август 22, 2016 10:09 Asia/Tashkent

Ўзбекистоннинг муҳим хабарлари

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда.Унда ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида сизга маълумот берамиз. Бизни тинглаб боринг.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳлари билан танишинг:

1.Шимолий Корея Ўзбекистондаги  элчихонасини ёпди;

2. Қирғизистон чегараси  яқинида ўзбекистонлик милиционер қўлга олинган;

3. “Ўзбекистонда сув ресурсларини миллий бошқариш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича Швецария билан шартнома имзоланди;

4. Ўзбекистонлик 5 нафар ёш математик халқаро мусобақада совриндор бўлди.

Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

Шимолий Корея давлати собиқ шўролар Иттифоқини парчаланишидан кейин мустақилликка эришган мамлакатларда сиёсий фаолиятлари тизилмасида ўзгартиришлар киритиш ва бу масалани қайта кўриб чиқиш қарорига келганлиги туфайли Ўзбекистондаги ўз элчихонасини ёпганлигини маълум қилди.

ИРНА тарқатган хабарга кўра, шу ҳолда Жанубий Кореянинг Ютҳоб ахборот агентлиги тарқатган хабарида  Шимолий Корея халқаро миқёсида изоляцияда бўлгани сабаб ушбу қарорга келганлигини таъкидлаб, Пхенян давлати кўплаб мамлакатлар билан сиёсий ҳамкорликларини камайтирган ва Ўзбекистондаги бу мамлакат элчихонаси фаолиятини тўхтатилганлигини ҳам айни шу нуқтаи назардан баҳолаш мумкин деб, аниқлик киритди.

Айтиш керакки Шимолий Корея 1998 чи йили ҳам Қозоғистондаги ўз элчихонаси фаолиятини тўхтатиш қарорига келганди.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораси ходимининг қўлга олиниши юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Ола-Буқа туманида Қирғизистон чегарасидан ноқонуний ўтган ўзбек милиционери қўлга олинди. Бу маълумотни Қирғизистон бош вазирининг ўринбосари Женишбек Разақов Sputnik Кыргызстан мухбири билан суҳбатда тасдиқлади. Ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда, бош вазир ўринбосари бошқа маълумот бермади. У шунингдек, мазкур ҳолатнинг Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлган “Чаён” махсус хизмати ҳақидаги маълумот билан боғлиқлигини на тасдиқлади, на инкор қилди. Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари илгарироқ ўз манбаларига таянган ҳолда 13 август куни Қирғизистоннинг “Чаён” махсус хизмати ҳарбийлари қирғиз-ўзбек чегарасидаги “Дамба-5” постига келишгани, ўзбек милиционерларига “бу ҳудуд Қирғизистонга тегишли эканини айтишгани ва сув омборига киришга уринишгани” ҳақида ёзишганди. Рад жавобини олган “Чаён” ҳарбийси ўзбек милиционерларини қўрқитиш ва уларни қочишга мажбур қилиш учун автоматидан ерга ўқ узган, деб таъкидлади Наманган вилояти ИИБдаги манба.

Ўзбекистон томони бир нафар милиционер ушланиб Қирғизистон ҳудудига олиб ўтиб кетилгани ҳақида баёнот берди. Қирғизистон қуролли кучлари бош штаби бу маълумотлар инкор қилди ва “уйдирма” деб атади. Кейинроқ қатор қирғиз ОАВларида ўзбек милиционерлари Қирғизистон ҳудудига ноқонуний равишда ўтишгани ҳақида маълумот пайдо бўлди.

Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида жорий йилнинг 16 август куни “Ўзбекистонда сув ресурсларини миллий бошқариш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳукуматлараро келишув имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон республикаси қишлов ва сув хўжалиги вазирлиги сайтида маълум қилинган.

Швейцария Конфедерацияси томонидан молиялаштирилаётган, умумий қиймати 2,66 миллион АҚШ долларини ташкил қиладиган мазкур грант лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда 2016-2018 йиллар мобайнида амалга оширилади.

Лойиҳа тўртта: сув ресурларини бошқариш стратегиясини ишлаб чиқиш ва соҳадаги қонунчиликни такомиллаштиришга кўмаклашиш; сув хўжалиги ташкилотларининг институционал салоҳиятини ошириш; сув бўйича маълумотлар базасини яратишга кўмаклашиш; Шоҳимардонсой ҳавзасида аҳолини сел келиш хавфидан эртароқ огоҳ этувчи тизимни ўрнатиш йўналишларида амалга оширилади.

Ҳукуматлараро келишувни Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Шавкат Ҳамроев ҳамда Швейцариянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчисининг ўринбосари Тьерри Умбер имзолаган.

Ўзбекистонлик 5 нафар ёш математик халқаро мусобақада совриндор бўлди

13-14-август кунлари Сингапурда математика бўйича халқаро мусобақа (Singapore International Math Olympiad Challenge, SIMOC-2016) бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Жаҳон» АА хабарга таяниб Кун уз сайти хабар берди.

Мазкур мусобақаларда дунёнинг турли бурчакларидаги мактабларда таҳсил оладиган 780 нафар ёш математика билимдонлари қатнашди. Гуруҳларга бўлинган саралаш босқичида иштирокчилар ребус ва математикадан вазифалар ечишди. Дастлабки саралашдан сўнг ўз билими даражаси билан бошқалардан ажралиб турадиган ўқувчилар финал босқичида қатнашди. Унинг якунлари бўйича эса ўқувчиларнинг ёшларига қараб мусобақа ғолиблари аниқланди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг 5 нафар вакили SIMOC-2016 ғолиблари қаторидан жой олиб, олтин медаль нишондори бўлишди - Абдураҳим Орипов, Муҳаммадамин Раҳмонбердиев, Абдулла Ғайратуллаев, Марина Тен ва Владислав Галперин - буюк математик бобокалонларига муносиб фарзанд эканликларини намоён этишди. Бундан ташқари, Ал-Хоразмий юртининг бошқа ўқувчилари кумуш, бронза ва жамоавий мукофотларга ҳам сазовор бўлишган.

Ғолибларни тақдирлаш маросимида Сингапур Республикаси коммуникация ва ахборот вазири Чи Хонг Тат фахрий меҳмон сифатида иштирок этди. У ўзининг табрик нутқида ушбу олимпиадада ўзбекистонлик ёш математиклар фаол қатнашганини қайд этар экан, улар бундан ҳам юксак чўққиларни забт этишларида муваффақиятлар тилади.

Ўз навбатида, Сингапур Халқаро математика мусобақаларини ўтказиш марказининг ижрочи директори Генри Онг ҳам ўзбекистонлик олимпиада иштирокчиларининг тайёргарлигига юқори баҳо берди.

"Ушбу мусобақаларда ўзбек ўқувчиларининг муносиб қатнашгани ва юқори ўринларни эгаллашгани Ўзбекистонда амал қилаётган таълим тизимининг самарадор эканлигини яққол тасдиқлайди. Мамлакатингиз бўйлаб сафарларим чоғида бу соҳага қанчалик катта эътибор қаратилаётганига бевосита гувоҳ бўлганман. Ўзбекистон раҳбариятининг бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлари ўзининг ижобий натижаларини бераётганини кўрмоқдамиз. Ушбу муқаддас замин фарзандлари бундан кейин ҳам юқори натижаларга эришишига умид қиламан", деган у.

Қадрли тингловчилар, “Ўзбекистон ҳафта давомида” рукни остидаги эшиттириш шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.