Мавлавий жаҳон кезади
Тасаввуф исломнинг ботиний жиҳатларини қамраб олиб, унинг бош ғояси Аллоҳ таолонинг ризолигига эришиш учун нафсни поклаб гўзал ахлоқ соҳиби бўлишга интилмоқ, яъни Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) хулқи билан ахлоқланишдир. Қуръони карим ва ҳадиси шарифга таянган тасаввуф ислом илм-фани ва маданиятидан муносиб ўрин олган Жалолиддин Румий учун ҳам маънавий етуклик пиллапояси бўлиб хизмат қилган.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан Асаалому алайкум, азиз тингловчилар! “Мавлавий жаҳон кезади” туркум эшиттириши навбатдаги сонини Эрон Ислом Жумҳурияти ӯзбек тилидаги радиосидан ҳузурингизга тақдим этамиз. Дастурни мен, Рахшона олиб бораман. Эшиттиришимиз якунига қадар биз билан бирга бӯласиз деган умиддамиз.
Шуҳрати бутун дунёга тарқалган форс адабиётида Мавлоно Жалолиддин Румий ўзига хос мавқега эга.Унинг " Маънавий Маснавий " асари шеърият муҳиб ва ухлисларининг кўнгил мулкига айланган.
Тасаввуф исломнинг ботиний жиҳатларини қамраб олиб, унинг бош ғояси Аллоҳ таолонинг ризолигига эришиш учун нафсни поклаб гўзал ахлоқ соҳиби бўлишга интилмоқ, яъни Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) хулқи билан ахлоқланишдир. Қуръони карим ва ҳадиси шарифга таянган тасаввуф ислом илм-фани ва маданиятидан муносиб ўрин олган Жалолиддин Румий учун ҳам маънавий етуклик пиллапояси бўлиб хизмат қилган. Мавлоно Румий шахсияти ва ижоди борасидаги тадқиқотларда Мавлоно фикр ва ақида жиҳатдан Қуръонга таянганлиги уқтирилади. Хусусан, Мавлоно Румийнинг «Маснавий” асари ҳақида олимлар шуендай фикрларни билдиришган:
"Маснавий" да бир неча юз ҳикоят ва ривоятлар келтирилган. Қуръони каримнинг юзлаб ояти тилга олиниб, тафсир этилган, 690 ҳадисга румиёна шарҳ берилган. Кўз олдимизда ҳам Калом илмининг улуғ билимдони, ҳам тасаввуф таълимотини сарбаланд чўққига олиб чиққан ориф инсон, ҳам муқтадир даҳо шоир гавдаланади.
Оддий латифалар, ҳикоятлардан Румий фавқулодда фалсафий сўфиёна маънолар чиқаради, теран доирадан доирага, даражадан даражага кўтарилиб боради ва ана шу маъноларни изчил бизга тушунтиради.
Ҳақиқатан ҳам Мавлоно Румийнинг барча асарлари ислом динининг моҳияти асосида ёзилган бўлиб, олам ва одам моҳиятининг маънавий сир-асрорларидан воқиф қилади. Мутафаккир инсоннинг бу дунёдаги аҳволи, руҳияти хусусида таъкидлаб шундай фикрларни билдиради: «Инсонда шу қадар улкан ишқ, ҳирс, орзу ва дард бордирки, юз мингларча олам ўзиники бўлса ҳам, кўнгли тинчимайди. У ишда, санъатда, илму нужумда, ҳакимликда машғул. Бироқ буларнинг ҳеч биридан ҳузур тополмайди. Чунки истаган нарсасини қўлга киритолмаган. Ёр дилором, яъни кўнгилни тинчлантирувчи демакдир. Шундай экан, кўнгил бошқа нима билан қандай хотиржам бўлсин? Завқ ва орзулар зинапояга ўхшайди. Зинапоялар ўтириб дам олишга мослашмаган, аксинча усти босиб ўтилади, холос. Умрни шу зиналарда беҳуда ўтказмаслик учун ғофилликдан тез уйғонган ва аҳволининг моҳиятини англаб етган зот қандай бахтли.
Бундан кўринадики, Мавлононинг мақсади инсонни ғофилликдан уйғотиб, ўз моҳиятини теран англашга ундаш, унинг фақат моддият асири бўлиб қолмаслиги ва ҳақиқий илм ва ҳикматнинг боши бўлган Аллоҳни танишга, Унинг жамолига мушарраф бўлишга чақиришдир. Бунинг учун инсон вужудидаги ҳайвонийлик сифати мағлуб бўлиб, инсонийлик сифати зуҳур этилиши керак бўлади.
Қадрли тингловчилар! Сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган Эрон ислом Жумҳуриятининг ӯзбек тилидаги халқаро радиосидан “Мавлавий жаҳон кезади” туркум эшиттириши навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Радиомизнинг интернет сайти Pars Today.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эшиттиришнинг матнини ӯқиш ва садосини тинглаш имконига эгасиз. Радиомизнинг электрон манзили uzbek@Pars Today .сom
Мавлононинг тасаввуфий қарашлари инсоннинг тақдири, ҳаётдаги мақсади, асли ва аслиятига қайтишлик, Аллоҳни танишга бўлган интилишларга йўналтирилган эди. Мавлоно инсоннинг қалб дунёсидаги хазинани кашф этди. Инсонийлик хамирини пиширди ва инсонийлик жавҳарига ишлов берди.
Шу билан бирга ислом тасаввуфи моҳиятини башариятга ўзининг илоҳий ишққа йўғрилган сатрлари билан англатишга ҳаракат қилди ва бу борада беқиёс муваффақиятлар қозонди. У тасаввуфни ишқ йўли эканлигини ўзига хос мажозий маъноларга бой ирфоний шеърияти билан тушунтирди.
Маълумки, тасаввуфда илоҳий ишқ масаласи муҳим аҳамият касб этади. Ислом маданиятининг маънавий хусусиятларини ўзида мужассамлаштирган тасаввуф шеърияти асосида ҳам айнан илоҳий ишқ ётади.
Мавлоно Румий ҳам ўз ижоди билан илоҳий ишқ масаласига эътибор бериб, унинг диний-тасаввуфий маъноларини очиб берди. Мавлоно дунёвий ишқни эмас, ҳақиқий ишқни англатган.
Ҳурматли тингловчилар! “Мавлавий жаҳон кезади” туркум эшиттириши навбатдаги сони шу ерда ӯз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Аллоҳ ёру мададкорингиз бӯлсин.