октябр 29, 2017 13:21 Asia/Tashkent
  • Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида
    Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнидаги туркум эшиттиришда ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида маълумот берамиз.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:

  1. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг  Туркияга уюштирган расмий сафари.
  2. Ўзбекистон президентининг Туркияга расмий сафари жаҳон ОАВни бефарқ қолдирмади. 
  3. Абдулазиз Комилов  Россия Федерацияси   ташқи ишлар вазири ўринбосари Григорий Карасинни қабул қилди.
  4. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг делегацияси АҚШга сафар қилди.
  5. Ўзбекистон Туркиянинг “Зираат” банкидан 200 миллион доллар кредит олади.
  6. Мустақил журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Малоҳат Эшонқулова АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасидан сиёсий бошпана сўради.
  7. Обамани ўлдирмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқароси 15 йилга қамалди.
  8. Тошкентда «Ашхобод сайлгоҳи» қуриб битказилди.
  9. Ўзбекистон Тожикистонга китоблар алмашишни таклиф қилди.

Энди энг муҳим  мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз

  25 октябр куни Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг таклифига биноан Туркияга ташриф буюрган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев   ташриф доирасида Анқарадаги президент қароргоҳида Ражаб Тоййиб Эрдўған билан музокаралар ўтказди. Музокаралар давомида Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тойиб Эрдўғон давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотини имзоладилар. Шунингдек, савдо, саноат, банк-молия, инвестиция, туризм, юк ташиш, соғлиқни сақлаш, кадрлар тайёрлаш, мудофаа ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Мирзиёев ва Эрдўғон музокаралар ўзаро англашув ва ҳурмат руҳида ўтганини, имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги узоқ истиқболли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар. Ўзбекистон Туркияга нима етказиб беради? Ўзбекистон кенг турдаги саноат маҳсулотлари, трансформаторлар, кабель ўтказгичлар ва бошқа электротехника товарлари, полимерлар, мис ва мис маҳсулотлари, минерал ўғитлар, ип-калава, мева-сабзавот, қайта ишланган озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларни экспорт қилиши мумкин. Шу мақсадда Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Туркия ҳукуматлараро комиссияси мажлисларини мунтазам йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди. Ўзбекистонда Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, энг аввало, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида минерал ва хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш рағбатлантирилади.

  Икки мамлакат ўртасида мунтазам парвозлар сони оширилади. Мирзиёев ва Эрдўғон Самарқанд ва Истанбул шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри парвозларни йўлга қўйиш бўйича эришилган келишувни мамнуният билан қайд этиб, фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорликни изчил ривожлантириш, мунтазам парвозлар сонини ошириш ва янги парвозларни йўлга қўйиш тарафдори эканликларини тасдиқладилар. Ўзбекистон ҳам, Туркия ҳам туризм соҳасида улкан имкониятларга эга. Бу салоҳиятдан тўла фойдаланиш, сайёҳлар алмашинувини ошириш улкан иқтисодий самара беради.  

       26  октябрь куни Истанбулда ўтказилган икки мамлакат ишбилармон доиралари бизнес-форумида йирик энергетика объектлари ва йўл инфратузилмаларини қуриш, тўқимачилик маҳсулотлари, электр жиҳозлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат ва агросаноат тармоғида замонавий саноат ва логистика марказлари ташкил этиш соҳаларида 3,5 миллиард доллар ҳажмидаги 30 дан ортиқ лойиҳа бўйича битимлар имзолангани таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев  яқин йилларда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 3-4 миллиард долларга етказиш бўйича келишувга эришилгани, бу икки мамлакат ишбилармонлари учун кенг имкониятлар яратишини таъкидлади.

  Ххххххххххххххххххххххххх

  Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга расмий сафари жаҳон ОАВни бефарқ қолдирмади. 

Бу ҳақда тошкентлик ҳамкоримиз Маҳмула Муҳаммадкарим қизининг хабарини тинглаймиз.

ххххххххххххххххххххххххх  

Ӯзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистонга ишчи ташриф билан келган Россия Федерацияси   ташқи ишлар вазири ўринбосари Григорий Карасинни қабул қилди.

