Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида
Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнидаги туркум эшиттиришда ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида маълумот берамиз.
Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнидаги туркум эшиттиришнинг янги сони эфирда.Унда ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида сизга маълумот берамиз. Бизни тинглаб боринг.
ххххххххххххх
Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:
- Шавкат Мирзиёев Эрон президенти ва халқига ҳамдардлик билдирди .
- Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Мадрид шаҳрида Қироллик ҳукумати вакиллари билан учрашди.
- Ўзбекистон ва Озарбойжон республикаси мудофаа вазирлари музокара ўтказишди.
- Ўзбекистон Марказий банки илк бор мамлакат олтин-валюта захиралари ҳажмини расман эълон қилди.
- Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Илҳом Алиев билан учрашди.
- Ўзбекистон ТИВда Тожикистон элчиси Содиқ Имоми билан учрашув бўлиб ўтди.
- Навоийда 57 кишига Ўзбекистон фуқароси паспортлари топширилди.
- Туркманистонда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилди.
- Ўзбекистонда бензин нархи кўтарилди.
Энди энг муҳим мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:
Ӯзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Эроннинг Кирмоншоҳ ва Илом вилоятларида кучли зилзила натижасида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани ва жароҳат олгани муносабати билан Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳонийга ҳамдардлик билдирди.
Эслатиб ӯтамиз, 12 ноябрь куни кечки соат 21:18 да Эрон ва Ироқ чегараси ҳудудида содир бўлган 7,3 балли зилзила Яқин Шарқнинг деярли барча ҳудудларида сезилди.
Охирги хабарларга кўра, зилзила қурбонлари сони 432 нафар, 7000 нафардан ортиқ киши табиий офат оқибатида жароҳатланган.-
Ххххххххххххххххххххххх
Ӯзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Мадрид шаҳрида Испания Қироллик ҳукумати вакиллари билан учрашди..
Бу ҳақда тошкентлик ҳамкоримиз Маҳмула Муҳаммадкарим қизининг хабарини тинглаймиз.
Ххххххххххххххххххххххх
Ўзбекистон Марказий банки илк бор мамлакат олтин-валюта захиралари ҳажмини расман эълон қилди.
Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 1 ноябрь ҳолатига 26 миллиард долларга етди. Бу ҳақда Халқаро пресс-клуб йиғилишида Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметов маълум қилди.
«Одатда бу рақамлар эълон қилинмас, ошкор этилмайдиган маълумот саналар эди. Давлат раҳбари қарорига мувофиқ қатор иқтисодий кўрсаткичлар очиқ манбалар сифатида кўрсатиладиган бўлди. 1 январдан бошлаб ҳар бир муассаса, жумладан, Марказий банк ҳам олтин-валюта захиралари, пул массаси ва барча иқтисодий кўрсаткичларни чоп этиб боради. Бугун олтин-валюта захиралари суммасини расман эълон қиляпмиз», — деди Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари.
Ххххххххххххххххххххххх
15 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Тожикистон Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчиси Содиқ Имоми билан учрашув бўлиб ўтди.
Кун.ўз сайтига кўра, суҳбат чоғида таъкидланганидек, қисқа вақт давомида Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларида чуқур ўзгаришлар юз берди. Икки томонлама ҳамкорликнинг барча комплекс масалаларини яхшилаш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилмоқда.
Тошкент ва Душанбе ўртасида авиақатновлар қайта тикланди, савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг мажлиси ўтказилди, давлатлараро чегараларни делимитация қилиш бўйича Ҳукумат делегациялари ишчи гуруҳларининг учта учрашуви бўлиб ўтди. Шу билан бирга, турли соҳаларда, хусусан маданий-гуманитар соҳадаги қўшма тадбирлар ҳам жамоатчиликнинг кенг муҳокамасига сабаб бўлди.
Учрашувда Ўзбекистон-Тожикистон Давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ҳукумат делегациялари ишчи гуруҳларининг навбатдаги учрашуви амалий масалалари муҳокама қилинди.
хххххххххххххххххххххх
Навоийда Президент Шавкат Мирзиёев фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган 57 нафар кишига фуқаролик паспортларини топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Ўзбекистоннинг тенг ҳуқуқли фуқароси мақомига эга бўлганларнинг 22 нафари вилоят марказида ва 5 нафари Зарафшон шаҳарида, 13 нафари Учқудуқ, 10 нафари Кармана, 2 нафардан Томди ва Хатирчи ҳамда 1 нафардан Нурота ва Қизилтепа туманида истиқомат қилади.
Навоий вилоятида давлат раҳбарининг фармонига кўра жорий йил бошидан буён 128 нафар шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди.
ххххххххххххххххххххххххх
Ўзбекистонда бензин нархи кўтарилди
Тегишли қарор 14 ноябрь куни Ҳукумат томонидан имзоланган.
Омма эътиборига ҳавола қилинган маълумотларга кўра, бензин нархлари 15 ноябрдан бошлаб қуйидаги нархларда сотилади.1 литр Аи-80 маркадаги автобензин учун — 3800 сўм
1 литр Аи-91 автобензин учун — 4300 сўм
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган барча автозаправкаларда ушбу нархларга амал қилинади.