Январ 02, 2018 15:12 Asia/Tashkent

Эрон шеърияти

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Дунёнинг фахри  бўлган эронлик  буюк шахсиятлар” рукни остидаги  туркум эшитиришнинг янги сони яна  эфирда. Ушбу эшиттиришлар орқали сиз Эрон ва жаҳонда машҳур бўлган  буюк шахсиятларнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишасиз.  Бизни тинглаб боринг.

Эрон юртида шеър тарих давомида ҳам унинг халқи учун ва ҳам  ҳукмрон тузумлари учун хос мавқега эга бўлган. Шеър эронликлар ҳаёти билан уйғунлашган ва ушбу уйғунлик сабабли у доимий тарзда изланишлар ва муҳокама этишларнинг марказида қарор топган.

Илм ва  адабиётнинг тарихи Эронда жуда қадимий бўлган даврлар, яъни милоддан 331 йил олдинги замонлар ва Ахамонийлар сулоласининг ҳукмронлик қилган вақтга бориб тақалади. Искандарнинг Эронга қилган ҳужуми ва Ахамонийлардан бўлган охирги сулоланинг таназзулидан кейин поёнсиз бўлган мазкур мамлакатда адабиёт ва илмнинг ҳам ҳолати ўзгаради.

Искандар Эронни ишғол этганидан кейин унга ёққан  илмий ва адабий китобларни юнон тилига таржима этишни  буюради ва асл нусхаларни бошқа китоблар билан биргаликда нобуд қилиш фармонини беради.  Искандарнинг  амалга оширган ушбу иши инсониятга қарши қилинган жиноят эди. Аммо у Эронда илм ва адабиётнинг ривожланиш йўлини тўсишга  ночор қолган эди.

Зеро Эрон юртида яшаб ижод қилган буюк  шоирлар, адиблар, мутафаккирлар ва донишмандлар илм ва адабиётнинг  барча соҳаларида  мангу асарлар яратиб, ўша даврнинг энг илғор шахсиятларига айланишган эдилар. Эронликлар Сосонийлар ҳукмронлиги даврида ҳам илм, маданият ва тамаддунда дунё миқёсида юксак даражаларга эришган эдилар. Уларнинг ушбу ютуқлари бошқа халқларнинг маданияти ва тамаддунига катта ижобий таъсир етказган. Эронликларнинг минг йиллик тарихга эга бўлган  шеърияти ва адабиёти ҳам бошқа санъат ва илмлари каби  халқаро шуҳратга эга бўлган эди.

Халқларнинг адабиёти уларнинг ижтимоий ҳаётини кўрсатувчи йирик ойнадир.Зеро қиссалар, шеърлар, мақоллар ва бошқа санъатларда халқларнинг ҳаёти ўзгача жилва ва шукуҳга эгадир. Форс тили ва адабиёти ҳам жуда  улкан маданий бойликларга  эга бўлгани боис асрлар давомида  илм, дин ва ирфон  тили  бўлиб келган ва ҳозир ҳам ушбу қоидадан чиққан эмас. Шу сабабдан Форс  тили ва адабиёти тўғрисида суҳбат қилиш эскирмайди, ёдлардан кетмайди ва кишини чарчатмайди. Дунёда ахлоқ ва одоб ҳамда ишқ ва дўстлик бор экан ва ҳаммани маҳлиё этар экан, форс  адабиёти ҳам мангу ва барҳаёт қолади. 