Мулоқот  чоғида Ўзбекистон-Россия муносабатларининг муҳим масалалари, жумладан кўп томонлама тузилмалар доирасидаги масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил апрель ойида Россияга давлат ташрифи ва юқори даражадаги кенг кўламли музокаралари давлатлараро муносабатларда янги ва динамик босқични очиб берганлигини, савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳаларда ўзаро манфаатли алоқалар кенгайтирганлиги, Ўзбекистон ва Россия вилоятларининг бевосита алоқаларини, шунингдек маданий ва гуманитар алмашувларини фаоллаштиришга имкон яратгани таъкидланди.

Минтақавий ва халқаро масалаларни муҳокама қилиш чоғида Афғонистондаги вазиятга алоҳида эътибор қаратилди.

 Хххххххххххххххххх

Ўзбекистон Туркиянинг “Зираат” банкидан намунали уйлар қуриш учун 200 миллион доллар кредит маблағлари жалб қилишни режалаштирган.

Маблағлар 2018 ва 2019 йилларда 100 миллиондан иккита транш орқали олинади ва Ўзбекистонда кўп қаватли турар жойлар қуриш учун сарфланади.

Умумий ҳисобда Ўзбекистон намунали ва кўп қаватли уйлар қуриш мақсадида халқаро молия ташкилотларидан бир миллиарддан ортиқ маблағлар жалб қилишни режалаштирган. Хусусан, Осиё тараққиёт банкидан – 700 млн доллар, Ислом ривожланиш банкидан – 300 млн доллар, Қувайт араб иқтисодий ривожланиш фондидан – 30 млн доллар, Саудия ривожланиш фондидан – 50 млн доллар.

Ушбу маблағлар ёрдамида 2020 йил охирига қадар Ўзбекистонда 43,4 минг хонадондан иборат бўлган бир мингдан ортиқ кўп қаватли уйлар қурилади. Уларнинг аксарияти Тошкент (490 та уй) ва Самарқанд  (190 та уй) вилоятларига тўғри келади.

Ххххххххххххххххх

Барак Обамани ўлдирмоқчи бўлган Абдурасул Жўрабоев ИШИД террорчилик ташкилотини қўллаб-қувватлагани ва ташкилотга аъзо бўлиш ниятида бўлгани учун 15 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилди

Кун.ўз сайтининг хабар беришича, Нью Йорк суди Ўзбекистон фуқароси Абдурасул Жўрабоевни ИШИД террорчилик ташкилотини қўллаб-қувватлагани ва ташкилотга аъзо бўлиш ниятида бўлгани учун 15 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этди. Бу ҳақда АҚШ адлия вазирлиги сайтида маълум қилинмоқда.

Вазирлик хабарига кўра, Нью Йоркнинг Бруклин туманида истиқомат қилувчи Жўрабоев 2014 йилдаёқ гуруҳ сайтларидан бирида худкуш бўлиш истагини билдириб, президент Барак Обамани ўлдириш ниятини изҳор қилган.

"Айбланувчи ИШИД номидан зўравонлик қилишга аниқ қасд қилган ва АҚШ ҳудуди ҳамда ташқарисида фаолият юритишга тайёр бўлган», — дейилади прокурор ёрдамчисининг айблов хулосасида.

Жўрабоев 2015 йили Жон Кеннеди аэропортида ушланган

Ххххххххххххххххххх

Ўзбекистон томонининг Тожикистон маданият вазири Шамсиддин Орумбекзодага йўллаган мактубида тожикистонлик муаллифлар асарларини Самарқанд ва Бухорода ҳамда ўзбекистонлик муаллифлар бадиий асарларини Душанбеда сотувини йўлга қўйиш таклиф этилган. Бу ҳақда «АП» Тожикистон Маданият вазирлигидаги манбага таянган ҳолда хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда тожик китоблари сотуви ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталарида тўхтатилган.

Советлар Иттифоқи даврида эса Самарқандда тожик китобларини сотиш бўйича   битта дўкон фаолият кўрсатган. Тожиклар кўп истиқомат қилувчи шаҳарлар ва туманларда ўзбек тилидаги китоблар билан бир қаторда, тожик тилидаги китоблар ҳам сотилган.

Тожикистонда ўзбек муаллифларининг китоблари эркин сотилган, бундан ташқари, Душанбеда Тожикистондаги ўзбек тилида ижод қилувчи ёзувчилар ва шоирлар китоблари чоп этилган.

Тожикистон Маданият вазирлиги юқорида тилга олинган ташаббус албатта қўллаб-қувватланишига ишонч билдирди.