султон Абусайид Мирзо (1424—1469) Хуросонни босиб олади. Султон Абусайид Мирзо Самарқанд тахтини ўзининг катта ўғли Султон Аҳмад Мирзога (1451 — 1493) бериб, Ҳиротни ўзининг пойтахти деб эълон қилади. Бу вақтда малика Гавҳар Шод бегим 80 ёшга яқинлашиб, анча қариб қолган эди. Бироқ қариб қолган малика Хуросон тахтидан ҳали ҳам воз кечмаган эди. Бинобарин, чевараси Султон Иброҳим Мирзони (1440—1460) ҳукмдор Султон Абусайид Мирзога қарши исён кўтаришга ундайди. Маликанинг бу ҳаракатидан хабар топган Султон Абусайид Мирзо уни чопиб ташлашга фармон беради. Фармонга мувофиқ 1457 йилда Гавҳар Шод бегим чопиб ўлдирилади ва ўзи қурдирган мадраса ёнидаги Бойсунғур даҳмасига дафн этилади.
ххххххххххххххххххх
Қадрли мухлислар, "Биз ва тингловчи" рукнидаги туркум эшиттириши билан ҳамкорликни янада фаоллаштирасиз деган умиддамиз. Бундан кейин ҳам Эрон Ислом Жумҳуриятининг ӯзбек тилидаги халқаро радиоси орқали эфирга узатилаётган эшиттиришлар борасида қимматли маслаҳатларингизни дариғ тутмагайсиз .