Январ 13, 2018 15:25 Asia/Tashkent

Марказий Осиёга оид муҳим янгиликлар шарҳи

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини  эфирга узатамиз.Унда  мазкур минтақада жойлашган  мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий,  маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.

Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

  1. Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида виза режими бекор қилинади;
  2. Туркманистон ҳарбий доктринаси мамлакат мудофааси ва територия яхлитлигини ҳимоя қилишга қаратилган;
  3. Қирғизистон диний ишлар комиссияси раиси диний дарс олишга қизиқувчиларни норасмий ва тегишли рухсат олмай фаолият юритаётган мадрасаларда ўқимасликлари ҳақида огоҳлантирди;
  4. Қозоғистон ва Қирғизистон Евроосиё иқтисодий иттифоқининг энг кам иш ҳақи оладиган мамлакатлари ҳисобланади.

Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

«АП» мухбири Тожикистон ҳукуматидаги манбага асосланиб хабар беришича, яқин вақт ичида Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида «Фуқароларнинг ўзаро ташрифлари» тўғрисидаги ҳужжатни имзолаши, унга кўра, икки мамлакат фуқаролари визасиз иккинчи мамлакат ҳудудида бўлишига рухсат берилиши кўзда тутилган.

Манбанинг сўзларига кўра, томонлар яқин вақтлар ичида йўловчи поездлар ва автобуслар қатновини йўлга қўйишни, шунингдек, ўзаро чегара ҳудудида янги назорат-ўтказув пунктлари очишни режалаштирган.

Томонлар Фарҳод ГЭС масаласида ҳам келишувга эришган. Ушбу иншоот жойлашган ҳудуд Тожикистон ҳудуди деб тан олинади, объект эса Ўзбекистон мулки ҳисобланади. Объектни тожик томони қўриқлайди, унга техник хизматлар Ўзбекистон томонидан кўрсатилади.

«10 январь куни Душанбеда ўтказилган Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳамда Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича Ҳукуматлараро комиссияларининг мажлислари самарали ва истиқболли кечди», - дея қайд этган манба.

Унинг сўзларига кўра, мажлисда икки давлат муносабатларини ривожлантириш йўналишлари кўриб чиқилган.

«Душанбедаги мажлис якунларига кўра, икки давлатнинг тегишли вазирликларига Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида транспорт, коммуникациялар, савдо, иқтисодиёт ва чегаралар бўйича ҳамкорлик бўйича келишувлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича кўрсатмалар берилган», - дея қайд этган манба.

Барча келишувлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил баҳорида Душанбега қиладиган давлат ташрифи чоғида имзоланиши кутилмоқда.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар совуқлашганига 25 йил бўлмоқда. Душанбе томони тез-тез қўшни давлатни темир йўл ва автойўлларни ёпиб қўйишда айблаган. Ўз навбатида, расмий Тошкент Тожикистонда Роғун ГЭС қурилишига қаршилик қилган. Ўзбекистон ҳукумати ушбу сув иншооти қурилиши минтақадаги аграр хўжаликка таҳдид деб ҳисоблаб келган. 2001 йилда аввал Ўзбекистон, кўп ўтмай Тожикистон виза режими жорий этганди.

Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Мирзиёев ташқи сиёсатда қўшнилар билан муносабатларни яхшилашни устивор вазифа сифатида қўйди ва чегаралардаги вазият яхшилана бошланди.

Туркманистон президенти мамлакат Миллий хавфсизлик кенгашининг биринчи йиғилишида  Туркманистон ҳарбий доктринаси бутунлай мудофаа мақсадига ҳамда  мамлакат територияси яхлитлигини ҳимоя қилишга қаратилганини баён қилди.

Форс ахборот агентлигининг хабар қилишича, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов  янги милодий йилда мамлакат Миллий хавфсизлик кенгашининг биринчи йиғилишида  қўшни мамлакатлар билан бу мамлакат  чегараларини қўриқлаш масалаларига доир Туркманистон чегара кучлари бош қўмондонлигига хитобан деди:  чегара кучлари зиммасига буюк бир масъулият топширилган, аниқ вазифаларни бажариш билан бирга чегараларни  ҳимоя қилиш ва қўриқлашда ҳам сезгирлик ва ҳушёрликни риоя қилиш даркор.

