Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида
Ҳафта давомида Ўзбекистонда бўлган учрашувлар
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда.Унда ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида сизга маълумот берамиз. Бизни тинглаб боринг.
Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари билан танишинг:
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Франция Респубикаси Президенти Франсуа Олландга ҳамдардлик изҳор этди;
- Ўзбекистон ва Жанубий Корея Тошкент аэропортининг янги терминалини барпо этиш юзасидан вербал ноталар алмашди;
- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Канада элчиси билан учрашув ўтказилди;
- Ўзбекистон ва Россия мева-сабзавот еткизиб бериш тизимини соддалаштириш ҳақида келишиб олишди.
Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.
Ислом Каримов Францияда содир этилган теракт муносабати билан таъзия билдирди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Франция Респубикаси Президенти Франсуа Олландга 2016 йилнинг 14 июль куни Нис шаҳрида содир этилган теракт муносабати билан самимий ҳамдардлик изҳор этди. "Ўзбекистон раҳбари ўз мактубида кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлгани ҳақидаги фожиавий хабарни чуқур қайғу билан қабул қилганлигини қайд этди, қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамда жароҳатланганларга ҳамдардлик сўзларини етказишни сўради", дейилади Ўзбекистон ТИВ хабарида.
14 июль куни кечқурун Бастилия олинган кун муносабати билан ўтказилган Миллий байрам вақтида Нис шаҳридаги Инглиз қирғоғида тўпланган одамлар устига террорчи томонидан юк машинаси ҳайдаб борилиши оқибатида 84 киши ҳалок бўлди. Шунингдек, айни вақтда жароҳатланган 18 киши шифохонада қолмоқда ва юздан зиёд инсонлар оғир тан жароҳати олишди. Шунингдек, ўбекистонликлар 15 июль куни тонгдан Тошкент шаҳри аҳолиси Франциянинг Нис шаҳридаги теракт қурбонлари хотираси учун Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси олдига гуллар келтиришмоқда. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар томонидан ҳалок бўлганларнинг яқинлари ва француз халқига ҳамдардлик билдирилган ёзувлар қолдирилмоқда.
Ўзбекистон ва Жанубий Корея Тошкент аэропортининг янги терминалини барпо этиш юзасидан вербал ноталар алмашди.
2016 йилнинг 11 июль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Корея Республикаси ҳукумати ўртасида Тошкент шаҳри аэропортида янги халқаро йўловчи терминалини барпо этиш учун техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги битимни амалга оширувчи вербал ноталар алмашилди.
Дарё сайтининг хабарига кўра, бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилган.
Дипломатик каналлар орқали ноталар алмашинилганидан сўнг кучга кирган мазкур ҳужжат 2015 йилнинг 5 октябрида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ўртасида имзоланган Муҳокамалар баённомаси қоидаларини амалга оширишга йўналтирилган бўлиб, бозор шароитларини таҳлил қилиш, инфраструктура талаблари, йўловчи ва юк авиаташувлари эҳтиёжлари ҳамда бошқа параметрлар асосида Тошкент аэропортининг янги халқаро йўловчи терминалини барпо этиш режасини ишлаб чиқишни назарда тутади.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Канада элчиси билан учрашув ўтказилди
Ҳамкоримизнинг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига таяниб берган хабарига кўра, 2016 йилнинг 12 июл куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Канаданинг фавқулодда ва мухтор элчиси (қароргоҳи Москва шаҳрида) Жон Раналд Кёр билан учрашув бўлиб ўтди.
Суҳбат давомида турли соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва устувор йўналишлари, жумладан, томонларнинг ҳамкорликни янада ривожлантириш борасидаги таклифлари муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистон ва Канада ўртасида ўзаро манфаатли сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни янада фаоллаштиришга қаратилган муайян чораларни кўришга тайёрлигини тасдиқлади.
Учрашувда халқаро кун тартибининг масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Ўзбекистон ва Россия мева-сабзавот еткизиб бериш тизимини соддалаштириш ҳақида келишиб олишди.
Ўзбекистон ва Россия мева-сабзавот еткизиб бериш тизимини соддалаштириш ҳақида келишиб олишди.
Sputnik ахборот агентлигининг хабарига кўра, бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи Иқтисодий Алоқалар, Инвестициялар ва Савдо вазирлиги маълум қилди.
“Яқин кунларда Ўзбекистон-Россия ишчи гуруҳининг мева-сабзавот еткизиб беришга бағишланган мажлиси ўтказиш режалаштирилган. Унда Ўзбекистон мева-сабзавотларининг Россия бозорларига киришини енгиллаштиришга қаратилган чоралар ишлаб чиқиш муҳокама қилинади”, — деб хабар берди ТИАИСВ вакили.
Россия Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Сергей Левин бошчилигидаги делегациясининг 12-14 июлда Ўзбекистонга бўлиб ўтган ташрифи давомида ушбу масалалар ҳақида келишиб олинган.
“Ўзбекистонлик еткизиб берувчиларнинг ҳамда Россия чакана савдо ва логистика компанияларининг аниқ таклифлари асосида масаланинг ечими топилади”, — деди вазирлик вакили.
Олдин Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев кўргазма очилиши маросимида Ўзбекистондан мева-сабзавот еткизиб беришда воситачилардан қутилиш кераклигини ва еткизиб бериш жараёнига ойдинлик киритиш кераклиги ҳақида келишиб олишган эди.
Россия томони маълумотига кўра, ўтган йил Ўзбекистон қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти 10 %га ошган. Айрим маҳсулот турлари 10 % дан ҳам кўпга ошган. Маҳсулот экспорти ҳажми янада ўсишига халал бераётган омиллар сифатида, томонлар юк ташувчиларнинг юқори нархлари, Россия божхона ва карантин назоратининг узоқ вақт талаб қилиши ва маҳсулотни кичик партиялар билан олиб келишнинг самарасизлигини таъкидлашди.
Қадрли тингловчилар, “Ўзбекистон ҳафта давомида” рукни остидаги эшиттириш шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.