март 25, 2018 12:34 Asia/Tashkent
  • Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнидаги туркум эшиттиришнинг янги сони эфирда.Унда ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида сизга маълумот берамиз.

 

  1. Шавкат Мирзиёев ўзбек халқини Наврўз билан табриклади
  2. Путин Ўзбекистонга келади
  3. Ўзбекистон ва Тожикистон тўртта автобус йўналишини ишга туширишни режалаштирмоқда
  4. Тожикистон парламенти Ӯзбекистон билан виза масаласидаги келишувни ратификатсия қилди.
  5. Туркманистондаги сайловда Ўзбекистондан халқаро кузатувчилар иштирок этади
  6. «Маданият ва маърифат» телеканалида 4та исломий кўрсатув эфирга узатилади
  7. АҚШ Суриядаги ўзбек жангариларини "қора рўйхат"га киритди
  8. Тошкентни титратган прокурор терговда

Энди энг муҳиммавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги «Ўзэкспомарказ»да ташкил этилган байрам сайлида иштирок этди ва ўзбек халқини Наврўз умумхалқ байрами билан табриклади.

«Далаларимизда, узоқ-узоқ қишлоқларимизда халқимиз Наврўзи оламни, уйғониш, яшариш байрамини катта тантана билан кутиб олмоқда. Албатта, жонажон ватанимизда бўлаётган ўзгаришлар, қабул қилган стратегиямизнинг энг катта маъно-мазмуни шу халқимизни рози қилишдир.

Бугун албатта байрамни катта сайил тарзида ўтказганимиз бежиз эмас. Қишдан чиққан халқимиз баҳорий байрамни катта хурсандчилик, шукроналик билан кутиб олмоқда.

Вилоятларимизни айланиб чиққанимизда оқсоқолларимиз, мунис оналаримиз, сингилларимиз, фарзандларимизнинг кайфиятлари ҳаммамизга куч бағишлади.

Деҳқонларимиз, чигит қадаётган фермерларимиз, далаларда ишлаётган меҳнаткашларимизга қут-барака тилаймиз. Уларнинг қилган дуолари юртимизга тўкин-сочинлик олиб келсин.

Жонажон ватанимизда кўп миллатли халқимиз миллатидан, тилидан, динидан қатъи назар бир оила бўлиб яшамоқда. Илойим кўз тегмасин, илойим халқимизнинг ҳамма ниятлари амалга ошсин, халқимизнинг энг катта мақсади - юртимизда тинчлик бўлсин, юртимизга кўз тегмасин. Яна бир марта сизларни Наврўзи олам билан табриклайман. Саломат бўлинглар!», деди президент.

Хххххххххххххх

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия раҳбари Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар қилди президент матбуот-хизмати.

Мирзиёев Путинни 18 март куни бўлиб ўтган Россия Федерацияси президенти сайловида эришган ишончли ғалабаси билан табриклади.

Сайлов натижалари Владимир Путин раҳбарлигида жамиятни бирлаштириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, иқтисодиёт, инфратузилма ва давлат бошқарувини модернизация қилиш, давлат суверенитетини қатъий ҳимоя қилиш ва мамлакатнинг жаҳонда муҳим ўрин тутган давлат сифатидаги ролини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ҳар томонлама ўйланган сиёсатга Россия халқи томонидан улкан ишонч билдирилаётгани ва ниҳоятда кенг қўллаб-қувватланаётганини яна бир бор намойиш этгани алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон ва Россия ўртасида дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари жадал ривожланиб бораётгани чуқур мамнуният билан қайд этилди.

Мирзиёев ва Путин икки томонлама шерикликни янада кенгайтириш масалалари, шунингдек минтақавий ва халқаро сиёсатнинг қатор долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Суҳбат якунида Шавкат Мирзиёев Владимир Путинни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга таклиф этди.

Таъкидланишича, Путин самимий қутлов ва тилаклар учун чуқур миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонга ташриф билан келиш таклифини мамнуният билан қабул қилган.

