Биз ва тингловчи
Интернетдан фойдаланиш одоблари
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
"Биз ва тингловчи" номланган ҳафталик эшиттиришнинг навбатдаги сони яна эфирда. Айрим мухлисларимизнинг талабларига биноан бугунги суҳбатимиз ҳам “Интернетдан фойдаланиш одоблари” мавзуси борасида сўз юритамиз. Бизни тинглаб борасиз деган умиддамиз.
Олдинги суҳбатимизда таъкидлаб ўтганимздек,
интернетда фойдали маълумотлар билан бир қаторда зарарли, бузуқ маълумотлар ҳам тарқалмоқда. Ақидага путур етказувчи, фоҳишабозлик ва беҳаёликни тарғиб қилувчи, ахлоқсизликни тарқатувчи ва шунга ўхшаш инсон зотига ор келтирувчи ишларни тарғиб қиладиган сайтлар кўпайиб бормоқда. Баъзи одамлар интернет орқали бир-бирига туҳмат қилмоқда, ҳақоратлаб сўкишмоқда, бир-бирини шарманда қилмоқда ва ҳоказолар. Айнан интернет орқали нафақат ахлоқий бузуқликлар, балки сиёсий, ижтимоий, молиявий, илмий ва бошқа кўпгина соҳаларда ҳам жиноятлар содир этилмоқда.
Албатта, интернет нисбатан яқинда пайдо бўлган восита эканидан олдинлари мусулмон уламоларнинг бу масалани хаёлларига келтиришлари ҳам мумкин эмасди. Ҳозир эса интернет ва унга боғлиқ масалалар замонамизнинг мусулмон уламолари олдига тегишли муаммоларни кўндаланг қилмоқда. Бу масалалар қанчалик тез ҳал қилинса, шунчалик яхши бўлиши ойдин бўлиб турибди.
Ақлли инсонлар ҳар доим барча имкониятлардан мукаммал фойдаланиш ва бу йўлда бўладиган зарарларни иложи борича даф этишга интиладилар. Барча ишларда бўлганидек, ундан фойдаланишнинг ўзига хос қоидалари, шартлари ва одоблари мавжуд. Уларга риоя этиш билан мақсадга тезроқ ва сифатлироқ эришиш мумкин. Акс ҳолда, унинг зарар ва офатлари кулфат келтириши тайин. Ёшларни чалғитувчи, эътиқод ва ақидага путур етказувчи, фаҳш ва ахлоқсизликни тарғиб қиладиган сайтлар кўпайиб бормоқда. Айрим кимсалар интернет орқали бир-бирига туҳмат қилмоқда, ҳақоратлаб сўкишмоқда, бир-бирини шарманда қилмоқда. Ҳатто у орқали сиёсий, ижтимоий, молиявий, илмий ва бошқа кўпгина соҳаларда ҳам жиноятлар содир этилмоқда. Қўпол қилиб айтганимизда, интернет мазкур қабоҳатларни амалга оширишни осонлаштирмоқда.
Ҳар нарсанинг қоида ва одоби бўлганидек, интернетдан ҳам фойдаланишнинг одоблари бор.
Биринчидан, ундан фойдаланмоқчи бўлган одам ниятни яхши қилган бўлиши керак. Фақат яхшиликни, рухсат берилган нарсаларга мувофиқ иш қилишни ният қилган одам фойда топади, кўзлаган мақсадига эришади. Интернетдан олган фойдасига қўшимча равишда, муқаддас динимиз таълимотларига кўра амал қилгани учун савоб ҳам олади. Зеро, мусулмон киши бир яхшиликни ният билан қилса, бир савоб олади, ўша ниятига амал қилганида эса, савоби ўн марта кўпаяди.
Иккинчидан, интернетга киришдан олдин вақтни зое қилмаслик учун умрининг қадрини эсда сақлаш, унинг ҳар лаҳзаси ҳисобли эканини унутмаслик зарур. Айнан бу ҳис-туйғу бўлмагани боис, кўпчилик унда вақтини, умрини зое қилмоқда.