Туркманистон президенти, жумладан,  мамлакат чегараларини ҳимоя қилиш ва қўриқлашга ишонч билдириш чегарачиларнинг энг муҳим масъулияти ва вазифаси эканлигига тўхталиб, бугунги кунда  қуролли кучларимиз Туркманистон халқининг асосий ҳимоячилари эканлигини илова этди.

Бердимуҳаммедов Туркманистон ҳарбий доктринасининг стратегияси  бутунлай  хавфсизликни сақлаш, мамлакат  територияси яхлитлигини ҳимоя қилиш ҳамда мудофаа мақсадига қаратилганлигини маълум қилди.

Унга кўра, Ашхобод давлати келажакда ҳам  чегара кучлари, ҳуқуқ -тартибот  органлари ва қуролли кучларини янги ва замонавий қурол- яроқлар билан жиҳозлантиришни давом эттиради.

Қирғизистон диний ишлар комиссияси раиси диний дарс олишга қизиқувчиларни норасмий ва тегишли рухсат олмай фаолият юритаётган мадрасаларда ўқимасликлари ҳақида огоҳлантирди. 

Форс ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Исо Кубай Морисбек  ўтган сешанба  куни  қилган чиқишида, Қирғизистон жанубидаги вилоятда 6 та диний муассасанинг ёпилганига ишора қилиб, диний илмларни ўрганмоқчи бўлган қизиқувчиларни шу каби диний таълим марказларига қатнамасликларини сўради. 

Қирғизистон диний ишлар комиссияси раиси Исо Кубай Морисбек ўз нутқида жаҳонда ва минтақада экстремизмга нисбатан мойилликлар кенгайиб бораётгани ҳақида таъкидлаб ўтди. 

Қирғизистонга оид бошқа хабаримиз шундан иборатки,  Молия вазирлиги мамлакатнинг хорижий ва ички ташкилотлардан қарзи 4 миллиард 444 миллион долларга етганлиги ҳақида хабар берди.

Форс ахборот агентлигининг хабарига кӯра, Қирғизистон Молия вазирлиги  ӯтган йил ноябр ойининг охиригача мамлакатнинг хорижий ва ички ташкилотлардан қарзи 4 миллиард 444 миллион 68 минг долларга етганлигини   маълум қилди. Аниқлик киритилишича, бу маблағнинг 4 миллиард 15 миллион 22 минг доллари ташқи қарз, 429 миллион 46 минг доллари эса ички қарзни ташкил этади.

Қирғизистон қарзларининг кӯп қисми Хитой банкларига тӯғри келади. Мамлакатнинг Хитойдан қарзи бир миллиард 669 миллион 81 минг доллардан иборат. Бу эса Қирғизистон хорижий қарзларининг 41.6 фоизини ташкил этади.

        Қозоғистон ва Қирғизистон Евроосиё иқтисодий иттифоқининг энг кам иш ҳақи оладиган мамлакатлари ҳисобланади.Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларининг марказий банки ва статистика комитети тарқатган хабарга кўра, Қозоғистон ва Қирғизистон республикаси ушбу иттифоққа аъзо давлатлар ичидаги энг кам ойлик иш ҳақи оладиган мамлакатлар ҳисобланади. 

Форс ахборот агентлигининг ушбу хабарга таяниб хабар қилишича, Қозоғистонда 2018 йилда ойлик маош 14 фоизга ошиб, 24 минг 459 тангадан 28 минг 284 тангага етган. Аммо, шунга қарамай Қозоғистон фуқароларининг энг кам даромадлари Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар ичида энг кам даромадга эга эканлиги маълум бўлди ва ҳатто ушбу мезон 100 доллардан ҳам кам экан.

Қирғизистонда эса энг кам даромад 17 доллар бўлиб, Қозоғистондаги ойлик иш ҳақининг энг камидан ҳам камроқни ташкил этияпти. Россия аҳолисининг ойлик маоши эса 164 доллар бўлиб, Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатлар орасида энг юқориси ҳисобланади.      

Қадрли тингловчилар, “Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.

 

 

Ёрлиқ