Ххххххххххххххххххххх

Тожикистон парламенти Ӯзбекистон билан виза масаласидаги келишувни ратификатсия қилди.

Бу ҳақда Тошкент шаҳридаги ҳамкоримиз Маҳмула Муҳаммадкарим қизи хабар беради.

хххххххххххххх

Ўзбекистон ва Тожикистон бу йил камида тўртта автобус йўналишини ишга туширишни режалаштирмоқда, деб ёзмоқда, "Подробно.уз".

Таъкидланишича, бундай имконият Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи чоғида икки мамлакат ҳукуматлари томонидан имзоланган халқаро автомобиль қатнови тўғрисидаги битим шарофати билан юзага келган.

«Биз бу йил Термиз ва Душанбе, Тошкент ва Хўжанд, Фарғона ва Хўжанд, Самарқанд ва Панжикент шаҳарлари ўртасида мунтазам автобус қатновини ишга туширишни, шунингдек, Ўзбекистон ва Тожикистонни боғловчи бошқа қатор йўналишларни очишни режалаштирмоқдамиз», — деди Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги бошлиғи ўринбосари Шоолим Шоваҳобов.

Ххххххххххххххххххххх

Куни кеча «Маданият ва маърифат» телеканалида Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда тўртта янги исломий кўрсатув эфирга узатилиши вақтлари тасдиқланди. Бу ҳақда Ислом.уз портали хабар берган.

 

Аниқланишича, «Сўраган эдингиз» кўрсатуви мазкур телеканал орқали эфирга узатилади. Бошланиш вақти эса сешанба, соат 18-00 этиб белгиланган. Хабарда айтилишича, кўрсатув ҳафтанинг ҳар сешанба кунлари мунтазам давом этиб боради. Телетомошабинлар учун кечки ва эртаси кундузги дастурларда такроран намойиш этилиши режалаштирилган.

Шунингдек, «Қуръонни ўрганамиз» кўрсатуви чоршанба куни, соат 18-00 «Маданият ва маърифат» телеканалида эфирга узатилади. Ушбу кўрсатув ҳам чоршанба кунлари доимий равишда давом этиши назарда тутилган.

Бундан ташқари, «Олтин силсила» кўрсатуви пайшанба кунлари, соат 18-00 да, «Битиклар мутолааси» кўрсатуви эса   шанба кунлари, соат 18-00 телетомошабинларга ҳавола этилади.

Хххххххххххххх

Тошкент шаҳар прокурорининг коррупция ва иқтисодий жиноятлар бўйича собиқ ўринбосари, «Антибиотик» лақабли адлия маслаҳатчиси Мирағлам Мирзаев ва унга яқин бўлган бошқа прокурорлар айни вақтда тергов қилинмоқда.

Бу ҳақдаги хабарлар Бош прокуратура томонидан тасдиқланди. «Бош прокуратура томонидан Р.Қодировга нисбатан ўтказилаётган жиноят иши тергови доирасида Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ биринчи ўринбосари М.А.Мирзаев, унинг турмуш ўртоғи М.Х.Мирзаева, ўғли А.М.Мирзаев иштирокида жуда кўп миқдорда пора олиш, бошқа мансабдорлик жиноятларини содир этганлик ҳолатлари юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Февраль ойи охирида ОАВда Рашид Қодиров кўрсатмаларидан кейин адлия маслаҳатчиси Мирағлам Мирзаев, унинг турмуш ўртоғи, «Юнусобод адвокатлар коллегияси» раҳбари Муҳаббат Ҳасанова, уларнинг ўғли, МХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси собиқ бошлиғи Абдурашид Мирзаев, Мирағлам Мирзаевнинг жияни (Миръазам Мирзаевнинг ўғли), МХХ Тошкент вилоят бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва ууюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси бошлиғи Мансур Мирзаев қўлга олиниб, уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 210-моддаси (Пора олиш) бўйича жиноят иши очилгани айтилганди.

Мирағлам Мирзаев халқ орасида «Тошкентнинг темир прокурори» дея ном олган.