Узоқ вақт, муттасил интернетда ўтирганлар, айниқса, болалар турли касалликларга чалинмоқда. Унутманг, инсон соғлиғига ўзи масъул. Қиёмат кунида ҳар бир аъзоимиз қилган ишининг ҳисобини беради.
Интернетдан фойдаланишда сайт эгаларининг маънавий-маърифий ҳуқуқларига тўла риоя қилиш чин маънодаги инсоний ишлардандир. Булар жумласига пул тўлаб кириш лозим бўлган сайтларга ҳақ тўламасдан ўғринча кириш, кўчириб олиш, рухсат берилмаган нарсаларни кўчириш, кўчирганда манбасини кўрсатмаслик каби ишлар киради. Бу ишлар барчаси гуноҳ ҳисобланади. Чунки бу бировнинг маърифий-маънавий мулкини талон-тарож қилишдан иборатдир.
Қадрли мухлислар, сиз ўзингизнинг дастурингиз бўлган “Биз ва тингловчи” рукни остидаги ҳафталик эшиттиришининг янги сонини тинглаяпсиз.
Эслатиб ўтамиз, сиз ушбу эшиттиришлар орқали фикр- мулоҳаза ҳамда таклиф ва танқидларингизни радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com / uz ва электрон манзилимиз uzbek@ ParsToday.com ҳамда мобайл апликешн орқали бизга юборишингиз мумкин.
Биз билан ушбу телефон рақами орқали ҳам боғланишингиз мумкин:+98939736 25 45 Машҳад шаҳри,
Қўнғироқларингизни кутиб қоламиз.
Эшиттиришимиз давом этади.
Учинчидан, интернет орқали ўзгалар билан алоқа боғлашда “яхшилик ва эзгулик йўлида ҳамкор бўлиб, ёмонлик ва душманликдан воз кечиш” шиори бўлиши зарур. Зотан, инсон дунёни, ҳаётини чиройли ва обод этишга интилар экан, барча соҳаларда ушбу шиорга доимо амал қилса, иншааллоҳ, мақсадига етади, ажру савобга эришади.
Ишхоналарда ва бошқа бирор шахснинг интернетидан рухсатсиз фойдаланиш мумкин эмас. Баъзи кишилар ишхонанинг интернетида ўз шахсий манфаатлари учун фойдаланишни ўзларига эп кўришади. Бунда икки тарафлама мулоҳаза қилинадиган иш содир бўлади. Биринчиси, ишхонанинг интернетга тўлайдиган маблағи шахсий манфаатлари учун сарфланади. Иккинчиси, ишхонанинг ишини бажариш ўрнига шахсий ишларини қилган бўлади.
Тўртинчидан, болаларнинг интернет ва компютерлардан фойдаланишини назорат қилиш лозим. Аввало, болаларни катталар рухсатисиз ёхуд уларнинг назоратисиз интернетдан фойдаланишини ман этиш лозим.
Бу одоблар интернетдан унумли, маъноли ишлатиш учун зарурий бўлган одоблар ҳисобланиб, ундан оқилона фойдалансак, ҳаётимизга татбиқ этсак, нур устига нур бўлади.
Ушбу суҳбатда Ислом.ўз сайтида чоп этилган мақоладан фойдаланилди.
Ҳозир эса радиомиз сайтининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида чоп этилган муҳим янгиликлар билан сизни ҳамкоримиз Абдуллоҳ Зуҳур таништирадилар.
Ҳамкоримиз Абдуллоҳ Зуҳурнинг суҳбатлари эди.
Энди эса радиомизнинг эшиттиришлари борасида сирдарёлик тингловчиларимиздан бири Шоҳжаҳон Бойназаровнинг билдирган фикрларини биргаликда тинглаймиз.
Тингловчимиз Шоҳжаҳон Бойназаровнинг билдирган фикрлари эди.
Қадрли мухлислар, "Биз ва тингловчи" рукни остидаги туркум эшиттириш билан ҳамкорликни янада фаоллаштирасиз деган умиддамиз. Бундан кейин ҳам Эрон радиоси орқали эфирга узатилаётган эшиттиришлар борасида қимматли маслаҳатларингизни бизга дариғ тутманг. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.