Адабий алоқалар жаҳон халқлари маданияти тарихида ўзига хос ўрин тутадиган ҳодисалардан биридир. Узоқ тарихий илдизларга эга ушбу ҳодиса доимо инсониятни бир- биридан ўрганиш, бир -бирига ўргатиш, бир маданиятнинг бошқа бир маданият ютуқларидан унумли фойдаланишга ҳидоят этиб келган. Муайян бир миллий адабиётнинг бошқа бир миллий адабиёт дурдоналаридан ёки умумжаҳон адабиёт уммонидан баҳра олиши, ундан таъсирланиш масаласини чуқурроқ, илмийроқ тарзда ўрганиш заруратининг юзага келиши натижасида 19 асрда Европада қиёсий адабиётшунослик  илми алоҳида фан  сифатида ривожлана бошлади.Бунинг асосий сабаби эса жаҳон адабиёти дурдоналарининг Ғарб ва Шарқда  катта нуфузга эга бўлган тилларга жадаллик билан таржима қилинишида эди. Албатта, бадиий ва  илмий таржима Шарқ  халқлари тарихида узоқ даврлардан буён мавжуд бўлиб келган.  Буни "Калила ва Димна" ("Панчататра") нинг қадимги ҳинд тилидан паҳлавий (ўрта форс)  тилига, кейинчалик форсийдан араб тилига таржима қилиниши, ёки аслида қадимги ҳинд- эрон афсоналари, айниқса, паҳлавий тилида ёзилган "Ҳазор афсона" (" Минг афсона") дан сарчашма олиб (Ҳаммернинг аниқлашича, бу ҳақда Масъудийннинг "Мураввиж уз- заҳаб"  асарида маълумот келтирилган), араб тилида ёзилган, кейинчалик форс ( сафавийлар ҳукмронлиги даврида)  ва бошқа тилларга таржима қилинган ( ёки аслида қадимги ҳинд  тилида ёзилиб, сўнг  паҳлавий тилига таржима қилинган) "Минг бир кеча" мисолида  ҳам кўриш мумкин. Исломдан кейинги даврларда ҳам таржима санъатига алоҳида эътибор берилди. Қадимги юнон ва бошқа тиллардаги илмий фалсафий асарлар араб тилига, араб тилидаги диний ва илмий  китоблар эса форс тилига, араб ва форс тилидаги манбалар эса туркий тилларга таржима қилинди. Эрондаги Тахти Жамшид тошбитикларининг бир неча тилда битилганлиги ҳам Шарқ халқларининг таржима санъати ва унинг маданий иқтисодий алоқаларда тутган ўрнидан нечоғлик  хабардор бўлганликларидан дарак беради.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар”  рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги   сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз эса  uzbek@ ParsToday.com.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Шарқ адабиёти дурдоналарининг  Европа тилларига таржима қилиниши  ва бу ҳақда қатор тадқиқотларнинг юзага келиши ғарбликларда асосан Осиё халқларини бошқариш ҳисси кучайган бир даврга тўғри келади. Чунки, Осиё  халқларининг тили, тарихи, маданияти, урф одати, адабиёт ва санъатини ўрганмасдан туриб уларни забт этиш ва бошқаришнинг имкони йўқ эди.Аммо Шарк адабиёти, айниқса, адабиётнинг  гўзал ва  нафис   жозибалари, ундаги тафаккур  ва  нозик ҳис туйғулар  Европа зиёлилари, хусусан, адибларини ўзига мафтун этди. Эндиликда Европа Шарқ  адабиётининг чинакам мухлиси, асирига айланиб қолган эди. Зеро, "Европа китобхонлари таржима воситасида Шарқ халқлари ижодиёти билан танишар эканлар, бундан минг йиллар муқаддам  Осиё кўксида  етук маданият барпо этилганлиги, теран ҳам нозик инсоний туйғулар, улуғ гуманистик ғоялар баралла куйланган юксак адабиёт  яратилганлигининг гувоҳи бўлдилар.

Шарқ адиблари асарлари ғарбликлар  диди ва завқига мос бўлиб тушди; Европа шоир, ёзувчиларининг ижодий камолотига самарали таъсир кўрсатди. Улуғ олмон шоири  И.Гёте  Хожа Ҳофиз девонини  Фон Ҳаммер таржимасида мутолаа этиб, азбарои  таъсирланганидан  ўзини Шероз булбулининг муриди, деб эълон қилади.Форсий адабиётнинг  дунё бўйлаб кенг қулоч ёзишида таржиманинг роли  катта бўлди. Ўрта асрларда  санскрит, араб, юнон ва бошқа тиллардаги матнларнинг форсий тилига таржима қилиниши натижасида форсий адабиёт мавзу ва мундарижа  жиҳатидан янада кенгайди, янги образлар ҳисобидан янада бойиди.

Шу ўринда адабий  таъсир масаласи  устида ҳам бир оз тўхталиб ўтишга келади: форсий адабиётининг йирик намояндалари яратган шоҳ  асарлар, уларнинг инсонпарварлик ва ҳамдўстлик  ғоялари асосида яратилган шоҳ асарлари (жумладан, Рудакий  панд ҳикматлари, Фирдавсий "Шоҳнома"си , Хайём рубоийлари, Аттор "Мантик ут- тайр"и, "Илоҳийномаси" ва "Тазкират ул авлиёси", Мавлавий "Маснавийи маънавий"си ва "Девони кабир"и , Низомий "Хамса" си, Саъдий "Гулистон"и ва "Бўстон"и, Ҳофиз "Девон"и, Жомий "Ҳафт авранг"и, "Баҳористон" ва "Нафаҳот ул- унс"и,  Сойиб "Девон"и, Бедил ғазаллари  ва маснавийлари...) жаҳон адабиёти дурдоналарига айланиши билан бирга таниқли жаҳон адибларининг  ижодига  ҳам сезиларли таъсир етказган. Жумладан, Алишер  Навоий "Лисон ут- тайр" достонини Атторнинг "Мантиқ  ут -тайр" достонидан, Иқбол Лоҳурий  ўзининг баъзи ғазал  ва маснавийларини Мавлавий шеъриятидан,  Гёте "Шарқу Ғарб девони"ни  Ҳофиз ғазалларидан, Луи Арагон " Девона Элза"  ва "Элзанинг  кўзлари" номли асарларини  Жомийнинг "Лайли ва Мажнун"  достонидан илҳом олиб ёзганлари барчага маълум.

Қадрли тингловчилар, «Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.